Пичоқ суякка тақалди. Шифокорларни ҳимоя қиладиган янги қонун нимага қабул қилинмай тўхтаб қолди?
Нимага Вазирлар Маҳкамаси регламентига асосан ушбу қонун лойиҳаси 7 кун ичида кўриб чиқилмаяпти?
Қонунчиликда муаммо йўқ бўлса нимага тиббиёт ходимлари ҳуқуқларининг поймол бўлиши ҳолатлари кўпайиб бормоқда?
Исми эълон қилинмаслигини сўраган андижонлик врачдан Озодликка келган мактуб шу саволлар билан бошланади. Хатнинг давомини ўқинг:
Нимага депутатлар жим?
Нимага касаба уюшмаси жим?
Нимага хотин-қизлар кўмитаси жим?
Нимага фақат Соғлиқни сақлаш вазири шуғулланиши керак бу иш билан?
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири бош прокурорга мурожаат қилди. Бугун беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан халққа тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ўз вазифасини ўтаётган тиббиёт ходимларига нисбатан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши, уларга тан жароҳатлари етказилиши энг оғриқли масалалардан бирига айланиб бормоқда, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
«Kun.uz» сайтида эълон қилинган «Қўшработда «Тез ёрдам» шифокори ва ҳайдовчисини маст «бемор» ва унинг яқини калтаклади» мақоласи бу иллатнинг жамиятимизда қанчалик илдиз отиб бораётганини яна бир бор кўрсатди.
Бундай нохуш ҳолатларни бартараф этиш учун барча куч-имкониятларимиздан фойдаланишимиз ва тиббиёт ходимига нисбатан бу каби муносабатни бутунлай ўзгартиришимиз зарур.
Шу сабабдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродов номига хат юборилиб, унда жорий йилнинг 7 март куни содир этилган ушбу нохуш ҳолат бўйича тегишли идоралар томонидан айни пайтга қадар қонуний тўхтамга келинмаганлиги кўрсатилиб, вазият назоратга олинишида амалий ёрдам сўралди, — дейди Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.
Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги маълумотларга кўра, 2017—2018 йиллар давомида 300 га яқин ҳолатда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига ноқонуний тажовуз қилиниши билан боғлиқ қонунбузарликлар содир этилган.
Биргина мисол, ўтган йили Олтиариқ туманида фуқаро М.М. тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун ўз вақтида (10 дақиқада) етиб келган шифокор Ш.С.га ўртача оғир даражадаги тан жароҳати етказган. Ваҳоланки, айни ҳолатда шифокор етиб борган пайтда бемор аллақачон вафот этган бўлган. Лекин мазкур ҳолатда шифокорнинг соғлиғига тиклаб бўлмас зарар етказган қонунбузар амалда ҳеч қандай жазо ўтамасдан қолиб кетди, яъни суд томонидан у шартли ҳукм қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамиятда фуқароларнинг шифокорларга тажовуз қилиш каби ҳолатларнинг кўпайиб кетаётганини ҳисобга олиб, ушбу иллатни олдини олишнинг энг самарали йўлларидан бири сифатида тиббиёт ходимига нисбатан содир этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун қатъий жавобгарликни кучайтириш лозим, деб ҳисоблайди.
Шу сабабдан жорий йилнинг 29 январида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўз хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига бемор ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши ёки уларга тан жароҳати етказилиши каби қилмишларни Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи 277-моддаси билан квалификация қилиш ҳамда ушбу ҳаракатларни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси тайёрланиб, жамоатчилик муҳокамаси учун Ўзбекистон Республикаси Normaтив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Шунингдек, жорий йил 5 февралдаги 19-01/19-сонли хат билан тегишли вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилди.
«Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартибига мувофиқ, манфаатдор органлар Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган 7 кунлик муддатда мазкур қонун лойиҳасини кўриб чиқиши ва узил-кесил келишиши (имзолаши) шарт эди.
Лекин айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ушбу масалада қонунчиликда муаммо йўқлигини айтиб, бугунги кунга қадар лойиҳага виза қўйиб бериш тартибини асоссиз равишда бузиб келмоқда. Шунинг учун 2019 йил 14 март куни ушбу идораларга 19-01/39-сонли қайта хат юборилиб, унда Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига амал қилган ҳолда лойиҳани узил-кесил келишиши (имзолаш) масаласини ҳал этиш сўралди», — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиев.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларни ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлардан асраш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида бундан буён ҳам тегишли чораларни қатъий кўриб боради.
Жумладан, юқорида қайд этилган, Қўшработда «тез ёрдам» шифокори ва ҳайдовчисини маст «бемор» ва унинг яқини калтаклади» мақоласидаги ҳолат ҳам вазирлик диққат марказида бўлиб, ҳуқуқ-тартибот органларидан ушбу вазият юзасидан тегишли чоралар кўришини сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.
Ёки қонун қабул қилинсин ёки йўқ деган жавоб берилсин!