Ўзбекистон Республикаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси учун очилган regulation.gov.uz сайтида 15 март куни “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида” деб номланган ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳаси муаллифи Олий Мажлис Сенати деб кўрсатилган қарорнинг 30 мартдан кучга кириши режалаштирилган.
Лойиҳада¸ Вазирлар Маҳкамасига 15 кун ичида шаҳар ва туманларда турли маросимларни ўтказишни мувофиқлаштирувчи махсус комиссиялар тузиш¸ вилоят ва республика даражасида ҳам тузиладиган бундай комиссиялар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқишни топшириш кўзда тутилган.
Шунингдек:
“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Республика “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, маҳаллий ҳокимликлар, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ихчам ва тартибли ўтказишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин”¸ дейилади лойиҳа матнида.
Бу дастурда эса¸ оилавий тадбирларни ихчам¸ камтарона ва исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш¸ тўйдан олдин келин-куëвга оила бўйича махсус ўқув курслари ўтиш¸ янги қоидаларни бажармайдиганларга тегишли чора кўриш назарда тутиш айтилган.
Муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасида¸ фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари қошида 150 тагача ўринли тўйхоналар қуриш¸ оилавий тадбирларга арзон озиқ-овқат етказиб бериш тузилмаларини яратиш¸ уларга фақат бир нафар санъаткорни (гуруҳни) жалб этиш борасидаги чекловни ўрнатиш ҳам таклиф этилган.
Қарор лойиҳасида Касаба уюшмаларига кам таъминланган оилалар тадбирларини ўтказишда ëрдам берувчи жамғарма тузиш¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига эса¸ ўлим билан боғлиқ маъракалар турларини белгилаб¸ уларни ўтказишнинг ягона тартибини ишлаб чиқиш топширилган.
Шунингдек¸ лойиҳада тегишли вазирлик ва ташкилотларга оилавий тадбирларга хизмат кўрсатадиган санъаткорлардан тортиб то транспорт воситалари фаолиятини лицензиялаш тартибини ишлаб чиқиш вазифасини юклаш ҳам таклиф этилган.
“Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан, шунингдек, оилавий тадбирлар ўтказиш тартибига риоя қилмаганлик учун тегишли жавобгарликни белгилаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин”¸ дейилади лойиҳа матнида жумладан.
14 март куни Озодлик президент Шавкат Мирзиëев 27 февраль куни “эртага Сенат чиқаради” деган тўйлар ҳақидаги қарорнинг жамоатчилик томонидан қизиқиш билан кутилаëтгани ҳақида мақола ҳозирлаган ва унда Сенат матбуот хизмати бу қарор лойиҳасининг жорий ой охирига белгиланган ялпи мажлис муҳокамасига қўйилишини билдирган эди.
27 февраль кунги видеоселктор йиғилишида президент Шавкат Мирзиëев¸ жамиятдаги адолатсизлик¸ давлат амалдорлари орасидаги ўғирлик ва коррупцияни камайтириш мақсадида тўйларни чеклашга мажбур бўлганини эътироф қилган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди