Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:03

ИИВ журналист Давлат Назарнинг ўлимига сиёсий тус бермасликни сўради (ВИДЕО)


Давлат Назар ўлимига доир матбуот анжуманидан олинган сурат.
Давлат Назар ўлимига доир матбуот анжуманидан олинган сурат.

12 ноябрь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлган хоразмлик журналист Давлат Назар (Давлатназар Рўзметов) ўлими бўйича ва руҳий касалхонага ташланган блогер Шабнам (Нафосат) Оллошукурова вазиятига доир матбуот анжумани ўтказди.

Анжуман пайти Давлат Назарнинг ўлимига доир кузатув камераларига олинган видео тасвирлар слайдшоу тарзида намойиш қилинди.

Тадбир иштирокчилари журналист ўлимига сиёсий тус бермасликни, бу “бахтсиз ҳодиса” эканини таъкидлаган.

Хоразмдаги оғриқли мавзуларни ёритиб келган журналист Давлат Назар 6 ноябрь оқшомида машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлган эди.

48 яшар Давлат Назар кейинги икки йил ичида танқидий қарашлари сабаб бир неча бор ҳибсга олинган.

Озодлик билан яқин ҳамкорлик қилиб келган Давлат Назар кейинги пайтда мунтазам кузатувда экани ҳақида айтганди.

ИИВ журналист Давлат Назар ўлимига сиёсий тус бермасликни сўради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:26 0:00

Матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги, Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мулозимлари, тергов бўлими ходимлари - жами 20 нафар ходим иштирок этди.

Шунингдек, президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов​, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва маҳаллий матбуот вакиллари ҳам қатнашди.

Слайдшоу

Икки соат давом этган тадбирда иштирок этган мустақил журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, журналист Давлат Назар ўлимига доир

Давлат Назар ўлимига доир матбуот анжуманидан олинган сурат.
Давлат Назар ўлимига доир матбуот анжуманидан олинган сурат.

тафсилотлар катта мониторларда фото ва видео ёрдамида хронологик тартибда намойиш қилинган:

- Тергов органи журналист Давлатназар аканинг ҳаётига нуқта қўйган йўл-транспорт ҳодисасини ҳамкасблари, дўстлари билан кўришган пайтдан бошлаб видеолари ҳаммаси олган экан. Меҳмонхонада, хайрлашаётганда, таксига ўтираётганда, йўл- транспорт ҳодисаси бўлган жойда олинган ҳамма видеоларни олиб келиб, слайдшоу қилиб кўрсатишди.

Ташановнинг айтишича, бу видеоларнинг аксари кузатув камераларига тушиб қолган тасвирлардир:

- Ҳозир худди Европадаги сингари кафеларда, кўчаларда кузатув камералари қўйилган. Бу кадрлар ўша кузатув камераларидан олинган.

Абдураҳмон Ташанов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:35 0:00
Бевосита линк


Давлат Назар 23.55 да ўлганми, 22.55 дами?

Озодлик мухбири 6 ноябрь куни Давлат Назар билан энг сўнгги учрашганлардан икки нафари билан гаплашди. Улардан бири журналист, яна бири - адвокат. Уларнинг айтишича, учаласи Урганчдаги кафелардан бирида ўтириб, суҳбатлашишган. Улар соат 21:30да кафедан чиққач, Давлат Назар таксига миниб, Қўшкўпирдаги уйига кетганини айтишди.

Давлат Назар ўлимига доир матбуот анжуманидан олинган сурат.
Давлат Назар ўлимига доир матбуот анжуманидан олинган сурат.

