Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:54

Уй қамоғидалигини даъво қилган Гулнора тунги ҳаёт гаштини сурмоқда


Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи¸ собиқ дипломат Гулнора Каримова 6 ойдан буён қўриқчилар қуршаб олган уйида "қамоқ"да сақланаётганини даъво қилаётган бир кезда, Тошкентдаги мустақил манбалар унинг нуфузли ресторанларда кўриниш бераётганини хабар қилмоқдалар. Ҳамкорларидан 13 нафарининг турли муддатларга қамалгани расман хабар қилинганидан сўнг Гулнора Каримованинг ўзи қаерда деган савол яна кун тартибига чиқди.

"Гулнора Каримовани Тошкентдаги ресторанда кўрдим"

Озодликнинг Тошкентдаги манбаси 11 июль куни Гулнора Каримова Тошкент марказидаги ресторанда кўрганини иддао қилиб, мактуб ёзди.

“Гулнора К. Тошкентда.Кеча кечқурун тахминан 23-24 ларда. охрана қуршовида La Terassa номли ўзининг ресторанида эдилар¸” дейилди мактубда.

Озодликнинг Тошкентдаги яна иккита мустақил манбаси анҳор бўйида жойлашган La Terassa емакхонаси ходимларига таяниб, Гулнора Каримованинг ўтган ҳафтада бир неча марта бу ресторанда тан соқчилари билан кўриниш берганини тасдиқлади.

"АҚШ дипломати Гулнорани тунги клубда кўрди"

Бу мактуб пайдо бўлишидан бир оз аввал - 6 июнь куни Европадаги инсон ҳуқуқлари фаоллари билан учрашган АҚШ дипломати ҳам Гулнора Каримовани Тошкентда тунги клубда кўргани Озодликка хабар қилинган эди.

Озодлик манбаларига кўра, дипломат Гулнора Каримованинг уй қамоғида эканига оид иддаолари нотўғри экани, унинг Тошкентдаги кўнгилочар масканларда юрганига гувоҳ бўлганини айтган.

"Гулнора туғилган кунини Болтиқбўйида нишонлади"

Ўзбекистон ҳокимиятида ишончли манбалари борлигини иддао қиладиган Uzmetronom Интернет газетаси ҳам Гулнора Каримованинг уй қамоғида эканини инкор қилиб, унинг 8 июль - ўз туғилган кунини Болтиқбўйи давлатларидан бирида, яқинлари даврасида нишонлаганини хабар қилди.

“Гулноранинг Латвияда экани”ни тахмин қилган Ежков “Каримова Ўзбекистонни анча олдин тарк этгани ва ҳатто, ҳеч қачон уй қамоғида бўлмагани”ни ҳам иддао қилди. (Озодлик бу иддаоли хабарни бошқа манбалардан тасдиқлай олгани йўқ.)

Гулнора Каримова: Мен уй қамоғидаман!

Гулнора Каримованинг ўзи эса шу йилнинг февраль ойидан буён Тошкентда уй қамоғида эканини даъво қилиб келади.

8 июль куни “The Russian times” Интернет нашрида ўзини Асқар Қосимов деб атаган блоггер “Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг ҳаëти ва саломатлиги хавф остида” номли мақоласида Гулноранинг уйи атрофини ўраб олган қўриқчилар унга қарши, ҳатто куч қўллаётганини даъво қилувчи суратларни ҳам чоп этди.

Гулнорага нисбат берилган суратлада, унинг ўз қўриқчилари билан даҳанаки жанги бораётгани ҳикоя қилинди ва унинг ушбу нашрга келиб тушган мактубидан "бармоқларимни синдирмоқчи бўлишди" деган иддао ҳам илова қилинди.

Гулнора Каримовага нисбат берилаётган фотосуратлар қачон, қаерда олингани ёҳуд, бу суратларнинг сифатсиз бўлгани боис, унда тасвирланган одамлар кимлигини аниқлашнинг имкони бўлмади.

Кичик Ислом Каримов: Онам уй қамоғида!

Ўз онаси ҳимояси учун халқаро оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишга уринаëтган Ўзбекистон президентининг невараси Ислом Каримов ҳам ўтган ҳафта Британиянинг The Guardian газетасига берган интервьюсида онаси Гулнора Каримовани уй қамоғида деб таъкидлади.

Мартдан бери ўзига онаси номидан нотаниш номерлардан бир неча SMS келганини айтган Ислом “буларни онам ëзганига шубҳам бор, чунки ëзиш услуби онамникига ўхшамайди”, дея баëн қилди.

Бундан олдин Гулнора Каримованинг ўғли Россиянинг Рен-ТВ телеканалига берган суҳбатида ҳам онасининг уй қамоғида қолганини билдирган эди.

Гулнора Каримова ўз оиласи тарафдан гаровга олинган

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов бу каби қарама-қарши иддаоли хабарларни тарозига солар экан, Гулнора Каримованинг Тошкентда президент отаси назоратида, деган тахминда мантиқ кўради.

- Яъни, Гулнора Каримовани мамлакатдан чиқиши тақиқланган шахс, десак тўғри бўлади. Ҳозир мамлакатни бошқараëтган оила учун икки хатар мавжуд. Биринчи хатар, Гулнора Каримованинг мамлакатни тарк қилиб оила назоратидан чиқиб кетиши. Иккинчи хатар, кичкина Ислом Каримовнинг Ғарбдан сиëсий бошпана сўраши. Бу икки хатар ҳам режимни яна обрўсизлантириши мумкин. Бу ҳолда, театр арбоби Станиславксий мантиғига кўра, Каримов ўз қизи Гулноранинг мамлакатни тарк қилишига изн бермайди, дейиш мумкин. Гулнора Каримова Каримовлар оиласи тарафидан гаровга олинган, дея оламиз, - дейди Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов.

У ва у каби яна баъзи таҳлилчилар Гулнора Каримова уй қамоғида эмас, балки президент отасининг тотал назорати остидаги "Ўзбекистон номли қамоқхонага банди қилинган"ини тахмин қилмоқдалар.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:02 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG