Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:46

Баҳодир Қўчқоров Ўшда тантана билан кутиб олинди


ФИФА рефериси Равшан Эрматов (ўнгда) ва Баҳодир Қўчқоров.
ФИФА рефериси Равшан Эрматов (ўнгда) ва Баҳодир Қўчқоров.

Футбол бўйича Бразилияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилган ўзбек реферилари ўз она ватанига қайтиб келишди. 16 июль куни ҳакамлардан бири, Жаҳон чемпионатларида 9 марта ҳакамлик қилган Равшан Эрматов гуруҳида ён қанот ҳаками бўлган ўшлик Баҳодир Қўчқоровни ҳамшаҳарлари тантана билан кутиб олишди.

Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 6. Бир неча ўн кишининг кўзи Ўш аэропортининг “VIP” йўловчилар ўтувчи эшиги томонда. Улар ўшликлар номини дунёга танитган ўғлонларидан бири Баҳодир Қўчқоровни кутишмоқда.

Орадан бир неча дақиқа ўтгач Баҳодир Қўчқоровнинг ўзи кўринди. Эгнидаги тўқ кўк рангли костюмнинг чап кўкрагида FIFA деб ёзилганини ҳисобга олмаса¸ оддий ўзбек йигити.

Уни кутиб олишга Ўш шаҳри ва вилоят спорт қўмитаси етакчилари, яқинлари келган. Баҳодир ака Ўш шаҳри мэри уни Бишкекда кутиб олгани ва бирга Ўшга келганини айтди. Баҳодир акага анъанага кўра¸ қирғиз миллий қалпоғи ва оқ чопони кийдирилди. Сўнгра дўстлари ҳам ўзбекона чопон кийдиришди. Шундан сўнг биз унга микрофон тутдик.

- 31 май куни биз Бишкек - Истанбул - Санпауло орқали Риога учиб келдик. 12 июндан ўйин бошланди. Унгача 12 кун тайёргарлик бўлди. Норматив, тестлар топширилди. Шундан кейин ўйинлар бўлди ва 13 июль куни финал мусобақаси бўлиб ўтди, дер экан, Баҳодир Қўчқоров ўз таассуротларини, кўрган- кечирганларини бир китоб қилмоқчилигини айтди:

- Бу нарсаларни 15 минут ёки бир неча дақиқада гапириб беролмайман. Мен судяликни бошлаганимдан буён бир кундалик ёзиб юрганман. Худо хоҳласа¸ ўшандан билиб оласизлар. Футболни ўзи 90 дақиқа бўладику, уни қандай қилиб бир неча дақиқада айтиб бериш мумкин. Айниқса¸ тўрт ўйинга ва қўшимча бошқа ўйинларга ҳакамлик қилган бўлсам. Шу сабабли буни алоҳида ўтириб гаплашамиз, деди Баҳодир Қўчқоров.

“Марказий Осиё футболини ҳам халқаро даражага кўтариш учун нима қилишимиз керак?” деган саволимизга суҳбатдошимиз ёнгинасида турган болакайни кўрсатиб:

- Мана бундай болакайларга эътибор беришимиз керак, ўшанда четдан олиб келиб ўйнатмаймиз, дея жавоб берди.

Баҳодир Қўчқоровнинг айтишича, 15 июль куни пойтахт Бишкекда ҳам тунги соат иккида уни аэропортда элликка яқин футбол мухлислари кутиб олган.

Баҳодир Қўчқоров 2014 йилги Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматов гуруҳида ён қанот ҳаками сифатида иштирок этди. У 2010 йил Жанубий Африкада ўтган Жаҳон чемпионатида ҳам Равшан Эрматов гуруҳида 5 ўйинга ён қанотдан туриб ҳакамлик қилган.

Ўзбекистонлик 36 ёшли футбол ҳаками Равшан Эрматов Жаҳон чемпионатларида тўққизта ўйинни бошқариб рекорд ўрнатди. Бунга қадар 20 йил давомида уч нафар ҳакам Жаҳон чемпионатида саккизтадан ўйинни бошқариб рекорд ўрнатганди.

XS
SM
MD
LG