Фарғона вилоятидаги Марғилон шаҳар касалхонасида сунъий нафас олиш қурилмасига уланган оғир беморлар, улар қариндошларининг иддаосича, кислород танқислиги туфайли азоб чекишмоқда.
Озодлик билан суҳбатлашган беморларнинг яқинлари касалхонада сунъий нафас берувчи аппаратларни тўлдириш учун кислород йўқлиги сабаб газ пайванд ишларида ишлатиладиган кислородни сотиб олиб беришаётганини айтишди.
Касалхона мулозими эса Озодликка бу иддаоларни рад этиб, беморларга кислород "оғир қийинчиликлар билан бўлса ҳам" етказиб берилаётганини айтди.
Касалхона реанимация бўлимида ўпка-юрак етишмовчилиги билан икки ҳафтадан буён оғир ётган 42 ёшли беморнинг қариндоши 17 апрель куни Озодликка кислород танқислиги боис ўлим хавфи остида қолаётгани ҳақида шикоят қилди.
- Реанимация бўлимида беморлар учун кислород берилмаяпти. Кислород йўқ, сабабини ҳеч ким билмайди. Ҳозир ўзимиз сваршиклардан чўнтагимиздан пул тўлаб, сотиб олиб беряпмиз. Давлат бюджетидан касалхонага кислород учун пул бериладику. Катта шаҳар больницасида кислород йўқ, қандай кунларга қолдик, - дейди беморнинг исми сир қолишини истаган қариндоши.
Марғилон касалхонасида ётган яна бир бемор шифохонада кислород танқислиги сурункали муаммо эканини айтади.
- Доим шунақа. Кислород у ёқда турсин, касалхонада дори ҳатто капелница ва шприц ҳам йўқ. Беморларнинг ўзлари олиб келади, - дейди бемор.
Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳар касалхонаси раҳбарларидан бири кислород етишмовчилиги ҳақидаги иддаоларни рад этди, беморларга кислород оғир қийинчиликлар билан бўлса ҳам етказиб берилаётганини айтди.
- Учта оғир беморимиз бор, ҳар бирига кунига тўртта баллондан кислород ишлатаяпмиз. Жуда қийинчилик билан бўлса ҳам кислородни олиб келиб беряпмиз,- деди шифохонанинг раҳбар ходимларидан бири.
Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган мулозими ҳам касалхоналарда кислород етишмовчилиги йўқлигини айтди, лекин логистика муаммоси сабаб кислород таъминотида узилиш бўлишини истисно қилмади.
- Касалхоналарни заправка қиладиган фирмалар билан шартномалари бор. Керакли эҳтиёжга яраша баллонлар тўлдирилади. Фақат уни ташиб олиб келиш қийин, кислород баллонлари оғир бўлади. Шунинг учун техника таъминотида баъзи ҳолатларда узилиш бўлиши мумкин, лекин ҳар бир касалхонада тўққизта, ўнтадан баллонлар бор, заҳираси тугамасдан ўрни тўлдириб турилади, - деди Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг исми очиқланмаслигини истаган мулозими.
Тошкентлик шифокор Рустам Ҳакимов аксар оғир касаллар учун кислород баллонларининг ҳаëт-мамот масаласи эканини айтади.
- Асосан ўсал ётган ёки кома холатида бўлган беморларга кислород сунъий нафас олдириш ускунаси ёрдамида берилади. Жарроҳлик амалиётлари пайти ҳам шу ускуна орқали беморга кислород берилади. Бундан ташқари нуқсонли туғилган чақалоқлар учун ҳам кислород муҳим. Агар кислород йўқ бўлса, бемор ўлади.
Ўзбекистоннинг айрим шифохоналарида электр таъминотидаги узилишлар сабаб, сунъий нафас олиш қурилмаси ишламай қолиб, беморларга қариндошлари қурилмани қўли билан сиқиб, кислород беришга мажбур бўлгани ҳақида Озодлик илгари хабар берган.
2017 йилнинг ноябр ойида эса қорақалпоғистонлик 59 яшар ўқитувчи электри ҳар куни узилиб турган Тўрткўл тумани касалхонасида 14 кун комада ётиб вафот этганди.