1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган ва тартибсизликларга айланиб кетган оммавий норозилик намойишлари, таҳлилчиларга кўра, минтақанинг энг барқарор давлатларидан деб кўрилган Ўзбекистоннинг ўзида ҳам, ташқарида ҳам кўпчилик учун кутилмаган бўлди.
Намойишлар асносида дунё матбуоти Ўзбекистоннинг олис Оролбўйи минтақасидаги автоном ҳудуд, унинг харитадаги ўрни ва қорақалпоқларга эътибор қаратди.
АҚШнинг Миннесота штатидаги Carleton College профессори, таниқли ўзбекшунос олим ва антрополог Адиб Холиднинг фикрича, ўтмишда ўзбеклар ва қорақалпоқлар ўртасида жиддий низолар кузатилмаган.
“Ўзбекистон таваллуди: илк СССР даврида миллат, империя ва инқилоб” китоби ва бошқа қатор тадқиқотлар муаллифи бўлган Холиднинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, ҳозирда илк бор ўзаро муносабатларга раҳна солган бу воқеаларнинг изини тамоман ўчириш мумкин ҳамда зарур.
Адиб Холид: Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг ҳудудий жиҳатдан энг йирик қисми ва қайсидир маънода, бу республика - собиқ совет даврида турли миллатларга ҳудудий автономия бериш амалиётидан қолган тарихий мерос. Яъни, 1991 йилгача Қорақалпоғистон автоном республика бўлди. Кейин бу тушунча Мустақил Ўзбекистон даврида ҳам сақланиб қолди. Яъни, собиқ совет социалистик автоном республикаси Ўзбекистон таркибидаги автоном республикага айланди. Ўшанда бундай ажратиш - собиқ совет тизимида миллатларни бир-биридан ажратиш механизмининг бир қисми эди, ўша механизм давом эттирилди. Менимча, қорақалпоқлар алоҳида бир гуруҳ. Совет даврида бу аниқ-тиниқ англашган ва шунга кўра муносабат қурилган. Қорақалпоғистон, гарчи аҳолиси сони катта бўлмаса-да, майдони катта бўлгани учун муҳим республика бўлиб қолмоқда.
Мавзуга алоқадор Қорақалпоғистон: Расмий Тошкент мустақил текширувга рози бўладими?Озодлик: Сизнингча, ўзбеклар ва қорақалпоқлар ўртасида миллий, ва умуман, ҳаёт тарзидаги фарқ каттами?
Адиб Холид: Ҳозирги кундаги ҳаёт тарзида фарқ қанақа – бу ҳақида бир нарса дейишим қийин, бу жуда кенг тушунча. Лекин, тарихан қорақалпоқлар асосан кўчманчи бўлган, ўзбеклар эса ўтроқ халқ. Бироқ 1930-йиллардаги коллективлаштириш, очликдан сўнг кўчманчилик кўп минтақаларда тугаб кетди. Шунинг учун, ҳозирга келиб асосий фарқ тилда ва ҳам қорақалпоқлар, ҳам ўзбеклар ҳануз амал қилиб келаётган миллий анъаналарда бўлиши мумкин. Табиийки, бунда масалага қайси жиҳатдан қараш ҳам муҳим, аммо умуман олганда, унақа катта фарқ йўқ.
Озодлик: Сизнингча қорақалпоқларни Марказий Осиё (МО)минтақасидаги қайси миллатга кўпроқ яқин, дейиш мумкин?
Адиб Холид: Тарихан, қорақалпоқлар кўпроқ қозоқларга яқин кўрилган, менимча. 1924 йилларда чегаралар белгиланаётган пайтда кўплаб қозоқ етакчилари қорақалпоқлар қозоқларнинг бир бўғини, алоҳида миллат эмас, деган даъволар билан чиқишган. Яъни, уларнинг ўртасида ўхшашликлар бор. Лекин, Ўзбекистон таркибидаги 70 йил – қорақалпоқларда Ўзбекистонга оидлик ҳисси ва қозоқлардан айрим фарқли жиҳатларни яратиб улгурди, деб ҳисоблайман.
Озодлик: Советлар томонидан Марказий Осиёнинг 5 та республикага бўлиб юборилиши ортида турган мантиқ ҳақида турли фаразлар борлигини биламиз. Сизнингча мақсад нима эди?
Адиб Холид: Бу жуда катта савол. Бу ерда кўплаб чигал маълумотлар ва улардан келиб чиққан кўплаб нотўғри хулосалар бор. Совет лидерлари, 1918-1919 йиллардаги инқилоб ва фуқаролик урушнинг бошидаёқ Россия империяси таркибида рус бўлмаган халқлар борлиги, улар бу инқилоб ҳақида ўз фикрига эга экани ва бу халқларнинг кўпи миллий автономия, миллий мустақиллик тарафдори эканини дарҳол тушуниб етган. Шунинг учун, советлар энг бошиданоқ ўзига хос пан-совет сиёсатини юритишга қарор қилган. Айрим халқларни миллат сифатида тан олиш ва шунинг билан, рус бўлмаган халқларда миллий ҳаракатларнинг олдини олиш зарур, деган қарорга келишган.
Мавзуга алоқадор Қорақалпоғистон мақомини ўзгартириш таклифи кимдан чиқди ва оқибатлари учун ким масъул?Шу тариқа, сиёсий чегараларни миллий ва тил бирлигига қараб белгилаш принципи ишга солинган ва бу асосий принцип бўлган. Айрим республикалар мисолида ташаббус пастдан келган. Масалан, Украина мустақиллигини талаб қилган ва 1918 йилда ўз ҳудудий автономиясига эга бўлган, собиқ совет иттифоқи таркибига ҳам миллий республика сифатида кирган. Лекин умумиятла, миллат ва тил бирлигига қараб республикаларни тузиш принципи фақатгина МОнинг ўзига қўлланган эмас.
Марказий Осиё Совет иттифоқига қўшилган охирги ҳудуд ва бу 1924 йил бошида содир бўлган. Ўшанда Марказий коммунистик партия МО устидан кучли назорат етарли даражада ўрнатилди ва иттифоқ таркибига қўшиб олиш мумкин, деган хулосага келган. Лекин бу ўринда ўша муҳим савол ўртага чиқади - яъни, минтақада қанча миллат борлиги ва уларни бўлишга ким қарор қилган?
Бу борада Марказий компартиянинг марказий осиёлик аъзолари ўртасида кўплаб баҳслар бўлган. Тарихий манбаларга қаралса, ўша пайтдаги баҳслар жуда кескин бўлган ва баҳслар асосан, партиянинг қозоқ ва ўзбек аъзолари ўртасида бўлганини кўриш мумкин, назаримда. Ўшанда партиянинг қорақалпоқ аъзолари ҳам бўлган ва улар ўзларининг алоҳида бир гуруҳ экани, уларга автономия мақоми берилиши кераклигини мувафаққиятли равишда юқорига етказа олишган. Қирғизлар ҳам шундай.
Мавзуга алоқадор Ахборот қамали. Мирзиёев Нукусда “каримовча тактика"ни қўллаяптими?Компартиянинг айрим қозоқ аъзолари барча кўчманчи халқлар, яъни қорақалпоқ, қирғиз ва қозоқлар бир миллатнинг бўғинлари, битта бўлиши керак, деб талаб қилишган. Лекин, у пайтда кўп нарса ўша лидерларнинг ўртасидаги баҳс ва сиёсий манипуляцияга боғлиқ бўлган, компартиянинг марказий бюроси бу ўринда ўзига хос ҳакам ролини ўйнаган, назаримда. Қоралқалпоқлар бу жараёндан муваффақиятли ўтиб, ҳудудий бирлик мақомини олган, уларга Иттифоқ таркибидаги автоном вилоят мақоми берилган.
Озодлик: Шу кунда ижтимоий тармоқларда, айрим олимларнинг совет лидерлари минтақада ўзбекларнинг устунлигини чеклаш мақсадида МОни 5 та республикага бўлишган, деган хулосаларини улашмоқда. Сизнингча, бунда жон борми?
Адиб Холид: Мен ўша пайтда бу масала партия учун муҳим бўлган, деб ўйламайман. Партия учун – унинг Москвадаги марказий бюроси ва Тошкентда жойлашган СредАз- МО бюроси вакиллари учун асосий муаммо – минтақанинг турли миллий парчалардан иборат эканида эди. Лекин, 1924 йилдаги баҳсларга қаралса, коммунист партиянинг қозоқ ва туркман аъзолари ўзбеклар доминантлигидан чўчишган, улар ўз алоҳида республикаси бўлишини хоҳлашган, дейиш ҳам мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ичида туриб, Бухоро, Хива ва Туркистон ҳудудида ўзбеклар республикасини қуриш керак, деган чақириқлар ҳам бўлган. Бу каби ҳаракатлар ўзбекларни Ўзбекистон совет республикасининг ичида ҳам нисбатан доминант гуруҳ сифатида кўрсатган.
Озодлик: Тарихга қаралса, ўзбеклар ва қорақалпоқлар ўртасида қандайдир йирик миллий можаролар бўлганми?
Адиб Холид: Йўқ, менимча. Ўзи умуман олганда, ўзбеклар, қорақалпоқлар, қозоқлар, деган миллий ажратишнинг ўзи 20 асрга келиб кўрина бошлаган, минтақага миллий бўлиниш ғоялари кириб кела бошлаган пайтда. Унга қадар, “ўзбек” атамасининг ўзи бошқача маъно касб этган, бунақа миллий белги сиёсий бирлик ёки оммавий ҳаракатларда бирламчи аҳамиятга эга бўлмаган. Бошқа тарафдан, тарихда кўчманчилар ва ўтроқ деҳқонлар ўртасида ҳар доим низолар бўлиб турган. Бу энди мутлақо бошқа характерга эга, миллатчиликка таянмаган низолар. Хуллас, жавобим: йўқ – миллий низолар бўлмаган.
