Ҳаракат эркинлигини бузиб келаëтган “чиқиш визаси” 2019 йил январидан бекор бўлмайди

Президент Мирзиёевнинг 2017 йил 16 август кунги фармонида 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш стикерини бекор қилиш топширилган эди. 2018 йилнинг март ойига келиб¸ “чиқиш визаси”нинг ўзбекистонликлар қўлидаги жорий паспорт янгисига алмаштирилмагунча¸ сақланиб қолиши маълум бўлди.

Президентнинг бу фармони ўзи ва оиласи ҳаëти хориж давлатларидаги меҳнат муҳожиратига боғлиқ бўлган миллионлаб ўзбекистонлик томонидан Мирзиëев ислоҳотларининг энг муҳимларидан бири сифатида олқиш билан қарши олинган эди.

Кўпчилик бу фармонни¸ 2019 йилнинг 1 январидан сўнг амалдаги биометрик паспорт билан Ўзбекистонга бориб¸ чиқиш визаси сўралмаган ҳолда¸ қайтиб чиқишга бериладиган ҳуқуқий асос сифатида қабул қилган эди.

Аммо Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси (собиқ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси) бошлиғи, полковник Бадриддин Шорисқиев баëноти¸ бундай умидларнинг асоссиз эканини кўрсатди.

8 март куни kun.uz нашри эълон қилган суҳбатда Шорисқиев:

"2019 йил 1 январь куни хорижга чиқмоқчи бўлган ўзбекистонликлар биометрик паспортларида муддати ўтмаган стикерлари бўлса (ҳам) хорижга чиқишлари мумкин", деди.

8 март куни Озодликка бу баëнотни тушунтирган Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш тизими расмийлари¸ 2019 йилнинг 1 январидан сўнг ҳам¸ то янги жорий этилиши кутилаëтган махсус хорижга чиқиш паспорти олмагунга қадар¸ жорий биометрик паспорт эгалари¸ Ўзбекистондан чиқиш учун икки йиллик чиқиш визаси олишлари шарт эканини айтди.

“2019 йилда ҳам стикер бериш давом эттирилади. Агар сиз ўзбекистонлик бўлиб, хорижда яшасангиз ва қўлингизда Ўзбекистоннинг янги биометрик паспорти бўлса, 2019 йилнинг исталган вақтида келиб, стикерни янгилаб олишингиз мумкин. Ҳозирча бизда стикер бериш тўхтатилиши ҳақида ҳеч қандай кўрсатма йўқ”, деди Халқаро хотин-қизлар байрами куни навбатчилик қилаётган Тошкентдаги паспорт столларидан бири ходими.

Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш тизимининг пойтахтдаги яна бир расмийсига кўра, 2019 йил январидан бошланадиган янги хорижий паспорт бериш жараëни камида уч йил давом этади ва бу давр ичида амалдаги биометрик паспортга стикер ёпиштириш амалиëти сақланиб қолади.

"Хорижий паспорт бериш президентимизнинг ўтган йилги ПФ 5156- сонли фармонида белгиланган муддатда бошланиши кутилаяпти. Бироқ қўлингизда 2011 йил намунасидаги янги биометрик паспорт бўлса, сиз хорижий паспорт олмасдан ҳам эски паспортга стикер ёпиштириш орқали чет элга саёҳат қилишингиз мумкин. Балки хорижий паспорт билан боғлиқ фармон янгиланиши мумкин. Чунки раҳбариятнинг ҳисоб-китобича, чет элга чиқувчиларни хорижий паспорт билан таъминлашга 3 йил камлик қилади”, деди Тошкентдаги паспорт столларидан бирининг ходими.

Ўтган йил февралида Шавкат Мирзиёев вазирлик ва муассасаларга Ўзбекистон паспорт-виза ҳамда кириш-чиқиш тизимини такомиллаштириш чораларини ишлаб чиқишни топширган эди.

Хусусан, 1995 йилдан бери амал қилаётган, хорижга чиқиш стикерларини бекор қилиб, чет элга чиқиш учун алоҳида паспорт жорий қилиш тизимини киритиш режалаштирилган эди.

Орадан 7 ой ўтиб қабул қилинган президентнинг махсус фармонида 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб хорижга чиқиш стикерлари бекор қилиниб, хорижга чиқиш паспорти жорий қилиниши таъкидланди.

Фармонга кўра, хорижий паспорт вояга етмаганлар учун 5 йилга, 16 ёшдан катталар учун 10 йил муддатга берилади.

Ўзбекистон ўз фуқароларининг хорижга чиқиши учун махсус "виза” талаб қиладиган дунëдаги икки давлатдан бири бўлиб қолмоқда. Бу рўйхатдаги иккинчи давлат Шимолий Кореядир.