Афғонистоннинг пойтахт Кобул ва бир неча йирик шаҳарларида толибларга қарши намойишлар бошланиб кетди.
Кобулда Толибон кучлари намойишчиларни тарқатиш учун ҳавога ўқ узгани, айрим ҳудудларда намойишчиларни калтаклагани хабар қилинмоқда.
Кобулда намойишларни тасвирга олаётган маҳаллий журналист аёлнинг ҳибсга олингани ҳақида норасмий маълумотлар бор.
AFP агентлигининг хабар қилишича, Кобулдаги Покистон элчихонаси қаршисига 70 га яқин одам йиғилган, уларнинг аксарияти аёллардир.
Кобулдаги ҳамкоримиз Исмат Камолнинг хабар қилишича, барча ҳудудлардаги намойишларда афғонлар толиблар ортида тургани иддао қилинган Покистонга қарши шиорларни кўтариб чиқишган.
Намойишчилар Покистонни Афғонистон ички ишларига аралашганликда айблашган.
Намойишга чиққан афғонистонликлар Покистон жосуслик хизматлари раҳбари Фаиз Ҳамиднинг Кобулга ташрифидан жунбушга келгани айтилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
6 сентябрь куни Толибон Панжшир вилоятини тўлиқ ўз назоратига олгани тўғрисида баёнот берди. Мазкур вилоят шу кунгача Афғонистонда Толибон назоратидан ташқарида қолаётган ягона ҳудуд эди. Айни пайтда Аҳмад Маъсуд раҳбарлигида Панжширда ташкил этилган аксилтолиб кучлар бу баёнотни инкор этмоқда.
6 сентябрь куни тарқатилган бу хабарни расман тасдиқлашнинг имкони ҳозирча мавжуд эмас. Панжшир вилоятида телефон, интернет алоқаси ва электр таъминотини ўчириб қўйилган.
Толибон 15 август куни Кобулни босиб олгани ортидан Афғонистон устидан назоратни ўз қўлига киритган эди. Президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этган.
Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг айтишича, Панжшир Толибон қўлига ўтиши билан “мамлакатда уруш олови бутунлай ўчирилади”.