Ижтимоий тармоқларда Фарҳод Темиртирноқ номи билан танилган ўзбекистонлик жамоатчилик фаоли ва блогер Фарҳоджон Умирзоқов 6 июль куни Москвада иш жойидан полиция ходимлари томонидан ушлаб кетилди. Бир кун ўтмай, 7 июль куни Лефортово туман суди уни “миграция қонунчилигини бузгани” важи билан Россиядан бадарға қилиш ҳақида қарор чиқарди.
Фарҳоджон Умирзоқовнинг яқинлари депортация қилинаётганини унинг Ўзбекистондаги норасмий “Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик” демократик партияси билан алоқаларига боғламоқда. У мигрантлар орасида профессор Хидирназар Аллақулов партиясини рўйхатдан ўтказиш учун имзо йиғиш кампаниясида фаол қатнашган.
Айни пайтда Озодликка Россиядан боғланган бир гуруҳ фаоллар 6 июль куниёқ Санкт-Петербург шаҳрида профессор Хидирназар Аллақулов партиясининг яна икки фаоли полиция томонидан ҳибсга олинганини маълум қилишди.
"Партияга йиғилган овозлар қани?"
Депортация Москвада 6 июль куни иш жойидан ушлаб кетилган ўзбекистонлик жамоатчилик фаоли ва блогер Фарҳоджон Умирзоқовга 7 июль куни Россиядан бадарға қилиниши ҳақидаги суд қарори нусхаси топширилган.
Бу ҳақда Озодликка унинг турмуш ўртоғи Мафтуна Умирзоқова хабар берди.
-Хўжайиним ўқишга кирмоқчи эди ва вақтинчалик ўқишга киргунча ишлаб турганди Москвада. Иш вақтида офисга бир рус бола кирган ва Фарҳоджон билан бирга чиқиб кетишган. “Ашан” магазинига кириб кетишаётганда битта машинадан 6та мелиса чиқиб, олиб кетишган. Улар кўчадаги рейд қиладиганлар эмас. Бу 6 июль куни бўлган. 7 июль куни суд бўлган, - деди Мафтуна Умирзоқова
Суд бўлаётган куни турмуш ўртоғи билан қисқа суҳбатлашганини айтган Мафтунага кўра, суд жараёнида ҳақамлар фаолнинг Ўзбекистондаги норасмий “Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик” демократик партиясига алоқаси тўғрисида саволлар берган:
- Судда бир ўзбек одам телефон қилиб, судья орқали Аллақулов партиясига йиғилган овозлар ҳақида сўраган. “Партияга йиғилган овозлар қани?” саволига хўжайиним “Менда йўқ у овозлар. Ҳамма овозни онлайн беряпти. Менга келган жавобларни Ўзбекистонга мен жўнатворганман”, деган. Суд бўлгани тўғрисида бизга хабар беришмади. Ушланган кунлари офисга борганимда ёнимга бир гапиришидан бухоролик йигит келиб билет сўради, лекин унга билет керак эмаслиги аниқ эди. Мен уни ҳам ёлланган одам деб ўйладим.
Фарҳоджоннинг ҳужжатлари жойида эди, регистрацияси яна 1,5 ой вақти бор эди, “учебний” виза билан кириб келганди Россияга. Менимча, шу партияга аъзолигидан шу иш бўляпти, менимча. Суддан кейин уни Сахарово депортация марказига олиб келишди. Мана ҳозир шу ерда егулик, кийим-кечак олиб келгандим - кутиб турибман.
Озодлик олган Москванинг Лефортово туман суди қарорига кўра, Фарҳоджон Умирзоқов Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги Кодексининг 18.10- моддаси 2- қисми бўйича айблов қўйилган. Яъни у рухсатномасиз иш фаолияти билан шуғулланиб келганликда айбланган.
Суд қарори билан Фарҳод Темиртирноққа 5 минг рубль жарима ва 5 йилга Россияга кириш тақиқи қўйилганини кўриш мумкин.
Фарҳод Умирзоқов бир неча йилдан буён ижтимоий тармоқларда ўзининг танқидий чиқишлари ва сиёсий масалаларга оид кескин фикр-мулоҳазалари билан жамоатчиликка танилди. У, шунингдек, Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқий ҳимояси билан ҳам шуғулланган.
Москвада ўзбек муҳожирларига ёрдам бериб келаётган жамоатчилик фаоли ва блогер Темиртирноқ тахаллуси билан танилган Фарҳод Умирзоқовнинг ушланиши тез орада интернет тармоқларида тарқалди.
Хабарларга кўра, Москвада фаолият юритаётган бир гуруҳ мустақил юристлар ва адвокатлар Фарҳод Темиртирноққа ҳуқуқий ёрдам бериш ниятида эканликларини айтишган.