Озодлик: Сизнингча, 1-2 июль кунлари Нукусда суверенлик мақоми талаби билан бўлган намойишларнинг илдизи қанчалик чуқур?
Адиб Холид: Холис айтадиган бўлсам, мен буни билмайман. Мен Қорақалпоғистонда кўп бўлмаганман. Лекин, бу ҳақда берилган хабарлар мазмунидан келиб чиқадиган бўлсак, норозлик ҳисси шу пайтгача мудраб ётган ва Ўзбекистон ҳукуматининг республика мақомини ўзгартириш учун биртомонлама ҳаракати бу мудроқ норозиликнинг асаб толаларига тегиб кетгандир, дейиш мумкин. Лекин, яна қайтараман, қорақалпоқларда миллий ўзлик ҳисси - биз ўзбеклардан фарқлимиз, шу автоном республика муҳрланган мақомимиз, ўз тилимиз бор, деган ҳиссиёт бор.
Мавзуга алоқадор Конституциявий ислоҳотлар: Олий Мажлис Қорақалпоғистон мақомини ўзгаришсиз қолдирдиЯъни, бу мақомни биртомонлама ўзгартириш ҳаракати фақат уларга эмас, жуда кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Шунинг учун балки, қорақалпоқларнинг бунга жавоби ҳам шу қадар кескин бўлди. Албатта, Қоралқпоғистон Ўзбекистоннинг аҳволи оғир ва ночор минтақаси. Бундан ташқари, бу республика Оролбўйи минтақасидаги атроф-муҳит муаммолари марказида қолган, бунинг оқибатларидан азоб чекмоқда ва бу ҳам мазкур муаммони янада кучайтирган, назаримда. Лекин, мен жамоатчилик фикри бўйича эксперт эмасман, кўпроқ тарихий контекстга қарайман, шуни алоҳида таъкидлашим керак.
Озодлик: Бу норозилик намойишлари ортида Россиянинг қўли бор, деган хавотирлар тилга олинмоқда. Сизнингча бу хавотирда асос борми?
Адиб Холид: Яна айтаман, бу намойишлар кескинлиги билан жуда кўпчилик учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Қозоғистонда январда бўлган бўлган намойишлар ҳам, худди йўқ жойдан келиб чиққандай бир таассурот қолдирганди. Балки адашаётгандирман, лекин қорақалпоқларнинг ичида узоқ сақланган ва Ўзбекистон таркибида бўлганидан туғилган норозилик йўқ, менимча. Бунга асосан ҳукуматнинг республика мақомини ўзгартиришга қилган биртомонлама ҳаракати сабаб бўлди назаримда. Аммо, мен Ўзбекистон ҳукуматининг бу ҳаракатини ҳам тушунаман. Россиянинг Украинага босқини, Қрим, Луганскда бўлган воқеалар ва бошқа шу каби ҳолатларнинг олдини олишга уриниш эди бу, назаримда.
Мавзуга алоқадор "Четдан аралашув бўлган”. Владимир Норов Москвага нима учун борди?Бундан ташқари, Тожикистоннинг Помирида бўлган воқеалар ҳам шу сирадан. Яъни, марказдаги ҳукуматлар бу автоном республикаларнинг ортиқча автономлашиб кетишини истамаётир, афтидан. Агар Ўзбекистон ҳукумати аввалги статус-квога қайтса, ҳаммаси изига тушади. Бу совет давридан қолган мерос эди. Зотан, 30 йил давомида бу мақом муаммога сабаб бўлмади, буни ўзгартиришга ҳожат йўқ.
Озодлик: Бу каби муаммолар чуқурлашмаслиги ёки кенгаймаслиги учун, Ўзбекистон ва қўшни ҳукуматлар нима қилиши керак?
Адиб Холид: Кўпчилик кузатувчилар, айниқса ғарбдагилар, МОдаги республикалар сунъий тузилган ва уларни советлар шундай тузган, советлар ҳокимиятдан кетгач, бу республикалар бирлашади, деган фикрда эди. Лекин, улар бирлашмади, балки бунинг акси бўлди. Шунинг учун, аслида йўқ интеграция бирдан пайдо бўлиб қолмайди. Аммо ҳукуматлар ҳозирда мавжуд чегараларни нисбатан юмшатадиган ва одамларни ўзаро кўпроқ алоқа қилиши, эркин ҳаракатланишини таъминлайдиган, жуда Европа Иттифоқига ўхшаган бўлмасада, шунга яқин сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишса, бу минтақа истиқболи учун жуда-жуда яхши бўлар эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди