Ўзбекистонда амалдаги биометрик паспорт хорижга чиқиш ҳужжати сифатида тан олинмайди. Хорижга чиқиш учун алоҳида паспорт жорий этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази директори Нажмиддин Тўраходжаевнинг айтганларига таяниб, gazeta.uz хабар қилди.
Қуйида сайтнинг хабарини айнан келтирамиз:
2018 йилги Давлат дастури лойиҳасида миллий паспортни хорижга чиқиш паспорти сифатида тан олиш таклиф қилинган эди. Ҳужжатнинг тасдиқланган вариантидан ушбу банд олиб ташланди. Айни пайтда фуқаролик паспортини ID-карталар билан алмаштириш банди тасдиқланиб, жараён босқичма-босқич амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, хорижга чиқиш паспортларини жорий этишни 2019 йил 1 январдан бошлаш режалаштирилган. Паспорт 10 йил муддатга берилади. Бир вақтнинг ўзида икки йил муддатга берилувчи хорижга чиқиш стикерларини (овир) расмийлаштириш талаби бекор қилинди.
2019 йил 1 январдан сўнг виза режими мавжуд мамлакатларга чиқишда хорижга чиқиш муддати тугамаган миллий паспортлардан фойдаланиш мумкин. Виза талаб қилинмайдиган давлатларга чиқишда эса амалдаги паспортдан 2021 йил 1 январгача фойдаланиш мумкин.
Нажмиддин Тўраходжаев нима учун амалдаги паспорт хорижга чиқиш ҳужжати сифатида тан олинмагани бўйича «Газета.uz» саволига қуйидагича жавоб қайтарди:
«Чиқиш ҳужжатини расмийлаштириш тартиблари ички паспортни расмийлаштириш тартибларидан фарқ қилади. Бундан ташқари, хорижга чиқиш паспорти тузилиши ва саҳифалари сони билан ҳам фарқ қилади».
ID-карталарнинг жорий этилиши ҳақида сўзлар экан, Нажмиддин Тўраходжаев 20 мартгача идентификация карталарини босқичма-босқич жорий этишни кўзда тутган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилишини маълум қилди.
«Биз ID-карталар жорий этилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз, улар фойдаланиш учун қулай. Бироқ тегишли инфратузилмаларни яратиш учун бир оз муддат керак, технологик жараёнларни ҳисобга олиш лозим», — дея ойдинлик киритди у.
Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Нодиржон Жўраев «Газета.uz"га изоҳ берар экан, ID-карталар босқичма-босқич жорий этилишини тасдиқлади. Амалдаги фуқаролик паспортлари муддати тугаши билан шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида расмий ҳужжат бўлган идентификация карталари тақдим этилади.