16 май куни Тошкентнинг Чорсу бозорида 1 кило картошка 6 кун олдинги – 11 май кунги нархдан 1000 сўмга арзон - 6000-6500 сўмдан сотилди. Картошканинг 6 кунда 1000 сўмга арзонлагани тенденциями ёки шунчаки нарх тебранишими – хулоса қилиш учун нарх динамикасини узоқроқ муддат кузатиш керак бўлади.
Айни пайтда минтақадаги етакчи “картошкафуруш” мамлакат – Қирғизистонда ҳам бу маҳсулот кескин қимматлаб кетди. Қирғизистонлик бозорчилар ва мутахассисларга кўра, қимматчилик сабабларидан бири картошканинг бу мамлакатдан Ўзбекистонга чиқиб кетаётганидир.
Ўш бозори янгиликлари
Тошкентнинг Чорсу бозорида 1 кило картошка 7000-7500 сўмдан сотилган 11 май куни Қирғизистондаги мустақил “ЎшПирим” телеканали Ўш шаҳри бозорида картошка сўнгги 10 кунда 2 баробарга қимматлаб кетгани тўғрисида хабар қилди:
"11 май куни уруғлик картошканинг килоси 35 сўм, рўзғорбопи 50 сўмдан сотилди". (1 АҚШ доллари тақрибан 68 қирғиз сўмига тенг)
Телесюжет муаллифи деҳқонлар, савдогарлар ва мутахассисларнинг айтганларига таяниб, қимматчилик сабабларидан ("картошка ўтган йили жуда арзон бўлгани учун бу йил кам экилди; қиш чўзилиб кетгани учун чиллаки картошка пишиши кечикди".) бири сифатида қўшни Ўзбекистонда картошкага талаб кескин ошиб кетгани ҳақида гапирди.
"Халққа хизмат қилаётган" Ўзбекистон расмийлари
Савдогарлардан бири ТВ мухбирига “тонналаб картошка Ўзбекистонга кириб кетгани” тўғрисида айтаркан, Ўшда картошка икки баробар қимматлаб кетиши арафасидаги вазиятни тасвирлаб¸ бундай деди:
- Ўзбекистонда бу йил “халққа хизмат қилиш” деган масала бор экан. Биздан картошкани 20, 25, 30 сўмдан олиб, халқига 18 – 20 сотаяпти экан. Бир кишига 5 килодан ортиқ сотилмасмиш...
Қирғизистоннинг собиқ Қишлоқ хўжалик вазири нима деди?
Ўш бозоридаги картошкафурушнинг гапларидан реал фактдан кўра, узунқулоқ миш-мишлар анқиб турган бўлса, иқтисодиёт фанлари доктори, собиқ вазир Жумақадир Акенеев Озодлик билан суҳбатда конкрет рақамлар келтирди:
- Сўнгги бир ой ичида Қирғизистондан Тожикистон ва Ўзбекистонга 100 минг тонна атрофида картошка олиб чиқилди. Ва бу рақамнинг катта қисми Ўзбекистонга тўғри келади, деди Қирғизистоннинг собиқ Қишлоқ хўжалик вазири. Унинг айтишича, бу маълумотни у Қирғизистон Божхона хизматидан олган.
Айни пайтда, Тожикистонда шу кунда картошка Ўзбекистон ва Қирғизистондагидан анча арзон эканлигини, Душанбе бозорларида БИР кило картошка 50 цент атрофида сотилаётганини аниқладик.
Балки ўзбеклар ва қирғизлар картошкани кам экаётгандир?
Жумақадир Акенеевнинг айтишича, Қирғизистон минтақа мамлакатлари орасида энг кўп картошка етиштирадиган мамлакатдир. Бу мамлакат ўз эҳтиёжини 2,5 марта қоплашга етадиган картошка етиштиради:
- Қирғизистоннинг картошкага эҳтиёжи йилига 600 минг тоннадир. 2016 йилда 1,5 миллион тонна картошка етиштирилди. Ўзимиздан ортадиган картошкани одатда Қозоғистонга ва Тожикистонга сотамиз. Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳам озроқ сотиб ола бошлади, деди Қирғизистоннинг собиқ Қишлоқ хўжалик вазири.
Собиқ вазирининг фикрича, Ўзбекистон ўз эҳтиёжига яраша картошка етиштирмайди, чунки дала майдонларининг асосий қисмида пахта етиштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалигига таяниб эълон қилинган маълумотларга кўра, 2016 йили Ўзбекистонда 2,69 млн. тонна картошка етиштирилган.
Агар аҳолиси 6 млн. кишилик Қирғизистон учун, собиқ вазир айтганидай, 600 минг тонна картошка етарли бўлса, аҳолиси Қирғизистонникидан 5 марта кўп бўлган Ўзбекистон учун ҳам 2016 йили етиштирилган 2,69 млн. тонна картошка етарли бўлиши керак эдику?
Етарли бўлмагани учун қимматми картошка ёки бошқа бир сабаб борми?
Нархнинг ошиб кетганини иқтисодиёт доктори Жумақадир Акенеев бозор қонуниятлари билан изоҳлади:
- Бозорда картошка тақчиллиги йўқ. Гап талаб ва таклиф мутаносиблигида холос. Одамлар шу нархга олаяптими, демак, шу нархда сотаверишади.
Картошка нархи динамикаси
Озодлик Ўзбекистон картошка бозоридаги нархларни жорий йил февралидан буён мунтазам кузатиб келмоқда.
Январнинг охирида килоси 1000 сўмдан сотилган картошка 4 ойда 8 баробарга қимматлади. Майнинг дастлабки кунларида картошканинг килоси 8000 сўмгача чиқди.
Ҳа, айтганча, яна бир гап:
Қирғизистондаги мустақил “ЎшПирим” телеканалининг 11 май кунги сюжетида мухбир мана бу гап ҳам айтди:
- Бозорчиларнинг айтишича, бугун Ўшга Ўзбекистондан килоси 60 сўмдан янги картошка келган.
60 қирғиз сўми тақрибан 90 АҚШ центига тенг.