Бишкекда янги конституция лойиҳасига қарши намойиш бўлди. Норозилар уни “Хонституция” деб атамоқда

Норозилар янги конституцияни Хонституция деб атамоқдалар.

Бишкекда Қирғизистон конституциясининг янги лойиҳасига қарши норозилик акцияси бўлиб ўтди. Акция иштирокчилари лойиҳани бекор қилишни, мамлакат парламенти тарқатилишини ва тез орада янги сайлов ўтказилишини талаб қилмоқда.

9 март куни Бишкекнинг Олатоғ марказий майдонида ўтган митинг иштирокчилари конституция янги лойиҳасида президентга жуда катта ҳуқуқ берилгани, аммо унинг жавобгарлиги кўзда тутилмаганини айтишди.

“Парламент тарқалсин”, “Хонликка йўл йўқ”, “Стоп, Хонституция” каби шиорларни кўтариб намойишга чиққанлар янги конституцияда президентга ҳокимиятнинг барча бутоқларни бошқариш ҳуқуқи берилгани авторитаризмга олиб келишидан ташвишланмоқда. Шунинг учун норозилар янги конституцияни "Хонституция" деб атамоқда.

Митинг ташкилотчилари “Хонституцияга қарши марказ” ташкил этиб, ижтимоий тармоқлар орқали сиёсат ва жамоат арбобларининг Бош қонун янги лойиҳасига қарши фикрини эълон қилиб бормоқда. Марказ раҳбари Жениш Мўлдўқматов конституциянинг янги лойиҳасини “ноқонуний”, деб ҳисоблайди. У президент ва депутатларни судга бермоқчи.

“Мамлакатда ноқонуний конституциявий давлат тўнтариши бўляпти. Ҳукумат узурпация бўлди. Садир Жапаровнинг халқ олдида сайловгача, сайлов пайти айтган гаплари гаплигича қолиб кетди. У “Мен масъулиятли ҳукумат, адолатли бошқарув ўрнатаман”, деган. Бундай бўлмади. Конституция лойиҳасини ўқиб чиқдим, ҳокимият бир одам қўлига ўтяпти. Ижроя ҳокимияти, куч органлари раҳбарларини президентгина тайинлайди. Ўзи истаган пайтда бўшатади. Бироқ ўзи ҳеч ким олдида жавобгар бўлмайди. Бирлашган куч, партиялар,сиёсатчилар, жамоат арбоблари билан бирга парламентнинг ҳар бир депутатини, президент Садир Жапаровни ҳокимиятни узурпация қилиш бўйича судга берамиз. Жавоб беришсин”, - деди митингда Жениш Мўлдўқматов.

У, шунингдек, янги лойиҳа қабул қилинса, сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари чекланиши мумкинлигини айтди.

Мазкур ҳужжатни биринчи ўқишда қўллаган парламент депутатлари ҳам танқидга учради. Митингга чиққанлар парламент депутатларининг ваколат муддати тугагани, шу сабабли уларни молиялаштиришни тўхтатишни талаб қилишди.

Аввалроқ Конституциявий кенгаш раиси Бекбўсун Бўрубашев Озодлик радиоси қирғиз хизмати эфирида юқоридаги айбловларга қуйидагича жавоб берганди:

“89-модданинг 5-пунктида “ижроя ҳокимияти фаолияти учун президент шахсан жавобгар”, деб турибди. 73-моддада эса, “президент Конституцияни, қонунларни бузса, суд системаси, Жўғўрқу Кенеш ишига аралашса жавоб беради”, деб ёзилган”, - деган эди Бўрубашев.

Ўтган йили парламент сайловларидан кейин содир бўлган тартибсизликлардан сўнг 22 октябрда Жўғўрқу Кенеш муддати узайтирилган. Парламент қайта сайлови 1 июнга қадар тайинланиши керак эди. Бироқ Президент Садир Жапаров 1 март куни Қозоғистоннинг “Казинформ” агентлигига берган суҳбатида Жўғўрқу Кенеш сайловлари кузда ўтишини айтган.

Депутатлар эса ўзларини легитим деб ҳисоблашади. Улар ўтган йил октябрь воқеаларида ўзларини мамлакатнинг ҳуқуқий майдонга қайтишига ҳисса қўшган деб билишади.

Президент матбуот котиби Галина Байтерек 9 март куни ўтган митингни изоҳлар экан:

“Бирон нарсага маъқул бўлишмаса судга мурожаат қилиш уларнинг конституциявий ҳуқуқи. Бу оддий кўриниш. У ерда қандай қарор чиқиши бу суднинг ҳуқуқи”,- дея фикр билдирди.


Лойиҳани парламент қачон қабул қилиши ва президент уни қачон имзолаши ҳозирча номаълум.