Москвада Ядро физикасини ўрганаётган талабалар “Ўзатом”ни контрактларни сохталаштирганликда айбламоқда

ММФИ Миллий ядро тадқиқотлари университети

Москва Муҳандислик-физика институтининг Миллий тадқиқот ядро университетида (НИЯУ МИФИ) таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ва уларнинг яқинлари “Ўзатом” раҳбариятини олдин имзоланган контракт варақларини алмаштириб, шартларни ўзгартириб юборганликда айблагани учун босим остида қолганини айтмоқда.

Ўқув юрти талабаларига тақдим этилган бир тарафлама ўзгартирилган ҳужжатда асосий тўловлар талабалар бўйнига юклатилгани айтилмоқда.

"Ўзатом" (Ўзбекистон Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги​) раҳбарияти шартномага киритилган ўзгартишлар тўғрисида талабалар оғзаки огоҳлантиргани ва уларнинг аксари янги шартларга кўнганини билдирди.

Москва Муҳандислик-физика институтида эса бу масалада ҳозирча изоҳ бера олмасликларини билдиришмоқда.

“Ўзатом” шартнома варақларини ўзгартириб қўйибди!”

Москвадаги Муҳандислик-физика институтининг (МИФИ) Миллий тадқиқот ядро университетида (НИЯУ) таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ижтимоий тармоқларда “Ўзатом” раҳбариятини контракт шартларини бир тарафлама ўзгартирганликда айблаган эди.

Талабаларнинг яқинлари бу ҳақдаги хабар Озодликда эълон қилингани ортидан фарзандлари босим остида қолгани тўғрисида хабар қилди:

“Ўзатом' шартномани ўзи бузиб, биздан пул ундирмоқчи ва контракт ҳамда бошқа тўловларни тўлашга мажбур қилмоқда. Ваҳоланки, олдинги шартномада “ким шартномани бузса, ўша кўрилган зиённи қоплаши керак”, деб белгиланган. Илтимос, ёрдам беринглар”, дейилади хабарда.

Агентликнинг контрактни бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантирув хати

Озодлик суҳбатлашган ядро физикаси бўлажак мутахассисларидан бири исми ошкор этилмаслиги шарти билан вазиятни бундай таърифлади:

- Биз ўзимиз ҳаракат қилиб, рус тилида имтиҳонларни топшириб, ўқишга кирганмиз. Ўтган йилнинг 15 августида биз “Ўзатом” билан шартнома имзолаганмиз. Тўрт тарафлама шартномада стипендия, авиабилет ва тиббий полисларни тўлаб бериш, шартнома бузиладиган бўлса ҳаражатларни қоплаб беришга келишилган. Бироқ, имзоланган шартноманинг тўртта нусхасини ҳам “Ўзатом" ва МИФИ раҳбарияти имзолайди”, деб биздан олиб қўйилди. Бизга кейин қайтариб берилган ҳужжатларда эса биз ўзгаришларни кўрдик!

Талабанинг айтишича, ўзгартирилган ҳужжатда “шартномани бажаришдан воз кечган ёки тан олмайдиган томон” ёки “талаба ўқишдан ҳайдалиб кетган ҳолатда” талабалар Россиядаги рубль ҳисобига 300 минг рубль ёки 5 минг АҚШ доллари миқдорида контракт тўловини ўзлари амалга оширишлари лозимлиги тўғрисида янги бандлар пайдо бўлган.

Қилинган ҳаражатлар ҳисоб-китоби.

Бошқа бир талаба шартнома имзоланаётганида варақларнинг ҳаммасига эмас, балки охирги варағигагина имзо чекилганига эътиборимизни қаратди:

- Шартнома 5 варақдан иборат ва августда бизга фақат охирги вараққа имзо қўйдиришган. Улар биринчи 4 варақни алмаштириб қўйган! Аслида ҳар бир варақда имзо бўлиши керак, қонун бўйича. Бизни ёш бола қилиб алдашди! Энди эса договорни тан оласан, деб мажбурлашяпти. Биз бир неча киши бу шартномани тан олмаяпмиз, кўпчилик босимга бардош бермасдан имзолаб берди.

Озодлик билан гаплашган ўзбек ёшлари мазкур ўзгартишлар “Ўзатом” ташкилотининг шахсий ташаббуси экани ва давлат раҳбарияти бу қалбакилаштиришдан бехабар эканини тахмин қилди. Ўз манбаларига таяниб, талабалар улардан йиғилаётган контракт пуллари ва йиғимлар МИФИ ёки Ўзбекистон ҳукуматига эмас, бевосита “Ўзатом” ҳисобига ўтказилаётганини иддао қилишди.

