Тошкент тимсолига айланган курант биносига ëпиштириб пластик ва қора шишадан қурилган бино бузиб ташланадиган бўлди.
Бу ҳақда 9 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати вакили Озодликка билдирди.
Таниқли меъмор Мухамедшин ва уста Ширин Муродов тарафидан 1947 йилда тикланган ва меъморий обида сифатида қадрланадиган бинога қора шишали конструкция ëпиштирилгани ижтимоий тармоқда блогерлар танқидига учраган эди.
"Қора тобут" демонтаж бўлади
Блогер ва журналист Евгения Гранде курантга ëпиштирилган қурилмани "қора тобут" дея ҳажв қилганди.
Озодлик билан суҳбатда Евгения Гранде 9 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга "курант тақдири" ҳақида савол бергани пайтида муаммо ечилганини айтади.
- Шаҳар ҳокими курантга ëндош бино эгаси унинг пойтахга тимсол бўлган меъморий обидаси эканлигини билмаганини айтди. Пристройка олиб ташланади. Курант билан боғлиқ муаммо ҳал қилинди¸ деди ҳоким.
9 ноябрь куни Тошкент шаҳрини 2025 йилгача истиқболлар борасида ҳокимлик биносида ҳоким жамоатчилик вакиллари¸ тармоқ фаоллари ва журналистлар билан учрашган.
Айни учрашувда қатнашган блогер Умид Гафуровнинг Озодликка айтишича¸ "ҳоким курантга ëпиштилиб қурилган бино эгасига телефон қилган. Бинонинг Ойбек исмли эгаси Курантнинг ЮНЕСКО ҳимоясида эканлигини билмаган."
(Бино ЮНЕСКО ҳимоясида эмас балки Ўзбекистон маданият вазирлигиининг обидалар рўйхатида-таҳр.)
- Энг асосийси курантга ëпиштириб қурилган навес олиб ташланади¸ деди блогер.
Рўйхатдаги обида
Ўзбекистон Маданият вазирлигининг маданий обидаларни асрашга маъсул мулозимининг Озодликка 9 ноябрь куни айтишича¸ "1947 йили қурилган ва меъморий обидалар рўйхатида турган бинога қўшимча қурилма тиклаш бўйича ҳеч ким Маданият вазирлигидан рухсат расмийлаштирмаган"
"Умуман шаҳардаги обидаларга тегинишдан олдин Маданий мерос идорасидан сўраш керак деган тартибни шаҳар мулозимлар билмайди. Курант биноси академик уста Ширин Муродов тарафидан ишланган ганч орнаментлар билан ўралган. Қора шиша билан ўралган пайтда орнаментга зарар етган. Бундан ташқари шаҳардаги бронзадан бўлган “Матонат” ҳайкалини (1966 йилги зилзилага бағишланган монумент-тахр) ҳам оддий эшик - ром бўяйдиган бўëқ билан мойлаб қўйишибди. Бунга чек қўйиш керак," дейди вазирлик мулозими.
Курант биносидаги сушихона
Озодлик Тошкентдаги “Курант” кафеси маъмури билан гаплашди.
Исми айтилишини истамаган маъмур “изн олмасдан ойнаванд айвон қургани учун айб фақат кафе маъмуриятида" эканини таъкидлади.
Маъмурга кўра¸ энг яқин соатларда “айвон демонтаж” қилинади.
Аммо, суҳбатдошга кўра¸ Курант биноси ичида фаолият кўрсатаëтган сушихона ëпилмайди:
- Фақат ташқаридаги айвонни бузамиз. Айб ўзимида. Ичкарида сушихона ишлайверади. Лекин маданий мерос инспекторлари назорат қилиб туради бизниинг бинони эксплуатация қилишимизни¸ деди кафе маъмури.
Тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиев Озодлик билан суҳбатда¸ шаҳар марказида ҳокимдан изн олмасдан бирон нарса қуриб бўлмаслигини айтади:
- Курантни қора шишадан бўлган айвон билан ўраб олиш учун Миробод туман ҳокимлигидан махус рухсатнома олинган. Буни мен тахминан айтаëтганим йўқ. Аниқ рухсат олинган. Чунки бошқа бир меъморий ишни расмийлаштириш чоғида кўзим тушган шундай ҳужжатга. Демак, бу ҳолатда ҳокимлик айбдор бўлиши керак¸ дейди суҳбатдош.
Мармар лавҳа қани?
Турдиевнинг яна айтишича¸ Курантга тақаб айвон қурилган пайтда курантнинг тарихий биносига ўрнатилган мармар лавҳа йўқолган:
- Мемор Муҳаммедшин ва ганчкор уста Ширин ҳамда соатсоз Айзенштейн исми ўйиб ëзилган мармар лавҳа ҳозир йўқ. Бу масалани ҳам текшириш керак¸ дейди тошкентлик меъмор.
Озодлик Курант биносига тақаб айвон қурилишига изн берган Миробод туман ҳокимлигига телефон қилди. Ҳокимлик мулозимлари тадбиркорларга берилган рухсатномалар ҳақида маълумот берилмаслигини билдириш билан кифояланишди.
Яъни Курант кафесига қўшимча қурилма қуриш учун изн берилгаанини рад қилишмади.
Соатли минора тарихи
Тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ тошкент тимсоли бўлган курант соатсоз уста Ишия Айзенштейн ташаббуси билан бунëд этилган:
- Асли тошкенлик соатсоз Ишия Айзенштейн умр бўйи шаҳарда минорали соат ясашни орзу қилган. Соатсоз 1941 йилда урушга кетади. 1946 йили Кёнингсберг (Хозирги Калининград) шаҳрида қадимий соатни кўриб қолади. Ҳарбий ўлжа мақомида бўлган бу соат механизмни у қутига солиб, почта орқали Тошкентга юборади. Урушдан қайтиб келиб шаҳар раҳбариятига соатли минора қуриш таклифини айтади. Шу тариқа бу курант дунëга келди¸ дейди Турдиев.
Унинг яна айтишича¸ Лев Айзенштейн умрининг охиригача курантдаги соат механизмининг равон ишлашини таъминлаб турган:
- Соат фақат бир марта тўхтаб қолган¸ у ҳам бўлса 1966 йилги зилзилада. Ўшанда соатсознинг ўзи тепага кўтарилиб, муруватларини мойлаб юрғизиб юборган. Кейин Айзенштайн раҳматли бўлганларидан кейин ўғли қараб юрди соатга. 90-йилларда қадимий соат механизмини ўғирлаб, чет элга олиб кетиш учун икки марта уриниш ҳам бўлди. Лекин бу соат тошкентликларга¸ тошкентликлар эса соатга ўрганиб қолди. Ҳар 15 минутда бонг урганида соатсоз эсга тушади, дейди меъмор Турдиев.