Ўзбекистон Бош прокуратураси журналист Давлат Назар "автоҳалокат қурбони бўлгани" ҳақида зудлик билан расмий маълумот эълон қилиб, воқеа 6 ноябрь куни соат 23:55 ларда содир бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Ташановнинг айтишича, тадбир пайти расмий баёнотда кўрсатилган вақтда хатолик бўлгани айтилган:

- Булар ўзларининг тергов экспериментлари билан бу воқеа 22:55 да бўлгани, яъни бир соат олдин бўлгани тўғрисидаги маълумотларни хронология билан чизиб беришди. Масалан, (кафедан чиқиб) таксига ўтиргани, таксичи билан жанжаллашиб қолиб, машинадан тушиб қолгани, уларнинг терговда берган кўрсатмалари ҳаммаси очиқча баён қилинди. Таксичи билан жанжаллашиб қолгани, икки марта такси алмаштиргани шу пайтгача матбуотга маълум эмасди.

Матбуот анжумани. 12 ноябрь.
Матбуот анжумани. 12 ноябрь.

“Журналист ўлимини сиёсийлаштирманглар”

Давлат Назарнинг Фейсбукдаги саҳифасига ўлимидан сўнг (тег қилиб) ёзилган постларнинг аксарида журналист ўлими шубҳа остига олинган:

"Журналист ўлими ҳеч қачон оддий ўлим бўлмайди. Давлат Назардек қалами ўткир журналистнинг ўлими – инчинун. Ушбу ҳодиса юзасидан шаффоф текширув ва батафсил ахборот кутиб қоламиз", дея ёзди, жумладан, блогер Шаҳноза Соатова.

12 ноябрь кунги тадбирда иштирок этган журналистларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Давлат Назар ўлимига сиёсий тус бермасликни сўраган:

- Бу йўл-транспорт ҳодисаси деб талқин қилинди ва афтидан ушбу матбуот анжумани шу талқинни жамоатчиликка бериш учун уюштирилди, деди Ташанов.

Тадбирда Давлат Назарнинг жияни Фурқат Рўзметов журналистнинг қариндошлари “автоҳалокат махсус уюштирилмаган” деб ҳисоблашини таъкидлаган:

- Давлатназар аканинг жияни оммавий ахборот воситаларидан ҳар хил сиёсий бўёқлар бермасликни сўраб, ҳукумат махсус уюштирмадими деган саволларга жавоб берди. У матбуот ходимларидан илтимос қилди: “Махсус уюштирилмаган деб ҳисоблаймиз. Илтимос шунинг учун бу гапларни тўхтатинглар. Бунақанги нарса бўлиши мумкин эмас”, деб махсус баёнот берди.

Ҳукумат босими остида бўлган журналист Давлат Назар машина уриши оқибатида ҳалок бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:43 0:00

Ҳибс ва қамоқлар

Давлат Назар тахаллуси билан ижод қилган қўшкўпирлик 48 яшар Давлатназар Рўзметов олдин “Ёшлар овози” газетасининг Хоразм вилояти бўйича мухбири бўлган.

Кейинчалик у “Хоразм ёшлари” газетасида фаолият юритди.

Сўнгги пайтда у "Жамият" ижтимоий-сиёсий газетаси​ мухбири сифатида фаолият юритган.

У ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларга фаол фикр билдириши билан ҳам машҳур эди.

Давлат Назар Ўзбекистон ҳаëтида мухим бўлган воқеа яъни Урганч шаҳар Ашхобод кўчасидаги уйи бузилганлар намойиши ҳақида Озодликка маълумотларни етказгани ортидан муаммоларга дуч келгани маълум.

Ўлимидан олдин у блогер Шабнам Оллошукурованинг руҳий диспансерга жойлаштирилгани ҳақидаги маълумотларни тарқатгани ортидан тазйиққа учрагани ҳақида Озодликка айтганди:

"Ҳозиргина АҚШ элчихонаси сиёсий масалалар бўйича биринчи котиби Рейчел Вульф хоним билан учрашдик. Учрашув жараёнида дипломат хоним билан Ўзбекистонда сўз эркинлиги, демократик жараённинг ривожланиши, инсон ҳуқуқлари ҳамда журналист ва блогерларга айрим орган ва ташкилотлар томонидан бўлаётган босимлар, таъқиблар хусусида, жумладан, ўзимга бўлаётган таъқиблар ҳамда мажбурий тарзда руҳий касалликлар шифохонасида сақланаётган Нафосат Оллашукурова хусусида суҳбатлашдик", дея хабар йўллаганди Давлат Назар ўлимидан бир неча кун аввал.