Ядро физикасини ўрганаётган ўзбекистонлик ёшлар, янги шартларга кўра, бир талабанинг йиллик тўловлари 70 миллион сўмдан ошиши ва оилавий шароити кўтара олмаётган айрим талабалар ўқишни тарк этишга мажбур бўлаётганини ҳам қўшимча қилди.

Москва Муҳандислик-физика институти талабалари “Ўзатом” раҳбариятининг бу ҳаракатларига ҳукумат раҳбарияти эътиборини қаратиш истагида эканини ва эски контракт шартномасини тиклашни талаб қилишди:

- Шу тариқа магистрантлар жами икки йилга 140 миллион сўм, бакалаврлар эса 4 йилга 280 миллион сўм пулни тўлаб беришлари шарт. “Ўзатом”дан бизга 10 минг рубль миқдорида стипендия бериларди, яшашимизга етиб турганди. Энди эса шартномани тан олмаганимиз учун ўша стипендияни ҳам тўхтатишяпти. Улар биздан пул ундирмоқчи - президент, ҳукуматимиз шу ноҳақликларни биладимикан?! Биз шартномани бошланғич ҳолатига қайтариш ва ўқишимизни давом эттиришни хоҳлаймиз, чунки бизга ҳайдаласан, деб таҳдид қилишяпти.

Талабалар сўровига жавобан МИФИ маъмурияти бу ўзгаришлардан хабари йўқлигини айтган.

"Ўзатом" раҳбари: "Хоҳламасангиз - судга беринг!"

Москва Муҳандислик-физика институти раҳбарияти вакили бу шартномаларни тузиш “Ўзатом” ваколатида экани ва унга изоҳ бера оладиган ходим ҳозирча изоляцияда эканини Озодликка билдирди. Озодлик МИФИ НИЯУ проректори Елена Веснага юборган мурожаатига ҳам ҳозирча жавоб олгани йўқ.

Озодлик радиосининг “Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов, агентликнинг Фан, инновация ва кадрларни тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Шавкат Абдукомиловга изоҳ сўраб қилган мурожаати жавобсиз қолди.

Бироқ Озодлик таҳририятига тақдим этилган видеоёзувда ташкилот раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудов шартнома бир томонлама ўзгартирилгани сабаблари борасида талабалар саволларига бундай жавоб берган:

- Айтяпманки, бу сизларнинг ҳақларинг. Ўзгаришларга қўл қўймасангиз шартномани бекор қиламиз, шартномани бекор қилишга ҳаққим бор. Қолган масалаларни МИФИ НИЯУ билан алоҳида маслаҳатлашиб, ўқиш-ўқимасликларингни ҳал қиламиз.

“Ўзатом”нинг Телеграм саҳифасида пайдо бўлган баёнотда талабалар “Интернетда тарқатган “”Ўзатом” ва МИФИ талабалари ўртасида имзоланган контракт варақларининг алмаштириб қўйилгани” тўғрисидаги маълумот “ҳақиқатдан узоқлиги” айтилади:

Тарқатилган маълумот масаласида таъкидлаш жойизки, талабалар масъулияти ва ўзлаштириш даражасини ошириш ҳамда ўқишдан кейин уларнинг ортга қайтишини таъминлаш мақсадида “Ўзатом” агентлиги раҳбарияти контрактга қўшимча келишув киритиш ташаббуси билан чиқди. Унинг низоми бевосита “Ўзатом” раҳбарияти билан 2020 йилнинг январида муҳокама қилинди ва тушунтирилди. Тадбир натижасига кўра, 5 тадан ташқари қолган барча талабалар қўшимча келишувни ижобий баҳолади. Ҳозирда 94 талаба “Ўзатом” агентлиги билан контракт шартномасини имзолаган”.

Баёнотда ММФИ НИЯУда бугунги кунда “Росатом” квотаси асосида 145 ўзбекистонлик талаба таълим олаётгани, бу ёшлар Ўзбекистоннинг ядро-энергетика дастури тараққиётини таъминловчи бўлажак олимлар ўзаги экани айтилган.

2018 йилнинг 19 июлида президент Шавкат Мирзиёев "Ўзатом" агентлигини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолаганди.

Қарорга асосан “Ўзатом” 2018 йил, 20 декабргача 2019−2029 йилларда Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини, 2019 йил 1 июнгача концепцияга мувофиқ равишда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича инвестицион лойиҳалар портфелини, 2019 йил 1 ноябргача 2019−2029 йилларда Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастурини ҳамда концепция ва дастурни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни тайёрлаши ва тасдиқлашга киритиши лозим.

Марказий Осиёда ягона бўладиган атом электр станциясини Ўзбекистонда “Росатом” барпо этиши кутилмоқда.