Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Абдулла Ариповнинг ўқитувчиларни дарсдан бошқа ишларга мажбурлангани қаттиқ танқид қилганидан сўнг ҳам Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида ўқитувчилар мактабларда тунги навбатчилик қилишга мажбурланяпти. Озодлик суҳбатлашган ўқитувчиларнинг айтишларича, аёл муаллимлар тунда қоровул эркак билан бирга навбатчилик қилмаслиги учун ўз ўрнига қариндошини юборишга ёки пулга одам ёллашга мажбур бўлмоқда. Китоб тумани 35-мактаб директори шундай ҳолат бўлганини тан олди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодликка 19 апрель куни Китоб туманидаги 35-умумий таълим ўрта мактабининг ўқитувчисидан келган мактубда, уларнинг мактабда тунги навбатчиликка мажбурланаётгани ҳақида ёзилади:
"Президент ва Бош вазирнинг гапларидан кейин ҳам ўқитувчи мактабда тунги навбатчиликда туриши мумкинми? Бунинг учун ҳеч қандай қўшимча иш ҳақи тўланмайди ва кундузги иш вақтидан ҳам озод қилинмайди. Кечқурун соат 6 дан эрталаб соат 7 гача ухламасдан тунги постда турган ўқитувчи соат 8 дан бошланадиган иш вақтига улгурадими? Тунда ухлолмаган устоз қандай қилиб ўқувчиларга яхши билим бера олиши мумкин? Ундай бўладиган бўлса, мактабда қоровуллик штати нега керак? Бизнинг мактабда шундай бўляпти", деб ёзади ўқитувчилардан бири.
Озодлик боғланган 35 – умумтаълим мактабининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчисининг айтишича, мактабда кундалик тунги навбатчилик 8 мартдан, мактабга Ўктам Ёров директор бўлиб тайинланган кундан бошланган:
“Бундай навбатчиликлар аввал ҳам бўларди. Фақат катта байрам кунлари бир-икки кун, биз, эркак ўқитувчилар турардик. Ўктам Ёров директор бўлиб келганидан сўнг, кунлик бўлди. Ҳатто, аёл ўқитувчиларимиз ҳам навбатчиликка қўйишди. Мен сизга директор тузган рўйхатни юбораман. Ўшандан бери ҳар куни бир киши мактаб қоровули билан қоровулхонада ўтириб чиқиши керак. Аёл ўқитувчининг бегона қоровул эркак билан тунда ёлғиз қолдириш, бу ахлоқ-одобга тўғри келмаслигини директоримиз тушунишни истамаяпти”, дейди ўқитувчи.
Муаллимларнинг тунги навбатчилик рўйхатини Озодликка тақдим қилган бу ўқитувчининг айтишича, аёл ўқитувчилар ўз ўрнига қариндошини юборишга ёки пулга одам ёллашга мажбур бўляпти:
“Барибир ҳеч қайси аёл ўқитувчининг эри ҳам, фарзандлари ҳам уни тунги навбатчиликка қўймайди. Ўрнига эри ёки ўғли, ёки бирор қариндоши келяпти. Одам тополмаганлари эса мактаб завхози(хўжалик мудири – таҳририят)га 10-15 минг сўм бериб, ундан туриб беришни илтимос қиляпти. Баъзи аёл ўқитувчиларимиз навбатчиликка бормай қолган бўлса, директор ундан тушунтириш хати ёздириб олиш ва бу ҳақда халқ таълими бўлимига хабар қилиш билан таҳдид қилмоқда. Ахир, мактабда икки нафар қоровул бўлса, бу ортиқча даҳмаза нимага керак?”, дейди ўқитувчи.
35-умумий таълим ўрта мактабининг директори Ўктам Ёров Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларнинг тунги навбатчилиги туман халқ таълими бўлимининг топшириғи билан ташкил этилганлигини айтди:
- Навбатчиликни биз ҳар доим ҳам қўйганимиз йўқ. РайОНО томонидан байрамолди кунларда тунги навбатчилик ташкил қилинган. Уни ҳам дасрини ҳисобга олиб, дарси кам пайтини мўлжаллаб қўямиз. Мактаб атрофи очиқ бўлганлиги учун мактаб хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ташкил қилинган, - деди мудир.
Озодлик унинг ихтиёрида мактаб директорининг имзоси билан 8 мартдан бошлаб 30 майгача тунги навбатчи ўқитувчилар рўйхати нусхаси борлигини айтганидан сўнг, Ўктам Ёров бунинг масъулиятини котибага юклади:
- Котиба ўзи ҳаммасини кунма-кун қўйиб тайлаганда. Мен ҳозир тунги навбатчиликни тўхтатганман. Қўймаймиз энди. Қоровулнинг ўзи туради. Бу халқ таълими бўлими томонидан айтилган эди-да, - деди шу рўйхатга ўзи имзо чеккан мактаб директори.
Озодлик Китоб тумани халқ таълими бўлими мудири Авлоқул Авлаев билан боғланиб, ўқитувчиларнинг тунги навбатчилиги у томонидан ташкил қилинганига изоҳ сўради.
Мудир ўша заҳоти 35-мактаб директори Ўктам Ёровга қўнғироқ қилиб, “биздан шундай топшириқ бўлганми?” деб сўради.
Ўктам Ёров гўшакнинг у томонидан, “бундай топшириқ бўлгани ҳам йўқ, айтганим ҳам йўқ”, деди ва Озодликка берган маълумотини ўзи инкор қилди.
Халқ таълими бўлими мудири Авлоқул Авлаевнинг айтишича, бирорта мактабга бундай топшириқ берилмаган.
Аммо, Озодлик билан суҳбатлашган 35-мактаб ўқитувчисининг айтишича, ҳеч қачон директор ўзича бундай тунги навбатчиликни ташкил қила олмайди:
“Бундай ҳолатни мудир Авлаев жуда яхши билади.. чунки адашмасам 2 апрель куни мактабимизга ташриф буюрганди ва эълонлар тахтасига назар солиб, буни ўқиган эди”, деди ўқитувчилардан бири.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги йиғилишда ўқитувчиларнинг ободонлаштириш ишларига жалб қилинаётганини қаттиқ танқид қилган эди.
17 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишда бош вазир Абдулла Арипов бюджет ташкилотлари ходимларини мажбуран ишлатаётган раҳбарларни қаттиқ қоралади.