Қирғизистоннинг Боткен вилоятидан Ўзбекистон ва Тожикистонга табий газ ноқонуний сотилаётгани тўғрисидаги маълумотни ўрганган ишчи гуруҳ бундай шубҳага асос йўқ деган қарорга келган. Бу ҳақда 11 март куни Озодликнинг қирғиз хизматига Боткен вилоят ҳокимияти маълум қилди.
Расман билдирилишича, вилоят ҳокимияти вакиллари “ЎшГаз” идорасининг мутахассислари билан бирга Қадамжой тумани Ақтупрақ қишлоғига бориб, Ўзбекистон ҳудудидаги газ омборларини кўздан кечирган. Мазкур омборларда газ ёки нефть махсулотлари йўқлиги аниқланган.
Расман билдирилишича, бу ҳудудда делимитация ишлари тўла тамомланган, бироқ газ ва нефть объектлари шу кунгача Қирғизистонга ўтказиб берилмаган, уларни ўзбек томони қўриқлаб турибди.
11 март куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳам Боткен вилояти ҳудудидан Ўзбекистон ва Тожикистонга ноқонуний равишда газ сотилаётгани тўғрисидаги иддаолар ҳақиқатга зид эканини билдирган эди.
Қўмитанинг маълум қилишича, шу йилнинг 1 мартидан бошлаб Қирғизистондан нефть ва газ маҳсулотларини Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмаган давлатларга сотишга вақтинча таъқиқ қўйилган.
Қирғизистон парламенти депутати Бейшенали Нурдинов 9 март куни Боткен вилоятининг Ақтупрақ қишлоғидаги учта газ қувури орқали Ўзбекистон ва Тожикистонга табий газ ноқонуний равишда сотилаётгани ҳақида гапирган эди. Унга кўра, маҳаллий блогерларнинг бу маълумотига вилоят ҳокимияти эътибор қаратмаган.
Депутат бу маълумотни олганидан сўнг ўзи ҳам Ақтупрақ ҳудудига борганини ва у ердаги Бурганди массивида газ бурғаловчи 278та станция ишлаётганини “ўз кўзи билан кўргани”ни иддао қилган.
Бурганди массивида Ўзбекистоннинг “Фарғонанефть” ширкати 1950 йилдан 2011 йилгача газ ва нефть қазиб олар эди. Бу конларда асосан Риштон туманига қарашли Чўнғара қишлоғи аҳолиси ишлаб келган.
Бурганди Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида баҳсли бўлиб турган ҳудуддир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон узоқ йиллар фойдаланиб келган “Шимолий Сўх” ва “Чўнғара-Ғалча” ерости газ омборлари қўшни Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳудудида жойлашган.
Қирғизистон парламенти 2011 йил 13 майда бу икки газ омборини Қирғизистон назоратига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган. Бироқ шу кунгача бу қарор ижроси таъминланган эмас.
Маълумотарга кўра, Боткен вилоятида Ўзбекистон Советлар замонидан бери газ ва нефт қазиб келган 1270 гектар ер бор.
Қирғизистон ҳукуматининг нуқтаи назарича, бу ерларни Ўзбекистон ўтган асрнинг 50-йилларида Москва кўрсатмаси билан ижарага олган.