2018 йили Ўзбекистон бўйлаб жами 17 117 гектар майдонга қалампир экилди.
Жойлардан олинган хабарларга қараганда, қалампир кўчатини етказиб бериш билан шуғулланган бир неча ширкат маблағни ўзлаштириш ва растрата қилишда айбланмоқда.
Қалампир етиштиришни уддалаган кам сонли фермерлар эса, ҳосилини сотолмай синган.
Канадада ишлаётган ўзбек олимининг фикрича, “Ўзбекистонда аччиқ қалампир етиштириш ғояси бошиданоқ “фақат популизмга асосланган нотўғри ва ноилмий қарор” бўлган.
Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган «D.D.» ширкати (МЧЖ) 3 миллиард 148 миллион сўмни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож этгани аниқлангани маълум бўлди.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасидан 2 январда олинган маълумотга қараганда, тилга олинган ширкат Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа ва Амударё туманларидаги 431 та фермер хўжалигига аччиқ қалампир кўчатлари етказиб бермаган.
Прокуратурага кўра, биргина Беруний туманида 7 та юк автомобилига ортилган нархи 2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 70 миллиондан зиёд қалампир кўчати чириб, экишга яроқсиз аҳволга келиб қолгани оқибатида чиқиндихонага ташланган.
Кўчатлар, прокуратурага кўра, «D.D.» ширкати айби билан чириган.
Бунинг ортидан Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган «D.D.» ширкати мансабдор шахслари устидан жиноий иш очилган.
Бундан ташқари, Прокуратурадан олинган маълумотларга кўра¸«D.D.» ширкати мутасаддилари 352 нафар кўчат етказувчига 2 миллиард 619 миллион сўмни тўламасдан ўз фойдасига ўзлаштиришган.
Прокуратура вакилига кўра¸ қалампир кўчати билан боғлиқ можаро биргина «D.D.» ширкати билан боғлиқ эмас. "Қорақалпоғистон бўйлаб 6 530 926 080 сўмлик 76 981 450 дона аччиқ қалампир кўчати "хўжасизлик оқибатида чириб кетган".
Озодликнинг «D.D.» ширкати билан боғланиш йўлидаги уринишларидан самара чиқмади.
Самарқандда ҳам Қорақалпоғистондагидай
Айни пайтда, Самарқанд вилоят, Ургут туманидаги 177 та фермер хўжалигида ҳам “қалампир учун ажратилган кредитлар ўзлаштирилгани” юзасидан очилган жиноят иши очилган.
Ишга тиркалган ҳужжатларда (Озодликда нусхаси мавжуд) фермерлар кўчат етиштириб берувчи ширкатларни айблашган.
Хусусан Тошкент шаҳрида жойлашган “General Machinery Group” МЧЖ айблов нишони бўлган.
Озодликда нусхаси бўлган ҳужжатлардан маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Ургут тумани бўлими томонидан ўтказилган “General Manchinery Group” МЧЖ фаолияти юзасидан текширув ўтказган.
Текширув давмомида тумандаги фермер хўжаликларга тегишли бўлган 70 миллион 200 минг сўмлик пул маблағларини фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритилгани аниқланган.
Натижада “General Manchinery Group” устидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бораëтганлиги" айтилди.
“General Manchinery Group” нима деди?
“General Manchinery Group” вакили Зулайҳо Мусурмонова Озодлик билан 2 январдаги суҳбатда “ишга маcъулиятсизлик билан қараб, шартнома битимларини бажармаган фермерлар ва ҳокимлик мулозимлари қалампир лойиҳаси барбод бўлишида асосий айбдор эканлигини” билдирди:
- Фермерлар ери йўқлиги ва қалампир кўчатларини экишни истамаганликлари сабаб, уларнинг аксарияти шартнома имзолашдан бош тортдилар. Бу эса ўз-ўзидан шартномаларни тузишда қийинчиликларни юзага келтириб чиқарди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Зулайҳо Мусурмонова прокуратуранинг 70 миллион 200 минг сўмлик пул маблағларини “General Manchinery Group” фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олган, деган хулосанини инкор қилди. Унинг таъкидича¸ 2018 йилда Ургут тумани буйича 139 та фермер, деҳқон хўжаликлари билан тузилган шартномага асосан 12 636 600 дона аччиқ қалампир кўчати етказиб берилган.
- Аммо етказиб берилган қалампир кўчати бўйича Ургут туманидаги фермер, деҳкон хўжаликлар пулини тўламади. Фермерларнинг “General Manchinery Group” МЧЖ олдидаги қарздорлиги 252 967 000 сўмни ташкил қилди¸ - деди Мусурмонова.
Кўчатлар фура ичида чириб кетди
Суҳбатдош келтирган рақам ва фактларга кўра¸ республика бўйича жами 17 117 гектар майдонга экилган қалампирнинг асосий қисми унмасдан чириб кетгани боис уруғ етиштирувчилар ҳам фермерлар ҳам бирдай зарар кўрган.
Мусурмонова Озодлик билан суҳбатда “мамлакат раҳбарияти қалампирнинг килоси дунë бозорида 8 АҚШ доллари деган уйдирма хабарга учиб фермерларга мажбуран қалампир эктириб катта зарар” кўрилганидан афсус билдирди.
Суҳбатдошга кўра¸ шу кунда жаҳон бозорида бир кило аччиқ қалампирнинг энг баланд нарҳи 1 доллар 30 центдан ошмайди:
- Миллионлаб кўчатлар эгаларига етиб бормай фуралар (юк машиналари) ичида чириб кетди. Зарар миқдорини санаб адоғига ета олмаяпмиз.
Ноилмий қарор
Ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган Канададаги NovaBioRubber тадқиқот маркази ходими, 48 яшар олим ва тадбиркор Анвар Бўроновнинг фикрича, “Ўзбекистонда аччиқ қалампир етиштириш ғояси бошиданоқ “фақат популизмга асосланган нотўғри ва ноилмий қарор” бўлган.
- Дунë бозорининг қалампирга бўлган эҳтиëжини Ҳиндистон ортиғи билан тўлдириб қўйибди. Дунë бозорида бир кило ҳам ортиқча қалампирни сотишнинг деярли иложи йўқ¸ - деди Анвар Бўронов Озодлик билан суҳбат давомида.
Президент гапини Бош вазир қонунлаштирди
2017 йил декабрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга борганида , экспортбоп аччиқ қалампирни экиш, буни республиканинг бошқа вилоятларида ҳам йўлга қўйиш бўйича топшириқ берганди.
2018 йил 27 январида Вазирлар Маҳкамасининг 62-сонли «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов имзо чеккан бу қарорда “Аччиқ қалампирни етиштириш, йиғиштириб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни ташкил этиш Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев зиммасига юклатилди.(Фермерларни сувга тушириб ва тош кўтартириб изза қилгани ортидан Мирзаев ишдан бўшатилган эди - таҳр.)
Шундан сўнг, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида илк марта аччиқ қалампир экиш бўйича оммавий кампания старт олди.
Озодлик суҳбатлашган тўрткўллик фермер Йўлдошвой Қутлимуродов совуқ тушгани боис қалампир ҳосили нобуд бўлгани ва омон қолган қалампир сотилмай ахлатга ташланганини Озодликка айтиб берди:
- Килосига 5 минг сарфланган қалампирни 2 минг сўмдан ҳам сота олмадим. Зиммамда эса 50 миллион кредит турибди. Агар буни уч ой ичида қайтармасам МИБ мол-мулкимни мусодара қилади.