Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:21

Олимлар: 120 000 йил олдин иқлим исиганда денгиз сатҳи ҳозиргидан 10 метр баланд бўлган


Гренляндиядаги муз тоғлари.
Гренляндиядаги муз тоғлари.

Ўтказилган сўнгги илмий тадқиқотлар бундан 120 минг йил олдин иқлим исиган даврда денгиз сатҳи ҳозирги кўрсаткичлардан 10 метр баландга кўтарилганини кўрсатди.

Nature Communications журналида чоп этилган илмий мақолада ёзилишича, сўнгги икки муз даври орасида денгиз сатҳи кўтарилишининг асосий сабабчиси Антарктида музларининг эриши бўлган.

Денгиз сатҳи кўтарилиши иқлим ўзгариши туфайли инсонлар дучор бўладиган энг муҳим муаммоларнинг бири бўлиб, керакли чораларни кўриш учун келажакда денгиз сатҳи ўзгаришини тўғри башорат қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Айни дамда Ерда бундан 10 минг йил олдин бошланган икки муз даври орасидаги давр давом этмоқда. Аммо сўнгги 200 йил ичида атмосферага чиқарилган иссиқлик газлари иқлим сўнгги икки муз даври орасидаги даврга солиштирганда анча тез ва кескин ўзгаришига сабаб бўлди. Шу сабаб олимлар бу сафар денгиз сатҳи сўнгги иқлим исиган даврдагига қиёслаганда анча кўп кўтарилишини айтмоқда.

Бундан 125-118 минг йил олдин содир бўлган икки муз даври орасида ўртача ҳарорат бугунгидан 1℃ юқорироқ бўлган. Яқин келажакда сайёрамизда ўртача ҳарорат яна 1℃ га кўтарилиши кутилмоқда.

Илмий мақолада ёзилишича, сўнгги икки муз даври орасида денгиз сатҳи 10 метрга кўтарилгани аниқланган. Аввалига Антарктидадаги музликлар, бир неча минг йилдан кейин эса Гренландия музликлари эрий бошлаган. Бу даврда денгиз сатҳи асрига 3 метрга кўтарилган. Солиштириш учун, сўнгги 150 йил давомида бу кўрсаткич 0,3 метрни ташкил қилди.

Олимлар ҳисобларига кўра, 2000 йилга солиштирганда 2100 йилгача денгиз сатҳи 70-100 смга кўтарилади. Бу ҳисоблар сувнинг кўтарилиши ва пасайиши ҳамда сунъий йўлдошлардан олинган маълумотларга таянади. Аммо аксар моделларда муз қояларининг беқарорлиги эътиборга олинмаган. Океанда қалқиб турадиган муз қатламлари ҳажми ўта катта бўлиб кетса, улар қулаб тушади ва натижада ердаги музликнинг океанга тушиш суръати тезлашади.

Шу сабаб сўнгги тадқиқотда умумий денгиз сатҳидаги ўзгаришлар кўриб чиқилган. Хусусан, тадқиқот муаллифлари Қизил денгиздаги планктон ва денгиз чўкиндилари асосида денгиз сатҳидаги ўзгаришларни аниқлашган. Сўнгра Антарктида ва Гренландияда қайд этилган сув эриш кўрсаткичлари билан биргаликда денгиз сатҳи қанчалик тез суръатда кўтарилганини ҳисоблаб чиқишган.

Сўнгги икки муз даври ўртасида ўртача ҳарорат бизда яқин келажакда кузатилиши кутилаётган ҳароратга ўхшаш бўлган. Шундай экан, қутблардаги музлик қатламларининг эриши денгиз сатҳи кўтарилишига биз ўйлагандан каттароқ таъсир кўрсатади, дея хулоса қилди тадқиқот муаллифлари.

XS
SM
MD
LG