Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:43

Термизда фаррош аёлни кортеж уриб кетди. У президент келишига кўча супураётганди


Ҳодиса ободонлаштириш ходимлари йўл четини тозалаётган пайти содир бўлган. (Суратнинг Сурхондарёдаги ҳодисага алоқаси йўқ)
Ҳодиса ободонлаштириш ходимлари йўл четини тозалаётган пайти содир бўлган. (Суратнинг Сурхондарёдаги ҳодисага алоқаси йўқ)

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарёга ташрифининг илк кунида вилоят маркази Термизда ободонлаштириш ишларига жалб қилинган 57 яшар фаррош аёл машина уриб кетиши оқибатида касалхонага ётқизилди.

Ҳодиса гувоҳларига кўра, катта тезликда президентни кутиб олишга кетаётган кортеж орасидаги машиналардан бири йўл четида ишлаётган аёлни уриб юборган.

Шифокорларнинг айтишича, аёлнинг аҳволи оғир бўлиб, икки кундан буён кома ҳолатида қолмоқда.

ИИБ ходимлари ушбу автоҳалокат бўйича тергов-суриштирув ишлари бошланганини билдирди.

Ҳодиса 1 июнь куни эрталаб соат 7:40да Термиз шаҳри Амир Темур кўчасида жойлашган Ёшлар Маркази олдидаги чорраҳада содир бўлган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган манба ҳодиса матбуотдан сир сақланаётганини айтди: “Президент кетгунча сир сақлансин, деб ҳокимиятдагилар буйруқ беришган”.

Озодлик ҳодиса гувоҳлари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди ва тафсилотларни аниқлади.

Ҳодисага шахсан гувоҳ бўлган термизликнинг аноним қолиш шарти билан айтишича, катта тезликда кетаётган машиналар колоннаси орасида бўлган автобомил йўл четида ишлаётган аёлни уриб кетган:

“Йўл четини фаррош аёллар супураётган пайтда машиналар колоннаси катта тезликда келиб қолди. 20-25та, ҳаммаси катта-катта машиналар эди. Бу машиналар президентимизни кутиб олишга кетаётганини айтишди. Колонна олдида кетаётган ГАИ фаррош аёлларга “қоч” деб бақирди. Аёллар сакраб, бардёрнинг орқасига ўтиб олишди. Колонна орқасидан катта тезликда, ҳокимлик номери билан яна битта машина келиб қолди. Шу машина фаррош аёллардан бирини уриб юборди”.

Озодлик аниқлашича, машина уриб юборган аёл Термиз ободонлаштириш бошқармасида фаррош бўлиб ишлаётган 57 яшар Раъно Поёновадир. Буни бошқарма масъулларидан бири Озодликка тасдиқлади.

Ҳодиса гувоҳларидан яна бирига кўра, автоҳалокат Раъно Поёнова пиёдалар йўлагидан ўтаётган пайтда содир бўлган:

“Шу куни ободонлаштириш ходимлари президент ўтиши мумкин бўлган катта кўчаларни тонг саҳардан супуришни бошлади. Раъно опа йўл четини супуриб, мусорларини велосипедининг орқасига ортиб ўтаётганди. Пешеходнинг охирига бориб қолган пайти катта тезликда келаётган қора Каптива уни уриб юборди. Ҳайдовчи дарров машинасидан тушиб, кечирим сўради. “ГАИ тез ҳайда, деганига шошилиб кетаётгандим. Кечаси билан ухламаганман, овқат ҳам еганим йўқ. Атайлабдан қилмадим. Кечиринглар”, деди. Кейин Раъно опани йўлдан ўтаётган бир Дамасга миндириб, касалхонага олиб кетишди”.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Термиз филиалидаги жонлантириш бўлимига ётқизилган Раъно Поёнова икки кундан бери ҳушсиз ётибди. Бу ҳақда Озодликка гапирган шифокорлардан бири Раъно Поёнованинг аҳволини оғир, дея баҳолади:

“Миясига қон қуйилган. Мия ичкарисига, марказга қон қуйилгани учун уни операция қилиш мумкин эмас. Ҳозир аппаратга улаб қўйилган. Аёлнинг тос суяги ҳам ёрилган, пастки жағи синган. Кечадан бери комада ётибди, лекин юраги уриб турибди”.

