Қирғизистон 24 та “тиббий олийгоҳ”нинг 17 тасини қисқартирмоқда. Уларда асосан Ўзбекистон, Покистон ва Ҳиндистон ёшлари ўқийди

Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги тиббиёт олийгоҳларидан бирида ўқиётган талабалар.

Қирғиз хукумати мамлакатда мавжуд бўлган 24 та тиббиёт олийгоҳининг 17 тасини ёпишни режаламоқда. Соғликни сақлаш вазирлиги бу олийгоҳлар “талабга жавоб бермайди” деган хулосага келган.

Аввалроқ Порахўрликка қарши тадбиркорлик кенгаши медицина йўналишида билим берувчи олийгохларни текшириб, “уларнинг аксари пул топиш мақсадида” ташкил этилган деган хулосани эълон қилган эди. Бу олийгоҳлар талабаларининг асосий қисмини хориж давлатларидан келган ёшлар ташкил қилади.

Мазкур олийгохлар раҳбарияти эса, талабаларнинг асосий қисми хорижликлар эканидан келиб чиққан ҳолда, ҳукуматни “етти ўлчаб бир кесишга” ва “тиббиёт соҳасида билим бериш экспорти” тармоғини сақлаб қолишга чақирмоқда.

Қирғизистонда тиббиёт олийгоҳлари сонини қисқартириш ташабусини соғликни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиев кўтарди. Унга кўра, мамлакатдаги тиббиёт олийгоҳларнинг асосий қисми хусусий университетлар ҳисобланади ва уларда етарли даражада билим бериш имконияти мавжуд эмас.

Вазир “талабга жавоб бера олмайдиган бундай олийгоҳларни ёпиш” жараёни осон бўлмаслигини ҳам таъкидлади:

-Тиббиёт олийгоҳларининг хўжайинлари асосан олигархлар, депутатлар ва собиқ бош вазирлардир. Уларнинг орасида кучсизроғи митинга минг киши олиб чиқса, кучлиси юз минг киши олиб чиқади. Аммо бу олийгоҳлар ёпилганидан сўнг уларда ўқиган талабаларни фаолиятини давом эттираётган университетларга кўчириш мумкин.

Алимқадир Бейшеналиев ёпилиши назарда тутилган олийгоҳлар 1 апрелга қадар ўзларининг клиник базаси мавжудлигини тасдиқласа, улар масаласи қайта кўриб чиқилишини қўшимча қилди.

Ўтган ҳафтада президент қошидаги Порахўрликка қарши тадбиркорлик кенгаши ўтказилган тадқиқотлар натижасида мамлакатдаги тиббий олийгоҳларнинг аксариятида ўқитиш жараёни талабга жавоб бермаслиги аниқланганини эълон қилган эди.

-Тадқиқот ўтказганимизда тиббий олийгоҳларнинг бирида фақат саккиз нафар талаба ўқиши аниқланди. Бу олийгоҳ саккизта талабани ўқитиш учун лицензияни қандай қилиб олгани ўзи ҳайратланарли. Қирғизистон Миллий университетининг тиббиёт факультетида эса фақатгина 99 талаб ўқир экан. Миллий университетда клиник база мутлақо мавжуд эмас. Хатто малакали ўқитувчилар ҳам йўқ. Яна бир олийгоҳда 53 талаба ўқир экан. Биносига кирсанг ҳамма нарса бордай кўринади, бироқ биронта ҳам талаба кўрмайсан. Бошқача айтганда, олийгоҳ бор, бино бор, бироқ талаба йўқ, -дейди Порахўрликка қарши тадбиркорлик кенгаши бош котиби Нурипа Муқанова.

Аммо Қирғизистондаги тиббиёт олийгоҳлари расмийлари талабаларнинг асосий қисми хорижликлар эканидан келиб чиққан ҳолда, ҳукуматни “етти ўлчаб бир кесишга” ва “тиббиёт соҳасида билим бериш экспорти” тармоғини сақлаб қолишга чақирмоқда.

-Тиббиёт олийгоҳларини қисқартириш ҳолис ва адолатли равишда амалга оширилиши шарт. Барча олийгоҳларни бир қарич билан ўлчаб, ёпиб ташлашларига қаршимиз. Базаси йўқ бўлса, қисқартириш керак. Лекин клиник базаси бор, талабга жавоб берган хусусий ўқув жойлари ҳам бор. Уларнинг ишлашига шароит яратиш лозим. Агарда биз ёпиб қўйсак, ўша талабалар қўшни Ўзбекистон, Қозоғистон каби мамлакатларга кетади. Қирғизистонда эса тиббиёт соҳасида билим бериш экспорти шаклланиб бўлган, - деб ҳисоблайди “Салимбеков университети” раҳбари Амангелди Жумадилов.

Давлат статистика қўмитасининг билдиришича, 2021-2022-ўқув йилида 83 мингдан ортиқ чет эллик талаба Қирғизистонда билим олаяпти. Бу мамлакатдаги талабалар умумий сонининг 35 фоизини ташкил қилади.

Чет эллик талабаларнинг 59 минги МДҲдан, қолган 24 мингги узоқ хориждан келган. Бундай талабалар сони сўнгги беш йилда 7,7 фоизга кўпайган.

МДҲдан келган талабаларнинг 90 фоизини Ўзбекистон ёшлари ташкил қилади. Узоқ хориждан келган талабаларнинг асосий қисмини Покистон ва Ҳиндистон фуқаролари ташкил қилади.