Тошкент милицияси бўйи 170 сантиметрдан баланд йигитларни ишга чақираяпти

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси милицияда ишлашни хоҳловчиларга иш таклиф қилмоқда. ИИББ тарқатган эълонда айтилишича, номзодлар бўйи ва ёши белгиланган мезонда бўлиши ва улар психологик, жисмоний тестлардан ўтиши шарт. Расмийларнинг эътироф этишича, иш оғир бўлганлиги сабабли ходимлар узоқ ишлай олмаётгани ва пенсия ёшига етиб қолган ходимлар кўпчиликни ташкил этганлиги учун таркибни янги ва малакали ходимлар билан тўлдиришга эҳтиёж пайдо бўлган.

"Янги кадрларга эҳтиёж бор!"

Ички ишларга янги ходимларни қабул қилиш ҳақидаги эълон Тошкент шаҳри туманларидаги ҳар бир паспорт бўлимининг эълон тахталарига ёпиштирилган.

Бу хабарни тасдиқлаган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими шахсий таркибни янги кадрлар билан тўлдиришга эҳтиёж пайдо бўлганини Озодликка айтди:

“Штат бўйича бизда кадрларга доимий эҳтиёж бор. Ҳар битта ходимнинг белгиланган ишлаш муддати бор. Массовий иш бўлганлиги сабабли ходимлар узоқ ишлолмайди, пенсия ёши яқинроқ (милиция ходимларининг 1 йиллик иш стажи 1,5 йилга ўтади - таҳр.), шунинг ҳисобига кадрлар тез алмашади”, дейди мулозим.

Унинг айтишича, имтиҳонда номзодларга жуда қаттиқ талаб қўйилади:

“Ҳаммаси конкурс асосида бўлади. Номзоднинг бўйи 170 сантиметрдан кам бўлмаслиги, ёши 30 дан ошмаган бўлиши шарт. Улар якка тартибдаги суҳбатдан ўтади, диктант, психологик тест, жисмоний тарбиядан имтиҳонлари бор. Сўнгра, ҳужжатлари ўрганилади ва ҳарбий-тиббий комиссиядан ўтилади. Охирида эса якуний тест бўлади, унда таълим стандартлари асосида имтиҳон бўлади ва энг юқори балл йиққан номзодлар танлаб олинади”, деди мулозим.

Мулозим, милицияга ишга кирмоқчи бўлганлар кўпчилик эканлигини ва улар орасидан фақат энг сазоворлари танлаб олинишини қўшимча қилди.

“Иш оғир бўлса, нега кўпчилик милицияга ишга киришга ошиқади?”

Ўзбекистон ички ишлар тизимида ишлаган собиқ милиция ходимининг айтишича, милициянинг ўзи меҳнат қонунчилигига амал қилмай, ходимларни "эзиб ишлатса-да", барибир кўпчилик ёшлар милицияда ишлашни истайди. Собиқ зобит бунинг сабабларини шундай изоҳлайди:

“Бунинг асосий сабаби - стабил иш ва стабил маош. Масалан, ҳозир зобитлар 2,5 - 3 миллион сўм, сафдорлар бир ярим миллион сўмгача маош олади. Бошқа кимда бор бундай ойлик? Кейин милиция ходимларининг бир йил стажи бир ярим йилга ўтади. 18 йил ишлаб пенсияга чиқиб кетаверасиз. Пенсия ҳам зўр. Шунинг учун милицияда ишлашга лаёқати борми-йўқми, калласи ишлайдими ёки йўқ, ҳаммаси ўзини милицияга уради”, дейди мулозим.

Унинг айтишича, гарчи милиция қонун ҳимоячиси бўлса ҳам, лекин ўзларининг ҳуқуқларини ҳимоя қила олмайди:

“Милициянинг иши жуда оғир. Оддий мисол. Меҳнат қонунчилигида иш 8 соат қилиб белгиланган. Баъзан зарурат сабабли, масалан, казарма ҳолатларида суткалаб ишлашади. Лекин фақат 8 соатга ҳақ берилади. Қонунчилик бўйича бундай ҳолатларда 2 баравар ҳақ тўланиши керак. Мана, милиция ҳақидаги қонун кучга кирган бўлса ҳам, ҳамкасбларимнинг айтишича, бу соҳада ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ", деди собиқ зобитлардан бири.

Унинг айтишича, милиция ходимлари тезроқ етарли иш стажини ишлаб, пенсия чиқиб кетишга ҳаракат қилади.

“Вазирлик кадрларни янгилаш ҳаракатини бошлади”

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, бу тадбир милицияни профессионал бўлмаган кадрлардан тозалаш ва унинг ўрнини шу касбга арзирли кадрлар билан тўлдириш мақсадида бошланган:

“Ўқимишли ва сиёсатни яхши тушунган, маданиятли ходимларни ишга қабул қилиш бу ўз-ўзидан ички ишлар таркибида рақобат келтириб чиқаради ва маъмурий-буйруқбозлик иш услубида қотиб қолган кадрларни секин-аста таркибдан сиқиб чиқаради. Бу уч-тўрт йил давом этадиган процесс. Чунки, айни пайтда халқнинг милициядан кўнгли қолган ва бу тизимни бутунлай янгилаш лозимлигини президент ҳам тушуниб етган”, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ҳозирча милиция ходимларини оммавий ишдан бўшатиш ҳолатлари кузатилмаётгани қўшимча қилди.

Шахси очиқланмаслигини сўраб Озодликка 28 март куни мурожаат қилган бир гуруҳ милиционер¸ Ички ишлар вазирлиги ходимлари 25 йил кутган “Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонун ”2017 йил 16 мартдан кучга киргани¸ аммо амалда ҳеч нарса ўзгармаганини айтган эди.

“Бугунги милиция халқнинг жонига теккан!”

Тошкент шаҳрида яшайдиган, лекин доимий қайдни расмийлаштириш иложини қилолмаган 41 яшар Расулжоннинг айтишича, вилоятлардан пойтахтга келадиганлар милиция ходимларидан безиллаб қолган:

“Буларнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ тегади. Масалан, Қўйлиқ бозорига тушиб, каттароқ сўмкага харид қилсам, дарров мени тўхтатади. Сўмкангда нима бор, ҳужжатингни кўрсат, деб гаранг қилади. Айниқса вилоятдан келганларга қийин. Кўпчилик метрога тушмайди, чунки қишлоқдан келганларни метро милицияси эзади. Шунинг учун, қиммат бўлса ҳам таксида юришади. Хуллас, пойтахтдаги милиция вилоятдан келганларга осилишдан ҳозир ҳам қолгани йўқ”, деди Расулжон.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 9 февраль куни ўтказган селектор йиғилишида бугунги ўзбек милициясидан халқ норози эканлигини таъкидлаб, танқид қилган эди:

- Ўтган йили 4518 нафар ходим, шундан 966 нафар ходим салбий ҳолатларга кўра ички ишлар идораларидан бўшатилган. Улардан аксарияти порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни содир этган. Бундай ҳолатда аҳоли орасида ички ишлар ходими обрўсини қандай қилиб ошириш мумкин? Қонун ҳимоячиларининг ўзи жиноят содир этса, оддий одам дардини кимга айтиши керак? – деган эди Мирзиёев.