Сурхондарё ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, ИИБ Раъно Поёнова билан боғлиқ автоҳалокатни рўйхатга олиб, ҳозирда тергов-суриштирув ишларини олиб боряпти.

Ҳуқуқ-тартибот идораси ходими Раъно Поёновани уриб юборган машина маҳаллий ҳокимликлардан бирига тегишли эканини тасдиқлади, бироқ ушбу машинанинг президентни кутиб олишга кетаётган колонна сафида бўлган-бўлмаганига аниқлик киритмади.

Термиз шаҳрининг Эски шаҳар маҳалласида яшовчи 57 яшар Раъно Поёнова шаҳар ободонлаштириш бошқармасида 10 йилдан кўпроқ вақтдан буён ишлаб келади. Унинг эри вафот этган, тўрт фарзандни ёлғиз ўзи катта қиляпти.

5 ой кутилган ташриф

Дастлаб жорий йилнинг март ойига режаланган ва уч ойга кечиктирилган президент Мирзиёевнинг Сурхондарёга ташрифи 1-2 июнь кунлари амалга оширилди.

Охирги 5 ой мобайнида Мирзиёев бориши эҳтимоли бўлган жойларда кечаю кундуз ободонлаштириш ишлари ўтказилди.

Сурхонликларга кўра, ўнқир-чўнқир йўллар асфальтланиб, президент вертолёти қўниши учун тайёрланган йўл бўйларидаги қуриган арчалар яшил рангга бўяб чиқилган.

Президент ташрифи олдидан Тошкентдан борган махсус ишчи гуруҳ Сурхондарёда “тозалаш” ўтказиб, ўнлаб раҳбарларни “янгилаган”.

Мирзиёевнинг Сурхондарёга ташрифи блогер Отабек Сатторийнинг қамалиши ва унга халқаро ташкилотларнинг танқидий муносабатлари давом этаётган бир пайтга тўғри келди. Президент икки кунлик ташрифи давомида Сатторий ишига бирор муносабат билдирмади.

Каримов давридан қолган анъана

Ўзбекистонда президент ташрифига кўзбўямачилик қилиш марҳум президент Ислом Каримов даврида муҳим сиёсий тадбирларнинг бир қисмига айланган эди.

Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин ўзининг жойларга ташрифи олдидан вилоят, туман ва шаҳарлардаги мутасадди раҳбарлар томонидан қилинаётган кўзбўямачиликларни бир неча марта қоралаган.

Аммо бу танқидларга қарамай, кўзбўямачилик ҳолатлари давом этаётгани кузатилмоқда.

Президент ташрифига тайёргарлик жараёнида ҳашарчилар билан боғлиқ ноҳуш ҳодисалар Сурхондарёдан аввал ҳам содир бўлган.

Жумладан, 2019 йилнинг 16 май куни Андижон вилоят, Асака туманида президент Мирзиёев келишига гулларни суғоришга чиқарилган уч ҳашарчи аёлни ҳам машина босиб кетди. Улардан икки нафари воқеа жойида ҳалок бўлди, бир нафари эса касалхонада вафот этди.

2018 йилнинг 14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида Мирзиёев келишига кўча тозалашга олиб чиқилган 23 яшар ўқитувчи Диана Еникеева машина босиб кетиши оқибатида ҳалок бўлган. Президент Мирзиёев ҳодисадан таассуф изҳор қилган ва "каттақўрғонлик ёш педагог Диана Еникеева Президент туфайли ўлгандек ҳис қилаётгани"ни айтган эди. Ҳодиса туфайли икки нафар мансабдор шахсга нисбатан чора кўрилгани хабар қилинган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG