Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:15

Чехия вазирлари Каримов билан учрашмайдиган¸ Каримов эса Прагага бормайдиган бўлди


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 20-22 февраль кунларига белгиланган Чехия Республикасига давлат ташрифи қолдирилди. Президент Земан маслаҳатчисининг Озодликка айтишича¸ Чехия Бош вазири¸ ҳукуматнинг беш вазири ва Прага шаҳар ҳокимининг айнан Каримов сафари кунлари таътилга чиқиш ва ўзбек расмийлари билан учрашмаслик қарори¸ Ўзбекистон томонининг бу учрашувни кечиктиришига сабаб бўлган.

Чехия президенти Милош Земаннинг Ташқи сиëсат бўйича маслаҳатчиси Hinek Kmonicek Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон президенти давлат ташрифи қолдирилишига Чехия ҳукумати вазирларининг расмий дастурга хилоф равишда¸ Каримов билан учрашишга имконият тополмагани сабаб бўлган:

- Бунинг сабаблари Ўзбекистон томони юборган расмий нотада билдирилган. Бунга асосан ташриф дастурида ўзгаришлар рўй бергани сабаб қилиб кўрсатилган. Каримов сафари баҳорги таътил кунларига тўғри келгани боис музокараларда қатнашиши кутилган мулозимларининг ҳаммаси ҳам қатнаша олмаслиги маълум бўлди. Яъни дастурда Бош вазир (Боҳуслав Соботка) билан тушлик овқатини таклиф қила олмадик. Чунки бу мақомдаги ташрифда Чехия Бош вазири билан тушлик овқати берилиши керак, лекин, афсуски, бу куни Бош вазирнинг вақти йўқ бўлиб чиқди. Бундан ташқари¸ Ўзбекистон томони билан икки томонлама келишувларни имзолаши керак бўлган олти вазирдан беш нафарининг ҳам вақти йўқ бўлиб чиқди¸- дейди Озодлик билан суҳбатда Чехия президентининг Ташқи сиëсат бўйича маслаҳатчиси Ҳинек Кмоничек.


Ўзбек томони дарғазаб
Президент маслаҳатчисига кўра¸ Каримов сафари давомида икки ҳукумат ўртасида ўнга яқин келишув имзоланиши дастурга киритилган бўлган ва мазкур ҳужжатларга қўл қўйиши лозим бўлган вазирларнинг музокараларда қатнаша олмаслиги, айниқса, Прага ҳокимининг давлат ташрифига бўлган муносабати Ўзбекистон томони эътирозига сабаб бўлган.

- Бевосита таъсир қилди, деб айтмаган бўлардим. Бу масалада норозиликлар таъсир қилган бўлса ҳам, буни фақатгина Прага мэрининг позицияси мисолида айтган бўлардим. Чунки Ўзбекистон томони Прага ҳокимияти ва мэрининг бу масалага ёндашувидан жуда ранжиганини биламан. Улар аввал Ўзбекистон делегацияси ташрифига доир дастурга тўла розилик беришди. Кейин эса, кутилмаганда мэрнинг вақти бўлмай қолди, ундан кейин мэр муовининг вақти бўлмай қолди. Оддий қилиб айтганда улар жуда кўп ўзгаришларни киритишди ва буни Ўзбекистон томонига изоҳлашга тўғри келди. Прага ҳокимлиги фақатгина битта партия (ТОП 09) вакилларидан иборат бўлгани ва уларнинг “Фалокатдаги одамлар” каби ташкилотларга ғоявий яқинлиги Ўзбекистон томонининг қарорига таъсир қилган бўлиши мумкин. Лекин бошқа омиллар режаларга таъсир қилди, демаган бўлардим.¸ дейди Чехия президенти маслаҳатчиси.

Озодлик билан суҳбатда Прага шаҳар ҳокими матбуот котиби¸ шаҳар мэри Каримов сафари кунлари хориж сафарида бўлиши ва бу сафарни ташкиллаштиришга Прага ҳокимининг аввал бошданоқ алоқаси йўқлигини билдирди:

- Каримовни Прагага президент Милош Земан чақирди ва бизнинг бунга умуман алоқамиз йўқ. Прага ҳокими шаҳарда бўлмаслиги боис¸ ўзбек президенти билан учраша олмаслигини аввалдан билдирди¸ деди ҳоким матбуот котиби.

Чехия матбуотининг ëзишича¸ одатда меҳмонга келадиган давлат раҳбарлари билан учрашадиган Прага ҳокими ўрнига унинг ўринбосари ҳам Каримов билан учрашишга вақти йўқлигини билдирган.

Ўзбекистон томони кечиктирган Каримов сафарининг эндиликда қачон амалга оширилиши¸ Земан маслаҳатчиси таъкидича¸ номаълум:

- Президент Земаннинг 2014 йилги дастури ўта тиғиз ва эндиликда Чехия раҳбарининг президент Каримов билан учрашиш учун вақт топиши жуда қийин бўлади¸ деди жумладан Hinek Kmonicek.

Аввалига 2013 йилнинг 15 декабрида бошланиши кутилган бу сафар¸ Чехия президентининг оëғи лат егани муносабати билан кечиктирилган эди.

Ҳуқуқ фаоллари мақсадига эришди

“Фалокатдаги одамлар” ташкилоти фаоли Ростислав Валвода Озодлик билан суҳбатда Прага ҳокими Томаш Худачек дохил бешта вазирнинг ташриф даврида хорижга кетиши ëки “баҳорги таътилга” чиқишини уларнинг “диктаторлар билан учрашишни истамагани “ билан изоҳлади:

- Улар тўғридан-тўғри биз диктатор билан учрашмаймиз, деб айтишмади. Дипломатик истиҳола бор. Лекин бирданига бешта вазир ва ҳокимнинг баҳорги таътилга чиқиши айнан диктатор билан учрашмаймиз¸ деган маънони ташийди. Масалан¸ сал обрўлироқ шахс билан учрашув бўлганида эди уларда “баҳорги таътилга “ чиқиш истаги пайдо бўлмас эди.

Прага ҳокими Томаш Худачек ўз зеҳниятига кўра диктаторлар билан бир стол атрофига ўтира олмайдиган сиëсатчи. У бизнинг таъсиримиз бўлмаса ҳам тўғри сиëсий қарор бера оладиган сиëсатчи¸ деди Ростислав Валвода Озодлик билан суҳбатда.

Европа Иттифоқига аъзо Чехия президенти таклифи билан Ўзбекистон президентининг Прагага келиш режаси халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ва хориждаги ўзбек мухолифати ва фуқаролик жамияти фаолларининг жиддий норозилигига сабаб бўлди ва Земан маслаҳатчисига кўра¸ бу норозиликлар ҳам Каримов сафари қолдирилишига билвосита таъсир қилган.

Жами 31 та ташкилот, жумладан Чехиядаги икки нуфузли гуруҳ мамлакат президенти Милош Земанга мурожаат этиб, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан 20-22 февраль кунларига белгиланган учрашувни бекор қилишга чақирди.

"Жаҳондаги энг репрессив режимлардан бирининг раҳбари сифатида президент Ислом Каримов Прагага таклиф қилинишга лойиқ одам эмас", дейилади ўттиздан ортиқ ташкилот имзолаган очиқ хатда.

Президент Милош Земан номига ёзилган очиқ хатга Чехиядаги "Фалокатдаги одамлар" ташкилоти ҳамда "Чехия Инсон ҳуқуқлари лигаси" фаоллари ҳам имзо чеккан.

"Биз Сизни ўз таклифингизни қайта кўриб чиқишга қатъият билан даъват қиламиз. Шунга қарамай, бу учрашувни барибир ўтказишга қарор қилсангиз, Сизни президент Каримов билан ЕИ Ташқи ишлар кенгашининг 2010 йил октябридаги “Ўзбекистон бўйича хулосалар”ида баён этилган инсон ҳуқуқлари бўйича муаммоларга қўшимча равишда юқорида зикр этганимиз инсон ҳуқуқларининг ўта қўпол равишда бузилишини муҳокама қилишга чақиришни истардик”, дейилади Чехия президентига йўлланган очиқ хатда.

Бу ҳуқуқ фаолларининг Чехия президенти номига иккинчи очиқ хатидир. Бир кун аввал Чехия президенти ҳуқуқ фаолларининг мурожаатларига жавобан ёзган хатида уларни "иккиюзламачиликни камроқ қилиш"га чақирган эди.

“Биринчидан, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни мени салафим чақирган ва дипломатик қоидаларга мувофиқ янги президент , яъни камина олдинги президент чақириб қўйган меҳмонни қабул қилиши керак. Лекин, негадир собиқ президент Вацлав Клаус Ўзбекистонга борганида бунга норозилик билдирилганини пайқаганимиз йўқ эди.

Иккинчидан, Ислом Каримов яқинда Брюсселда Европа Иттифоқи раҳбарияти тарафидан қабул қилинди. Бунга ҳам норозилик бўлганини кузатмадик.

Учинчидан, Қўшма Штатлар Ўзбекистонни исломий террорчиликка қарши курашда иттифоқчиси деб ҳисоблайди. Бунга ҳам эътироз билдирилганини сезмадик. Сизга бунақа мавзуларда кўпроқ ахборотга эга бўлишни ва мунофиқликни камроқ қилишни тилаб қоламан”, деб жавоб берди ўз танқидчиларига президент Земан.

Ислом Каримовнинг Прагага сафари арафасида ўзбекистонлик мухолифат ва ҳуқуқ фаоллари сафар кунлари Прагада норозилик намойиши ўтказишга тараддуд кўришга киришган эди.

Ҳозирча Ўзбекистон президенти Прага сафарининг бекор қилинишида бундай норозиликлар қандай рол ўйнагани маълум эмас.
XS
SM
MD
LG