Андижон вилоят, Бўстон туманилик 8 нафар ёшга Улуғнор туманидан деҳқончилик ва боғдорчилик учун 2020 йили тантанали равишда ажратилган жами 16 гектар ер улардан тортиб олиниб, наманганлик бошқа бир тадбиркорга соя экиш учун бериб юборилди.
Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган ёшларнинг айтишларича, ўтган икки йил давомида уларга ерга эгалик қилиш хусусидаги ҳужжат ҳам берилмаган.
Ёшлар бу ерга ўз ёнларидан ўнлаб миллион сўм сарфлаган, кўчат эккан, қатор ораларида буғдой етиштирган. Аммо улар сарфлаган маблағига куйиб қолган.
Улуғнор туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари, ёшларга ажратилган ер учун қарор чиқарилмагани сабабли, давлат захирасида бўлган бу ерлар соя экиш учун ажратилганини айтди.
2020 йилнинг июнида Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг шахсий ташаббуси билан 100 нафар ёш тадбиркорга боғдорчилик, сабзавотчилик учун ер ажратиб берилган эди.
Ер топшириш жараёни Улуғнор туманида ўтказилган, ўша куннинг ўзида ёшлар ер ҳужжатлари учун 270 минг сўмдан нақд пул ҳам тўлаганди.
Ўшанда Бўстон туманидан бўлган 8 нафар ёш йигитга Улуғнор туманининг Бешқарсак деган ҳудудидан икки гектардан суғориладиган ер ажратилиб берилган эди.
Исми сир қолишини сўрган ёшлардан бирининг Озодликка айтишича, ўша йили улар ерни шудгорлаб, бегона ўтлардан тозалаб, кузда бодом, ёнғоқ, олма, узум ва бошқа кўчатлар экишган.
“Баҳорда биз қуриб қолган кўчатлар ўрнига қайта кўчат экдик. Ажириқни йўқотиш учун кўчат қатори орасига буғдой экдик. Сув танқис бўлди. Скважиналар қазилган эди, лекин икки йил мобайнида ишга тушмади. Ток тортилиб келганича қолиб кетди. Ўзимиз насос билан закандан сув тортмоқчи бўлган эдик, электросетдан келиб жарима солиб, узиб кетишди. Лекин шундай бўлса ҳам амаллаб турган эдик. Бу йил яна сувни кутиб турган эдик, Наманган вилоятидан келган тадбирокрга бериб юборишибди. Шахсан мен бу ерга 20 миллион сўмча харажат қилган эдим, энди куйиб қоляпмиз”.
Мавзуга алоқадор Самарқандда ишсиз ёшларга берилган ер қайтариб олинди(ВИДЕО)Исми сир қолишини сўраган бошқа бир ёшнинг айтишича, ўтган икки йил давомида уларга ерга эгалик қилиш ҳақида ҳужжат ҳам қилиб берилмаган:
“Ўша кунги вилоят ҳокими билан учрашувда бизга қоп-қоп ваъдалар берилган эди. Ҳоким бу ерлар келгусида боғдорчилик ривожланган туристик жойларга айланишини таъкидлаган, биз ёшлар унинг гапларидан руҳланган эдик. Ўзимизнинг ёнимиздан маблағ сарфлаб, енг шимариб ишга киришдик. Аммо 2020 йилда ҳам, 2021 йилда ҳам бизга ҳужжат қилиб беришмади. Яъни қарор чиқмади. Ўтган йилдан бошлаб эса ерларни ҳоким қарори билан бериш бекор қилинди. Аукционга ҳам қўйишмади. Ўзларича, соя экиш керак деб, бошқа тадбиркорга қарор чиқариб бериб юборишди. Биз ёшлар яна ерсиз ва ишсиз қолиб кетдик. Биз кимга ишонишни ҳам билмай қолдик. Жуда катта ваъдалар берилгани учун қўрқмасдан пул сарфлаб меҳнат қилдик. Амал кимнинг қўлида бўлса хоҳлаганини қилаверадими?”.
Улуғнор туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Нуъмонжон Қирғизов Озодлик билан суҳбатда ёшларга берилган ер давлат захирасига қайтариб олинганини тасдиқлар экан, бунга ерлар ёшларга бириктирилгани ҳақида қарор чиқарилмаганини сабаб қилиб келтирди:
“Ёшларга қарор чиқмаган экан, энди у ерлар агрофирмага ўтказиб берилди ва соя экиляпти. Ҳозир соя сиёсати жуда қаттиқ бўляпти. Ўзлари экса ҳам бўловради, ким экса ҳам шартномани қилиб давлатга соя режасини топшириши керак. Улар энди ўзларига экиб юриб, давлатга топширмай ўрганиб қолишган. Улар ернинг у еридан, бу еридан чўқиб фойдланиб кетадиган одамлар. Энди ҳамма жойда сояга план қўяяпти, оборотдан чиқманглар деяпти, прокурорнинг зами ўзи бизда вакил. Ҳар куни эккан ернинг назоратини оляпти. Энди у ёшларга қарор чиқарилмаган экан-да”.
Қарор нега чиқарилмган, деган саволга ҳоким ўринбосари "Бундан хабарим йўқ", деган жавоб билан чекланди.
Мавзуга алоқадор Ғўзанинг соясида қолиб кетган соя. Фермерлар соя топширишга мажбурланмоқда2018 йилнинг февралида ҳукуматнинг “Республикада соя етиштириш ҳажмларини янада кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди.
Бу қарорга асосан ортиқча ер бўлмагани сабабли ғўза қатор ораларига соя экишга мажбурлов фермерларнинг норозилигига сабаб бўлган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 27 январь куни ёшлар масаласига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга жойларда ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиш тўғрисида буйруқ берган эди.
“Ҳар бир фермер 2 гектардан ерини ярим гектардан қилиб, 4 нафар ёшларга бўлиб берсин. Улар бу ерга истаган экинини эксин, ҳеч ким аралашмайди”, — деган эди президент.
Мавзуга алоқадор Ҳар 10 гектар ердан 1 гектари ёшларга бериладиШунингдек, қудуқлар қазиб, захира ерларни ёшларга фойдаланиш учун бериш, томорқада лимончилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик қилишлари учун кредитлар ажратиш юзасидан кўрсатмалар берган эди.
Андижон вилояти ҳокимлигидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.