Ўзбек чегарачиси ўқидан бир қирғизистонлик ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат

7 апрель куни Ўзбекистон чегарачиси отган ўқдан 34 яшар Қирғизистон ватандоши ҳалок бўлди. Қирғизистон Чегара хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон ҳудудида бўлган фуқарога ўқ отган. Ўзбекистон томони ҳозирча ушбу воқеани шарҳлагани йўқ.

Воқеа 7 апрель куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Аксу тумани Мамай қишлоғи ҳудудида содир бўлган.

Қирғизистон Давлат Чегара хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон чегарачилари қирғизистонлик ўз мамлакати ҳудудида бўлган пайти уни ўққа тутган.

"Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчилари Қирғизистон фуқароси – Жалолобод вилояти, Аксу тумани, Қурулуш қишлоғида яшовчи, 1984 йилда туғилган Ф.М.га нисбатан қурол қўллашди. У Қирғизистон ҳудудида бўлиб, Мамай қишлоғига кетаётган бўлган", дейилади Қирғизистон Чегара хизмати расмий баёнотида.

Ўзбек чегараси ўқидан ўлган қирғизистонликнинг исми-шарифи тўлиқ очиқланмаяпти.

Расмий баёнотда айтилишича, Ф.М Қирғизистоннинг Кербен шаҳар касалхонасига етказилган, бироқ у олган жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этган.

Қирғизистон Чегара хизматидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда мазкур воқеа бўйича тергов-суриштирув ишлари бошланган. Ҳодиса рўй берган жойда Қирғизистон Чегара хизматининг Жалолобод вилоят бошқармаси зобитлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан иборат гуруҳ ишламоқда.

Шанба куни Қирғизистон Бош вазири Сапар Исоқов тегишли идораларга ушбу воқеани "Ўзбекистон томони билан биргаликда" текшириш вазифасини топширди.

Ўзбекистон томони ушбу воқеани ҳозирча изоҳлагани йўқ. Ўзбекистон Чегара хизмати расмийлари Озодликнинг чегарадаги мазкур воқеа бўйича саволларини ҳам жавобсиз қолдирди.

Жалолобод вилояти чегарачиларидан олинган маълумотга кўра, содир бўлган ушбу ҳодисанинг қай вазиятда содир бўлганига аниқлик киритиш мақсадида 7 апрель куни Ўзбекистон ва Қирғизистон томони вакиллари учрашган.

Ўзбек-қирғиз чегарасидан ноқонуний мол олиб ўтган ака-укалар отилди. Бири ўлди

4 апрель куни ҳам ўзбек-қирғиз чегарасида содир бўлган воқеада Ўзбекистон чегарачиси ўқидан бир киши ҳалок бўлган эди.

Андижон вилояти ҳуқуқ тизими мулозимининг Озодликка айтишича¸ 4 апрелда чегарани ноқонуний кесиб ўтаëтган пайтда уч киши ўзбек чегарачиси томонидан ўққа тутилган ва отилганлардан бири - 24 яшар Аҳлиддин Деҳқонов олган жароҳатлари оқибатида вафот этган, унинг акаси ва яна бир шериги ҳозирда шифохонада даволанмоқда.

Отилганларнинг барчаси Ўзбекистон ватандошлари бўлиб, улардан икки нафари- ака-ука Одилбек ва Аҳлиддин Қорасув шаҳар, Уч тегирмон МФЙ, Теракзор кўчасида, уларнинг учинчи шериги- 1994 йилда туғилган Деҳқонов Аҳлиддин Аҳмаджонович эса Қорасув шаҳар Мустақилликнинг 15-йиллиги МФЙ, Бўрилик кўчасида яшайди.

Ҳозирча Озодлик чегарадан ноқонуний мол олиб ўтганларга қарата ўт очган ўзбек ҳарбийсининг кейинги тақдирига оид маълумотга эга эмас.

У хизмат қиладиган 9228-сонли ҳарбий қисмнинг Озодлик боғланган вакили воқеа бўйича тергов ҳаракатлари бошланганини билдирди.

“Бу ҳолат бўйича тергов органлари фаолиятни бошлаган. Яқинда тергов органлари вакиллари расмий баёнот беришади. Шу баёнот орқали воқеага доир барча маълумотни билиб оласиз”, деди ҳарбий қисм ходими 5 апрель куни Озодлик билан суҳбатда.

2017 йил сентябрда Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарадан ўтишлар бўйича чекловни бекор қилган.

Жорий йил январига келиб, қирғиз-ўзбек чегарасидан ўтаётганлар сони икки баробарга кўпайгани айтилди. Жумладан, “Қадамжой” постида йўловчилар оқими бир суткада 2000-2500 кшини ташкил қилаяпти.

Айни пайтда чегарадан ноқонуний юк олиб ўтиш ҳолатлари ҳам давом этаётгани кузатилмоқда.

ДХХ Чегара қўшинлари жорий йилнинг 30 март куни эълон қилган маълумотга кўра¸ 2017 йил давомида ўзбек чегарачилари томонидан давлат сарҳадларида 5 мингга яқин чегарабузар қўлга олинган¸ 32 миллиард сўмлик контрабанда маҳсулотлари, 1 миллион 880 минг доллар ва бошқа давлат валюталари, 48 кило 971 грамм гиёҳванд модда ва 285 дона қурол ушлаб қолинган.

Жумладан¸ ДХХ га кўра¸ ўтган ой ўзбек-қирғиз чегарасидан 573 280 долларни ноқонуний олиб ўтаётган фуқаро, чегарачиларга дуч келгач, пул солинган сумкани ташлаб қочган.