Қирғизистон Ўзбекистоннинг Сўх анклавига авиақатнов ва транспорт йўлаги очишга тайёр. Айни пайтда Ўзбекистон Қирғизистон билан баҳсли бўлиб турган Унгартепа (Қирғизистонда Ункур Тоо) ҳудуди ўзиники экани тўғрисидаги даъвосидан воз кечади.
Қирғизистон президенти матбуот хизмати президент Садир Жапаровнинг 11-12 март кунлари Тошкентга ташрифи ортидан эришилган мазкур келишувлар юзасидан тарқатган хабар қирғиз жамиятида норозиликларга сабаб бўлди.
Қирғизистонликларнинг бир қисми Ахси тумани Унгартепа доимо Қирғизистон ҳудуди бўлганини иддао қилган ҳолда, президент маъмуриятининг бу маълумотини “тушунарсиз”, деб баҳолаган.
Айрим қирғизистонликлар Ўзбекистоннинг Сўх эксклавига транспорт йўлаги очиладиган бўлса, Боткен вилояти анклавга айланиб қолишидан ташвиш билдирган.
Норозиликдан сўнг президент расмий сайтидаги хабар таҳрир қилинди
“Қирғиз томони Қирғизистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх анклавига транспорт ва авиа қатновлари очишга тайёр. Анклав аҳолиси давлат чегарасидан эркин ўта олади. Ўз навбатида ўзбек томони Қирғизистонга шу пайтгача чегара ҳудудида яшовчи аҳоли ўртасида турли баҳсларга сабаб бўлган Ункур Тоо (Ўзбекистонда Унгартепа дейилади-муҳаррир) ҳудудига даъвогарликдан воз кечишга тайёр”, - деб билдирган президент Садир Жапаровнинг матбуот котби Галина Байтерек 13 март куни.
Қирғизистон президенти расмий сайтида эълон қилинган маълумотга асосан томонлар қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация ва демаркация қилиш ишларини яқин уч ой ичида якунлашга келишиб олган.
Президент расмий сайтида чиққан ушбу хабардан сўнг қирғиз жамоатчилиги орасида Сўх анклавига йўл очилса, Боткен вилоятининг ўзи анклавга айланиб қолади деган ҳавотирлар, норозиликлар янграй бошлади. Шундан сўнг хабар таҳрир қилинди ва ундан Сўхга транспорт қатновини очиш қисми олиб ташланди.
Таҳрир қилинган хабарда “Қирғизистон фақат авиақатновларни очишга тайёр” экани билдирилган.
Боткен вилоят ҳокимияти: Транспорт йўлаги берилмайди, "Қайтмас" чегара пункти очилади
Боткен вилоят ҳокимияти 14 март куни “11-12 март кунлари Қирғизистон ва Ўзбекистон президентларининг учрашуви натижасида қирғиз томони Қирғизистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх анклавига йўл очиб беради деган нотўғри маълумотлар тарқалгани” ҳақида расмий баёнот тарқатди.
Расмий баёнотда таъкидланишича, музокараларда Сўхга транспорт йўлаги очилиши ҳақида гап бўлмаган. Гап фақат пандемия туфайли Боткен вилояти Қадамжой туманида ёпилиб қолган “Қайтмас” чегара назорат пунктини қайта очиш ҳақида борган ва бу борада ўзаро келишувга эришилган.
Сўх аҳолиси мазкур чегара назорат пунктидан чегара тартибига амал қилинган ҳолда ўтказилади.
“Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонга Қайтмас чегара пости орқали кириб, Сўх туманигача бўлган масофани Қирғизистон орқали босиб ўтади. Шундан сўнг “Ўтикчи” чегара постидан белгиланган тартибда ўтиб, Сўхга кира олади”,-дейилади баёнотда.
Собиқ губернатор: Сўхга транспорт йўлаги берилса, Боткен анклавга айланиб қолади
Боткен вилоятининг собиқ губернатори Мамат Айбалаев “Сўх масаласида эътиборли бўлиш керак”, дейди:
“Транспорт йўлаги очилса, унинг кенглиги қанча бўлишини аниқлаш керак. Масалан, ҳукуматни Қурманбек Бакиев бошқарган даврда 200 метр дейилган. Бу йўлак бўладими ёки оддий йўл бўладими? Бакиев даврида таклиф қилингани каби йўлак очилиб, у ерни Ўзбекистон назоратига олса, бизга қийин бўлади. Оддий йўл очилган тақдирда ҳам, етти ўлчаб бир кесиш зарур”.