Айни пайтда Озодликка Россиядан боғланган бир гуруҳ фаоллар 6 июль куни Санкт-Петербург шаҳрида ҳам норасмий “Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик” демократик партиясининг яна икки фаоли полиция томонидан ҳибсга олинганини маълум қилишди.
" Асли шаҳрисабзлик, питерда таксичилик қилиб келган Шокир Жўраев ва фарғоналик хуқуқшунос, 2-3 йилдан буён Петербургда яшовчи Дилдора Мўминовалар ҳам 6.07.2023 дан қамоққа олинди, Петербургдаги вақтинчалик депортация марказида сақланмоқда”, - дейилади хабарда.
“Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик” демократик партияси етакчиси Хидирназар Аллақулов Фарҳоджон Умирзоқов ҳақиқатан партияга овоз йиғишда кўнгилли сифатида қатнашганини тасдиқлади.
- Фарҳоджон партиямизга овоз йиғишда ўта фаол бўлди. Москва шаҳри ва атрофидаги ватандошларни партияга бирлаштириш учун даъват қилди, жалб қилди, ўзининг офисида жойларни жиҳозлади ва келиб имзо йиғишига шароит яратди. Ижтимоий тармоқлардан куни кеча Фарҳоджонни суд қилишиб, Ўзбекистонга депортация қилиш ҳақида қарор қабул қилишганини ўқиб қолдим.
Нима учун айнан бизга овоз йиғаётган 1-рақамли фаол йигитни суд қилиб, депортация қилаётгани тўғрисида бизда аниқ далиллар йўқ. Лекин мамлакат ичкарисида бизга нисбатан қилиб келинаётган ҳар хилдаги босим, туҳмат ва тазйиқларга эътибор қаратсангиз, бу асло сиёсий тус олганини кўрасиз. Мирзиёев ҳукумати сиёсий фаолларга босим қиляпти, аммо бунга сиёсий тус бермаяпти! Мумкин Фарҳоджонни ҳам айни овоз йиғаётганлиги учун суд қилиб, турли баҳоналар билан депортация қилган бўлишлари мумкин. Фарҳоджон партиямизнинг Россиядаги энг кўзга кўринган етакчи фаоллардан бири! - деди партия етакчиси Хидирназар Аллақулов.
Блогер ва фаолларга босимлар
Ўзбекистонда шу йил апрелида ўтган конституцион референдум ҳамда 9 июль кунги навбатдан ташқари президент сайлови арафасида тармоқ фаоллари, журналист ва блогерларга нисбатан босимлар кучайгани кузатилди.
Сайлов арафасида Олий суд матбуот хизмати шу йил бошида ҳибсга олинган мустақил Human.uz сайти журналистлари устидан жиноят иши маҳкамага оширилгани ҳақида хабар тарқатди.
Ўтган ой Қашқадарёда Nasaf News сайти раҳбари Умид Каримов, блогерлар Мақсуд Музаффаров ва Отабек Ортиқов ўз фаолиятларини тугатганларини эълон қилишди. Улар майда безориликда айбланиб, 5 сутка маъмурий қамоққа маҳкум қилинган.
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида эса блогер ва фаол Элмурод Одил майда безорилик ҳамда ҳокимият вакилининг хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилганлик важи билан блогер 15 суткага қамалган.
Шу йил бошида “фирибгарлик" ва "товламачилик"да гумон қилиниб, ҳибсга олинган таниқли блогер Абдуқодир Мўминов ҳануз ҳибсда қолмоқда. Яқинлари уни кўрсатишмаётганидан шикоят қилишган.
33 яшар Абдуқодир Мўминов президент Шавкат Мирзиёевнинг ашаддий танқидчиси сифатида танилган. У ўтган йили президент куёвларининг бизнеси ҳақидаги чиқиши ортидан Тошкентда номаълум шахслар томонидан дўппослаб кетилганди.
Халқаро матбуот ташкилотлари ва маҳаллий журналистлар Мирзиёев бошқарувининг илк даврида нисбатан юмшатилгани кузатилган матбуот устидан назорат янада кучаяётганини айтишмоқда. Уларга кўра, учинчи муддатга сайланган Мирзиёев мамлакатда сўз эркинлигини яхшилашига бирон ишора йўқ.
Ўзбекистонда журналист ва блогерларга босимлар кучайиб бораётгани “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилотининг шу йилнинг май ойида эълон қилинган йиллик ҳисоботида ҳам қайд этилган.
Ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ўтган йилгига қараганда тўртта позицияга ёмонлашиб, 133-ўриндан 137-ўринга тушган.