Европа суди икки йилдан буён изоляторда қолаётган ўзбек қочқини масаласида Россияга танбеҳ берди

Равшан Раҳимовни калтакланган аҳволда адвокат Роза Магомедова топган

8 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Ўзбекистон граждани Равшан Раҳимовни Тошкент сўрови билан экстрадиция қилаётган Россия ҳукуматини Инсон ҳақлари Конвенциясини бузганликда айблади.

Ўзбекистонлик қочқин масаласида қарор чиқарган Страсбург судига кўра, икки йилдан буён бериб юбориш хавфи остида депортация лагерида ушлаб турилган 39 яшар навоийлик Равшан Раҳимов Ўзбекистонда қийноқларга солиниши мумкин.

2019 йилнинг 8 октябрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) навоийлик 39 ёшли қочқин Равшан Раҳимов масаласида қарор чиқарди.

ИҲЕС Раҳимовни Ўзбекистон сўрови билан экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқарган Россия ҳукуматини Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисидаги Конвенциянинг 3- моддасини бузганликда айблади ва “Ҳеч ким қийноққа ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазога дучор этилмаслиги кераклиги”ни эслатди.

Страсбург ҳакамлари фикрича, Ўзбекистон граждани Равшан Раҳимов Россия ҳукуматига “ўз юртида унга нисбатан оғир қийноқлар қўлланилиши мумкинлиги тўғрисида етарли асос-далиллар келтирган”.

Шу тариқа, Европа суди ўзбекистонликни экстрадиция қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган рус идораларини “бу инсонга бўлаётган хавф-хатарни етарли тарзда баҳолай олмаганликда” айблади.

Озодликка тақдим этилган бу қарорда, шунингдек, Россия расмийлари сиёсий ва диний мотивлар асосида Ўзбекистон ҳукумати томонидан талаб қилинаётган гражданлар жиддий босим остида қолиши мумкинлигидан огоҳлантирилган.

Бундай қарорга келишда Страсбург суди БМТ, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилотлари ва, хусусан, Human Rights Watchнинг 2019 йилги Халқаро ҳисоботига таянганини ҳам билдирган.

Ҳисоботда 2016-2018 йиллар давомида Шавкат Мирзиёев ҳукумати мамлакатда инсон ҳуқуқлари масаласида илғор қадамлар қўйган ва 40 га яқин сиёсий маҳкумларни озод этган бўлсада, панжара ортида 159, 216, 244-1 ва 244-2- моддалари асосида қамалган яна кўплаб маҳкумлар қолаётгани таъкидланади.

Равшан Раҳимов тергов изоляторида оёғи синган ва кўзи кўкарган ҳолатда топилган

Равшан Раҳимовнинг ҳимоясини таъминлаётган “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси маркази адвокати Роза Магомедова ва “Фуқаровий кўмак” Қўмитаси ҳимоячиси Ольга Голублар ўзбекистонлик қочқин масаласида Россиядан товон ундириб беришни сўраб, Европа судига яна бир мурожаат қилишларини гапирмоқда.

- Биз Европа суди Россия томонидан Конвенциянинг 5- моддаси (Озодлик ва шахсий даҳлсизлик ҳуқуқи) қўпол бузилганига эътибор қаратади, дея умид қилгандик, зеро Равшан Раҳимов 2 йилдан ортиқ вақтдан буён суд назоратисиз депортация марказида сақланмоқда. Россия судлари Европа судининг якуний қарори чиққунгача Раҳимовни озод этишдан бош тортиб келаётир. Эндиликда биз Раҳимов Россияда вақтинчалик қочқинлик олиши учун ҳаракат қиламиз, - деди Озодликка адвокат Роза Магомедова.

Ҳимоячиларга кўра, яқин кунларда Равшан Раҳимов Хориж гражданларини вақтинчалик сақлаш марказидан озод этилиши кутилмоқда.

Озодлик 2017 йилнинг сентябрида Москва шаҳар суди Ўзбекистон томонидан экстремизмда айбланаётган 37 ёшли ўзбекистонлик Равшан Раҳимовни экстрадиция этмаслик тўғрисида қарор чиқарганига қарамасдан, полиция олиб кетган ўзбек муҳожирини ҳимоячилар оёғи синган ва кўзи кўкарган ҳолда икки кун ўтиб полиция бўлимидан топгани тўғрисида хабар қилганди.

Суд қарордан маълум бўлишича, Равшан Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 242-2 моддаси (Жиноий гуруҳ ташкил қилиш) асосида 2014 йилдан буён халқаро қидирувда бўлган. Икки фарзанднинг отаси бўлган Равшан Раҳимов бир гуруҳ бошқа ўзбекистонлик муҳожирлар билан бирга 2014 йилнинг декабридан бошлаб Москва шаҳрида "Туркистон Исломий партияси" ташкилотининг фаолиятида иштирок этиб келганликда айбланмоқда.

Ҳеч қандай диний ташкилотларга аъзо эмаслиги, экстремизм ва сиёсий ғоялардан мутлақо йироқлигини айтиб келаётган асли Навоий вилоятининг Кармана туманидан бўлган Равшан Раҳимов Россияда қурилиш ишлари билан шуғулланиб келганини айтган эди Озодлик билан суҳбатда.

11 сентябр куни, Ўзбекистонга бериб юбориш мумкин эмаслиги тўғрисида Мосгорсуд қарори борлигига қарамасдан, Москванинг Бабушкинский туман суди Раҳимовни охирги 7 ой тергов изоляторида “қайдга турмасдан яшагани ва миграция қонунчилигини бузгани” важи билан Ўзбекистонга депортация қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.