2001 йили Қирғизистоннинг ўша даврдаги бош вазири Қурманбек Бакиев ўзбекистонлик ҳамкасби билан Сўхга транспорт йўлаги очиш тўғрисида махсус меморандум имзолаган.
Кейинроқ Сўхга йўлак бериладиган бўлса Қирғизистоннинг Боткен, Лайлак тумани, Сулукта шаҳри Ўзбекистон ичидаги қирғиз анклавига айланиб қолиши мумкинлиги аён бўлганидан сўнг, расмий Бишкек бу меморандумдан бош тортган.
Унгартепа-Ункар Тоо Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги кескинликни кучайтирган ҳудуд
Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасининг аниқланмаган қисмида Жалолобод вилояти Ахси туманида жойлашган ва Қирғизистонда Ункур Тоо деб аталувчи Унгартепа ҳам бор.
У ерда Қирғизистонга тегишли “Кербен” радиореле станцияси жойлашган. 2016 йилда у ерда низо чиққач, Ўзбекистон бу ҳудуд ўзига тегишли эканини маълум қилган.
Мавзуга алоқадор Ўнгартепа баҳси: Қирғизистон жиноий иш қўзғатдиЎзбекистон чегарачилари 2016 йилнинг бошларида бу ҳудудга икки марта кириб келган. Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги бу жанжал 2016 йилнинг 13 августида Қирғизистон томонидан ўзбек милиционери қўлга олинганидан сўнг бошланганди.
Мана шу воқеа ортидан 22 август куни Ўзбекистон Унгартепа ҳудудига иккита вертолётда 7 кишилик милиция десантини ташлаган.
Бунинг ортидан Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларида кескинлик пайдо бўлган, ҳамда Бишкек 3 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон билан чегараларини ёпиб қўйган эди. Натижада Ўзбекистоннниг Қирғизистондаги Сўх ҳамда Шоҳимардон эксклавлари қамал ҳолатига тушган.
Мавзуга алоқадор 4 қирғиз милиционери қайтариб берилганига қарамай, Шоҳимардон “қамали” давом этмоқдаШундан сўнг Ўзбекистон 2016 йилнинг 18 сентябрида Унгартепадан ўз десантини олиб чиқиб кетишга мажбур бўлган.
Ахси туманига қарашли Қашқасу қишлоқ кенгаши депутати Шекербек Қамчибек ўғли бу воқеани эслар экан:
“Бу ерлар бизники, Ўзбекистонники эмас. Ункур Тоо тепасидаги ер аниқланмаган, дейишмоқда. 1990 йилларда кимга тегишли экани аниқланмай, қолиб кетган. Бироқ тарихга таянсак бу ер аввалда ҳам қирғизларники бўлган. У ерда халқимиз чорвасини боққан” – деб айтди.
Собиқ ҳукумат амалдори: Унгартепанинг бир қисми Ўзбекистонга тегишли эди
Қирғизистон ҳукуматининг Чегарани аниқлаш бўйича комиссиянинг собиқ раҳбари Саламат Аламанов Унгартепанинг бир қисми ҳақиқатан ҳам баҳсли эканини билдирди:
“Унгар Тоонинг бир қисми Қирғизистонга, бир қисми Ўзбекистонга тегишли. Тоғ чўққисидаги Ўзбекистонга тегишли ерда Қирғизистоннинг радиореле станцияси бор. Бизнинг станция тургани учун ўша ерни Қирғизистонга беринглар деган масала қўйилган. “Унинг ўрнига бошқа ер бериб алмашиш йўли билан масалани хал қилиш керак” дейилган. Бироқ бу масала ҳал этилмаётганди”.
Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги 1378 километрлик чегаранинг 1170 километри ёки 85% 2017 йили аниқланган. Яна 10% бўйича келишилгани хабар қилинган. Бироқ улар ҳукумат ва парламентлар томонидан тасдиқланиб, ратификация қилиниши керак. Ҳозирги сўзлашувлар айни ўша 10% ва қолган 5% чегара доирасида бўлмоқда.
Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистоннинг Сўх, Чўнғара -Қалча, Шохимардон, Тоштепа деган тўрт эксклави бор. Ўзбекистон ичида эса Қирғизистоннинг Барак эксклави мавжуд.