Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:29

Набижон Жўрабоев 5 йиллик қамоққа ҳукм қилинди


Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида яшовчи маҳалла фаоли Набижон (Тўрабой) Жўрабоев беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман суди уни товламачилик ва фирибгарликда айбдор, деб топди. Инсон ҳуқуқи фаоллари Набижон Жўрабоевга ўқилган ҳукмни буюртма, дея атамоқдалар.



“Ўтюраклар клуби”нинг Интернет нашри бўлган Jarayon.com хабарига кўра, жиззахлик Набижон Жўрабоев устидан ҳукм 23 август куни ўқилган. 75 ёшли маҳалла фаоли товламачилик ва фирибгарликда айбдор, деб топилиб, беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Набижон Жўрабоев устидан бошланган маҳкамани мунтазам кузатиб келган “Ўтюраклар клуби” раҳбари, Францияда муҳожиратда яшайдган Мўътабар Тожибоеванинг Ғаллаоролдаги манбасига таяниб айтишича, суд жараёни жиноят-процессуал кодекси нормалари қўпол равишда бузилган ҳолда ўтган:

- Маҳкамада жабрланувчиларнинг аризалари уюштирилган эканлиги исботланган. Бир неча жабрланувчи суд жараёнида ўз даъволаридан воз кечганлигига қарамасдан суд бир томонлама ҳукм чиқарган. Жабрланувчилардан бири Аброр Қувондиқов судда Набижон ота гўё уни қўрқитгани ва диктофонга уларнинг сўзлашувларини ёзиб олганини гапирган. Бироқ судланувчининг талабига қарамасдан ўша диктофон ашёвий далил сифатида судга келтирилмаган ва ундаги ёзувлар эшитиб кўрилмаган,- дейди Мўътабар Тожибоева.

Инсон ҳуқуқи фаолига кўра, бу суд жараёни кимнидир аниқ буюртмаси асосида олиб борилган ва 75 ёшли қарияга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарилган.

Мўътабар Тожибоева, шунингдек, Набижон Жўрабоевнинг хотини Феруза Маматова тақдиридан ҳам хавотирда эканлигини айтади:

- Биз унинг хотини Феруза Маматова билан гаплашиб турардик. Кейин у билан алоқа узилди. Бунинг боиси 10 август куни Ферзуа Маматовани Ғаллаорол ичики ишлар бўлимига чақиртиришиб, у билан Жизах вилояти ички ишлар бошқармасининг уюшган жиноятчиликка қарши курашиши ва жиноят қидирув бўлими терговчиси Шаҳоб Абдувоҳидов суҳбат ўтказган. Унга Интернетга ҳеч нарса берма деб дўқ-пўписа қилган ва орадан тўрт кун ўтгандан сўнг, терговчи маҳакам пайтида Феруза Маматова устидан жиноят иши қўзғатиш бўйича судга ариза берган. Ҳозир унинг ҳам ҳибсга олинган бўлиши мумкинлигидан хавотирдамиз,- деди Мўътабар Тожибоева.

Мўътабар Тожибоева адвокатлар ҳукм юзасидан юқори инстанция судга шикоят аризаси ёзадилар, деб қўшимча қилди.

Ғаллаорол туман жиноят ишлари бўйича судида Набижон Жўрабоев устидан маҳкама 5 август куни бошланган эди.

Суднинг биринчи кунида Жўрабоевга қарши даъво аризаси берганлардан уч киши Сувон Ҳакимов, Абдумалик Жомонбоев, Абдуқаҳҳор Ҳожимуродовлар Жўрабоев товламачилик йўли билан уларнинг ҳар биридан 25 минг сўмдан пул ундиргани ҳақидаги даъволаридан воз кечгани хабар қилинган эди.

Озодлик тингловчилари орасида Набижон Жўрабоев исми билан танилган, асл исми Тўрабой Жўрабоев бўлган 75 ёшли фаол шу йилнинг 31 майидан буён ҳибсда сақланмоқда.

Набижон Жўрабоев Озодликнинг мамлакат ичидаги юзлаб фаол суҳбатдошларидан бири бўлиб, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ва қўшни туманларда содир бўлаётган воқеалар ҳақида ўз муносабатини билдириб келаётган тингловчилардан биридир.

Жумладан, у ўтган йилнинг баҳорида селдан жабр кўрган ғаллаоролликларга ҳукумат томонидан ваъда қилинган ёрдам деярли берилмагани ҳақида, Жиззахда сирли эпидемияга чалинган минглаб қўй ўлгани ҳақида ва шу каби қатор долзарб мавзуларда Озодликка хабар берган эди.

Набижон Жўрабоевнинг асл касби ўқитувчи. У киши 10 йиллар муқаддам асл туғилган жойи бўлган Ғаллаорол туманига Тошкент шаҳридан кўчиб борган.

Кейинги пайтларда Ўзбекистонда мухолифат ва ҳуқуқ фаолларига нисбатан тазйиқлар кучайган.

Шу ой бошроғида жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди Ўзбекистон "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Ҳасан Чориевни аëл кишининг номусига тажовуз қилганликда айбдор, деб топиб 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди.

71 ёшли Ҳасан Чориев мухолифатдаги "Бирдамлик" ҳаракати етакичиси Баҳодир Чориевнинг отаси ҳамдир.

23 август куни Бухоро вилоятининг Жондор туман Жиноят ишлари бўйича суди инсон ҳуқуқи фаоли Бобомурод Раззоқов устидан очилган жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади. 61 ёшли бу ҳуқуқ фаоли ҳам жинсий тажовуз ва одам савдосида айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG