Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ фарғоналик хизматчилари¸ ўзларининг ойлардан бери бирор кун дам олмасдан ишлашга мажбур бўлаëтганларини билдирди.
Ишсиз қолишдан чўчиб Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гапирган МИБ ходимлари¸ 8 март – расмий байрам куни ҳам уйма-уй юриб¸ коммунал тўловлар учун қарз ундиришга мажбурлангани ва одамлардан ҳақорат ва қарғиш эшитганини маълум қилди.
МИБ матбуот хизмати бу шикоят юзасидан Озодликка юборган жавобида¸ “истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида “ якшанба кунлари ҳам ишланаëтганини эътироф қилди. Аммо “ходимларнинг шанба ва якшанба кунлари ишлаши фақатгина уларнинг розилиги асосида амалга оширилиши мумкин”лигини қўшимча қилди.
“8 март куни байрам ўрнига, ҳақорат”
Озодликка гапирган МИБ ходимлари ўзларининг Фарғона вилояти ҳудудида ишлаëтганини билдирган ҳолда¸ МИБ хизматчиларининг аҳволи бутун Ўзбекистон бўйлаб айни эканини таъкидлади.
“МИБ учун 8 март санаси ҳам иш куни. Шанба-якшанба шундоқ ҳам иш кунига айланган¸ унисига чидаб келаëтган эдик. Лекин расмий байрам кунлари ҳам ишлаш адолатдан эмаску! Халқ уйида байрам қилиб ўтирганида бостириб бориб¸ пул ундириш инсофдан эмаску! “¸ дейди Озодлик суҳбатлашган МИБ ходимларидан бири.
Бу мулозим 8 март куни айрим истеъмолчилардан ҳақорат ва сўкиш эшитиб айрим қарздорлик учун пул ундирганини тасдиқловчи ҳужжатлар¸ тўлов ҳақидаги қоғозлар борлигини байрам куни ишлашга мажбур бўлганини тасдиқловчи далил сифатида тақдим этди.
«Биз ишлаган ҳудуддаги аҳолидан ҳам сўраб кўринг¸ қандай қилиб байрам куни уларнинг асабини бузганимизни. Ҳамма байрам ва якшанбада ҳам тинч қўймайсанми пул сўраб¸ деб бизни ҳайдаб солади. Расмлар¸ аудио ва видеоларимиз бор¸ лекин уларни чиқарсангиз¸ бизлигимизни билиб¸ ишдан ҳайдайди. Байрам ëки дам олиш куни ишга чиқмаймиз¸ десак¸ бошлиқ ишдан кетасан деб дағдаға қилади. Биз икки орада эзилиб кетдик»¸ дейди ойлардан бери ҳафтасига 7 кунлик режимда ишлаб келаëтганини айтган МИБ ходими.
Озодлик суҳбатдошлари¸ ўз бошлиқлари кўзга ташланмаслик учун байрам ва дам олиш кунларида форма киймасдан¸ граждан кийимида уйма-уй юиршни шарт қилиб қўйганини ҳам таъкидлаб ўтди.
МИБ ходимларининг айтишича¸ республика раҳбариятидан ҳар бир вилоятга¸ вилоят бошқармасидан эса¸ ҳар бир туман ва ҳудудга қарздорликни ëпиш бўйича белгиланган расмий план бор¸ аммо бу планни¸ улар таъкидича¸ “ҳафтада 7 сутка¸ 24 соат тўхтамай ишлаган тақдирда ҳам ундиришнинг иложи йўқ.”
“Биз шундоқ ҳам тўхтовсиз ишлашга яқинлашганмиз. Иш соати ҳар кун 7:30 дан 22:00 ëки 23:00 гача. Ҳисоблаб кўринг¸ 14 , 15 соат чиқаяпти. Ишимиз қанчалик қийинлигини ҳамма кўриб турипти – борган жойимизда таҳдид¸ сўкиш-қарғиш. Аҳолининг қурби етмаса¸ уйида ундирадиган ҳеч вақоси бўлмаса¸ қуруқ қўл билан қайтишга мажбурмиз”¸ дейди Озодлик гаплашган МИБ ходимларидан бири.
Расмий жавоб
Озодлик нафақат фарғоналик¸ балки Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги МИБ мулозимларидан ҳам мунтазам келаëтган бундай шикоятларга муносабат билдиришни сўраб Бош прокуратурага мурожаат қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати¸ ўз ходимларининг якшанба кунлари ишлаëтганини рад қилмади.
“Аксарият истеъмолчилар шанба-якшанба кунлари тегишли объектларда шахсан бўлишлигини инобатга олиб¸ истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида, айрим ҳолларда Бюро томонидан кўздан кечириш тадбирлари шу кунлари ўтказилади. Бундай амалиёт, интизомли истеъмолчилар томонидан қўллаб-қувватланиб, Бюро ходимларининг иш режими истеъмолчиларга қулайлик келтириш нуқтаи назаридан ташкиллаштирилганлиги ижобий баҳоланмоқда”¸ дейилади расмий баëнотда.
Айни пайтда¸ МИБ раҳбарияти қарздорликни ундириш жараëнини тезлатиш ва “қулайлаштириш мақсадида” мамлакат бўйлаб банкларнинг ҳам шанба-якшанба кунлари ишлаëтганини маълум қилди.
“Бундан ташқари, банк муассасалари билан келишувга асосан, истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида, шанба ва якшанба кунлари ҳам банк шаҳобчалари тўлов кассаларининг ишлаши йўлга қўйилган”¸ дейилади Озодликка берилган жавоб хатида.
МИБ матбуот хизмати¸ ходимларнинг иш вақти Меҳнат кодексида белгиланган нормадан ошиб кетаëтгани¸ шанба-якшанба кунлари ҳақ олмасдан ишга чиқишга мажбурланаëтгани ҳақидаги шикоятларни рад этишга уринди.
“Бюрода ходимларнинг иш вақтида соат 09.00 дан соат 18.00 га қадар давом этиши, белгиланган вақтдан ташқари ишлашига, шунингдек шанба ва якшанба кунлари ишга чиқишига йўл қўйилмайди. Ходимларнинг шанба ва якшанба кунлари ишлаши фақатгина уларнинг розилиги асосида амалга оширилиши мумкин”¸ дейилади МИБ матбуот хизматининг Озодликка берган жавобида.
Озодлик бу расмий изоҳга муносабат сўраб куннинг биринчи ярмида шикоят қилган МИБ ходимлари билан маҳаллий вақт билан кечқурун қайта боғланди.
Тошкент вақти билан кечки соат 8 да ҳамон ишхонада ўтирганини билдирган Озодлик манбаларидан бири¸ ойликнинг фақат душанба-жумагача берилишини алоҳида таъкидлаб¸ шанба-якшанба куни ишга чиқишнинг “ихтиëрий” экани ҳақидаги расмий изоҳни рад этди.
“Бир марта эмас¸ ҳар ҳафта чиқасан¸ деяпти. Бу кечаги гап эмас. Ҳаммага белгиланган ҳудуд бор¸ шу ерга чиқиши керак”¸ деди Озодлик қайта гаплашган МИБ ходимларидан бири.
Мажбурий ижро бюроси Ўзбекистон президентининг 2017 йил 30 майдаги 3016-сон қарорига асосан Бош прокуратура ҳузурида ташкил этилган.
МИБга юклатилган вазифа ва ваколатлар ҳақида бюронинг илк раҳбари Ботир Қудратхўжаев 2017 йил маҳаллий матбуотга:
“Бюро зиммасига энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ундириш, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарожликларнинг олдини олиш ва бошқа ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш каби муҳим вазифалар юклатилган. Тўлов миқдорини мустаҳкамлаш орқали электр энергияси ва газ тармоқларини модернизация қилиш ва барча ҳудудларда янги ишлаб чиқарилган ва хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш, аҳолини турмуш даражасини ошириш бизнинг энг муҳим вазифамиз ҳисобланади”¸ дея расмий тушунтириш берган эди.
Давлат хизматчиларини дам олишсиз ишлатиш мумкинми?
Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 16-моддасига кўра¸ “муддатлари чегараси белгиланган иш вақтини ўрнатиш, бир қатор касблар ва ишлар учун иш кунини қисқартириш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, байрам кунлари, шунингдек ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар бериш орқали таъминланадиган дам олиш” ходимнинг асосий меҳнат ҳуқуқлари саналади.
Кодекснинг “Иш вақти” деб номланган VII боби 115-моддасида “Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим”¸ деб ëзиб қўйилган.