Давлат Назар танқидий мақолалари ва мухолиф қарашлари сабаб кейинги икки йил ичида бир неча бор қамоққа ташланди.

Жорий йилнинг 5 октябрь куни пахтада мажбурий меҳнат масаласини ёритиб келган Давлат Назар ҳибсга олиниб, Урганч милиция бўлинмасида беш соат ушлаб турилгач қўйиб юборилди.​

Ўтган йилнинг 29 октябрь куни "Хоразм ёшлари" газетаси муҳаррирининг ўринбосари сифатида ишлаётган пайтида Давлат Назар пахтага оид йиғилишни ёритмоқчи бўлгани учун ҳибсга олинди.

Қўшкўпир туман ҳокимлигининг пахта бўйича йиғилишини видеотасвирга олаётган пайтда олиб кетилган Давлат Назарни суд майда безориликда айблаб, 7 суткага қамади.

Ўша пайтда журналист Давлат Назар милиция ходимлари уни калтаклаб, мажбуран иқрорнома ёздириб олишгани ҳақида гапирганди.

Хоразмлик журналист: Милиция ходимлари мени калтаклаб, мажбуран иқрорнома ёздиришди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:52 0:00

Руҳий касалхонадаги блогер иши бўйича кассация аризаси топширилди

26 сентябрдан буён руҳий касалхонада қолаётган Шабнам (Нафосат) Оллошукурова масаласи ҳам 12 ноябрь кунги матбуот анжуманида кўтарилди.

Руҳий касалхонага ётқизилган блогерни бориб кўрган Омбудсман аввал эълон қилган ўз хулосасини тадбир давомида қайта ўқиб эшиттирган.

Анжуманда қатнашган Оллошукурованинг адвокати блогернинг руҳий касалхонага ташланиши ҳақида чиқарилган суд қарорига кассация аризаси топширганини билдирди.

Унинг айтишича, ариза журналист Давлат Назар ўлган куни - 6 ноябрда судга топширилган.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти сентябрь ойи охиридан бери мажбурий равишда асаб-руҳий касалликлар диспансерида сақланаётган ўзбекистонлик блогер Нафосат Оллошукурованинг озод қилиниши учун кампания бошлади.

Шабнам Оллошукурова тахаллусини олган Нафосат сўнгги йилларда Facebook’даги ўз саҳифаси орқали Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан мониторинг олиб борган.

Оллашукурова сентябрь ойи охирида шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг “Тошкентга юриши”ни ëритгани ортидан 10 кунлик қамоққа ташланган. Қамоққа ташланганидан уч кун ўтиб, 26 сентябрь куни 32 яшар блогер Нафосат Оллошукурова Урганч туманида жойлашган Хоразм вилоят асаб-руҳий касалликлар диспансерига ëтқизилган.

Озодлик 21 октябрь куни қўлга киритган суд қарорида таъкидланишича, маҳкама ҳайъати Оллошукурованинг очлик эълон қилганини “унинг руҳий ҳолати бузилиши” деб топган ва шу сабабга кўра уни мажбуран руҳий касалликлар диспансерига жойлаштирган.

Нафосат Оллошукурованинг уч ёшга тўлган икки эгизак фарзанди бор. Ҳозирда болаларга Тошкентда блогернинг онаси қараяпти.

Руҳий касалхонага ташланган блогернинг 3 яшар эгизаклари туғилган кунини йиғлаб ўтказди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:39 0:00

Алоқадор

XS
SM
MD
LG