Андижонда 7-синф ўқувчиси, Наманганда 10-синф ўқувчиси ўзини осди

Иллюстратив сурат

Андижон вилояти Жалақудуқ туманида 7-синф ўқувчиси, Наманган шаҳрида эса 10-синф ўқувчиси уйида осилган холда топилди. Бу мактаб ўқувчиларининг ўзини осгани билан боғлиқ Озодлик аниқлаган кўпсонли холатлардир.

Наманган шаҳридаги 37-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси М.М. 4 март куни ўз уйининг узум токига осилган холда топилди.

Марҳумнинг маҳалладошларидан бири Озодликка бола мактабдан келиб ўзини осганини айтди.

- Кечки бешлар атрофида бўлди. Мактабдан келиб, ховлисидаги узум токига арқон бойлаб ўзини осган. Нимагалигини ҳеч ким билмайди. Бугун болани жаназаси ўқилди, - деди марҳумнинг маҳалладоши.

Қариндошларидан бири Озодликка болани мактабда кимдир хафа қилган бўлиши мумкинлигини иддао қилди.

Лекин, 37-сонли мактабнинг Озодлик суҳбатлашган ўқитувчиларидан бири бу иддаони кескин рад қилди.

- 4 март куни ҳамма дарсларни тўлиқ ўқиди. Уйига борганидан кейин шу ишни қилибди. Ҳеч ким уни хафа қилмаган, мен синф раҳбари билан бу ҳақда гаплашдим. Ўзи жуда одобли, аълочилардан эди. Ҳайронмиз нимага бунақа қилганига, - деди исми сир қолишини сўраган ўқитувчи.

Озодлик Наманган прокуратурасидан бу воқеага муносабат ололмади.

Айни пайтда 3 мартга ўтар кечаси Андижоннинг Жалақудуқ туманидаги 31-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси ўз уйида осилган холда топилди.

Тумандаги иқтидорли болалар ўқийдиган рус мактабининг ўқувчиси нимага ўз жонига қасд қилгани маълум эмас.

Туман халқ таълими бўлими мулозими бу ҳолат бўйича суриштирув ўтказилаётгани, натижалари маълум бўлганидан сўнг маълумот беришини айтди.

-Ҳозир бу бўйича текширув кетяпти. Натижалари маълум бўлмагунича ҳеч нарса айтолмайман, - деди Жалақудуқ тумани Халқ таълими бўлимининг мулозими.

Ўзбекистонда ёшлар, айниқса мактаб, коллеж ўқувчилари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда.

Ўтган уч ой давомида Озодликка билдирилган ана шундай саккизта воқеа ҳақида хабар берилди.

Уч ойда ўнта суицид

Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманидаги 13-умумтаълим мактабининг 10-синф қизбола ўқувчисининг жасади 26 февраль куни кечки пайт ўз уйида топилган. Бола ўзиини осгани ҳақида қариндошлари Озодликка хабар қилганди.

24 февраль куни Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридаги 11-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси ўз уйи айвони тўсинига осилган ҳолда топилди. 16 ёшли қизнинг ўз жонига қасд қилишга олиб келган сабаб ва мотивлар ҳозирча маълум эмас.

Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидаги 9-мактабнинг 11-синфида ўқийдиган бола 7 февраль куни уйидаги молхонада осилган ҳолда топилди.

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида коллеж ўқувчиси бўлган 17 ёшли қиз ўз уйида осилган холда топилди. 22 январ куни рўй берган ушбу ҳодиса ҳақида Озодликка марҳумнинг курсдошларидан бири 31 январь куни хабар қилди.

Қашқадарё вилояти, Ғузор туманининг 27-умумтаълим мактабининг 14 яшар ўқувчиси 17 январь куни уйининг молхонасида осилган ҳолда топилган.

15 январда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг 4-босқич талабаси осилган ҳолда топилди. Курсдошларининг Озодликка айтишича, талаба ўзини ўзи осган бўлиши мумкин.

Жиззах вилоят, Фориш туманидаги Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўғил бола ўқувчиси 6 январь куни осилган ҳолда топилган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган коллеж ўқитувчисининг айтишича, 28 декабрь куни 3-босқичда ўқийдиган яна бир ўқувчи - қиз бола осилган ҳолда топилган.

Президент ҳавотирда

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

2019 йил феврал ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари киритилди.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар уларга психиатрия ёрдами кўрсатилиши вақтида бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.

Янги таҳрирдаги “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилиб, унда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари функциялари ҳамда ваколатлари аниқ чегараланиши назарда тутилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.