Президент тақиқига қарамай, врачлардан металлолом учун ҳақ ушлаб қолинди

Озодлик мактаб ўқувчиларини ҳам металлолом йиғишга мажбур этилгани ҳақида кўп хабар берган

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани Давлат эпидемиология-санитария назорат маркази (ДСЭНМ​) ходимларининг бир кунлик иш ҳақи металлолом учун ушлаб қолинди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган шифокорларнинг айтишларича, бош врач ҳам, бу ҳақда топшириқ берган туман ҳокимлиги ҳам жорий йилнинг 1 январидан бошлаб таълим ва тиббиёт муассасаларига темир-терсак йиғиш президент қарори билан тақиқланганини назар-писанд қилмаяпти.

Туман ҳокимлиги металлоломга пул ўтказиш ҳақида топшириқ берилганини инкор қилмоқда.

Шўрчи тумани ДСЭНМда ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ходимлардан бирининг Озодликка айтишича, улардан бир кунлик иш ҳақини металлоломга ўтказиш тўғрисидаги рўйхатга имзо чекдириб олинган.

“Марказнинг қарийб 80 нафар шифокору ҳамширалари 30-50 минг сўм атрофидаги бир кунлик иш ҳақини металлоломга ўтказишга мажбурланди. Ҳамма рўйхатга имзо чекди. Директоримизнинг айтишича, бу ҳокимиятнинг топшириғи ва биз буни бажаришга мажбур эканмиз. Президентимиз бу йилдан бошлаб ўқитувчию шифокорларни металлоломдан озод қилган бўлсаю, булар билганини қилса. Бу раҳбарлар президентнинг қарорини нега бажармайди”, - дейди шифокорлардан бири.

Исми сир қолишини сўраган марказ ҳамшираларидан бири декабрда обуна¸ март ойида эса¸ макулатура солиғи солинганини билдирди.

“Ўтган йилнинг охирида ҳар бир ходимдан 100-200 минг сўмдан обуна учун ушлаб қолишди. Кошкийди биз обуна бўлган газеталаримизни қўлимизга олсак. Март ойида эса ҳар бир ходим 9 килограммдан макулатура топширишга мажбурланди. Дўконларга кириб, илтимос қилиб, коробка-моробка қилиб олиб келиб топширдик. Энди эса яна металлолом учун бир кунлик иш ҳақимиздан ушлаб қолишаяпти. Барибир биз ҳокимликка мутеликдан қутула олмаяпмиз”, дейди бу ҳамшира.

Шўрчи тумани ДСЭНМининг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бири, Озодлик билан суҳбатда металлоломга пул ўтказиш топшириғи ҳокимиятдан бўлганини айтди.

“Сиз ҳам қизиқ савол берасиз, албатта бундай топшириқлар ҳокимликдан бўлади-да. Металлолом, макулатура бизга нима зарил, шундай ҳам ўз ишимиздан ортмаймиз. Ҳокимиятдан сўранг, ҳокимиятдан”, - деди мулозим.

Шўрчи тумани ҳокимининг ёрдамчиси Аҳлиддин Холматов шифокорларга металлолом топшириғи берилганини инкор қилди.

“Йўқ, бунақа топшириқ берилган эмас. Агар бериладиган бўлса, металлоломнинг ўзини беринглар дейилади, бир кунлик иш ҳақи деб эмас. Лекин боғчаларга ҳам, мактабларга ҳам, тиббиётга ҳам бундай топшириқ бўлмаган. Бу ерда қандайдир тушунмовчилик борга ўхшайди”, - деди Аҳлиддин Холматов.

Жорий йилнинг январь ойида Шўрчи туман Давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг шифокор ва ҳамширалари фермер хўжаликлари ва аҳоли уйларида қанча гўнг захираси борлигини аниқлашга сафарбар қилингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 декабрда имзолаган темир терсак йиғишнинг 2018 йилга мўлжалланган чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорда 2018 йилнинг 1 январидан таълим ва тиббиёт муассасаларига металлолом ва темир-терсак чиқиндиларини йиғиш бўйича кўрсатмалар бериш тақиқлаган эди.

Озодлик радиоси темир –терсак йиғишга ёки бунинг учун пул йиғишга нафақат ўқитувчилар, ўқувчилар ва тиббиёт ходимлари, балки фермерлар ҳамда болалар боғчасига қатнайдиган фарзандлари бор ота оналар ҳам жалб қилиб келинганини мунтазам ёритиб келган.