Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:31

Тожикистонда муллаларга даволаш учун лицензия олиш шарти қўйилади


Тожикистонда бундан кейин одамларни Қуръон оятлари билан даволайдиган ва тумор ёзиб берадиган мулла-табиблар бундай фаолият учун лицензия олиш шарт бўлади. Расмийлар шу йўл билан лўттивоз муллалар пайини қирқмоқчи.

Тожикистон Дин ишлари ва урф-одатларни тартибга солиш қўмитаси Қуръон суралари ёрдамида одамларни даволайдиган мулла-табибларни рўйхатга олишни бошлади.

Бу ҳақда Озодликка Тожикистон Ислом уламолари кенгаши раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода айтди.

Уламолар кенгаши раисига кўра, одамларни ҳар хил лўттивоз ва товламачи муллалардан ҳимоя қилиш мақсадида Қуръон оятлари ёрдамида даволовчи мулла-табибларни суҳбатдан ўтказиш керак:

“Бундай одамларга лицензия беришдан олдин уларнинг Исломни қанчалик билиши хусусида суҳбат ўтказилади. Ҳозир Кенгашда бундай фаолият учун қандай одамларга рухсат бериш муҳокама қилинмоқда”, деди Саидмукаррам Абдулқодирзода.

Тожикистонлик таҳлилчиларнинг айтишларича, сўнгги пайтларда дуохонлик билан одамлар дарди ҳисобидан пул ишламоқчи бўлган чаламуллалар кўпайган ва уларнинг қурбони энг аввало соддадил кишилар бўлмоқда.

Сўнгги пайтларда Тожикистонда муллаларнинг Қуръон оятларини ўқиб туриб, мижозига шаҳвоний муносабат қилинаётгани ҳақида видеотасвирлар кўпайди.

Ана шундай ҳолатларни ҳисобга олиб, диний қўмитанинг Қуръон оятлари ёрдамида одамлардан жину шайтонларни қувиш билан шуғулланаётган муллаларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қилгани айтилади.

Дин ишлари қўмитасининг матбуот хизмати раҳбари Афшин Муқимовнинг айтишича, айни пайтда бу муллаларга лицензиянинг ким томонидан берилиши муҳокама қилинмоқда.

Айни пайтда, Тожикистонда доривор гиёҳлар билан одамларни даволайдиган табибларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир йиллик тўлови 60 АҚШ доллар бўлган лицензия берилади.

Мулла-табибларга эса бундай лицензиялар Тожикистон Ислом уламолари кенгаши томонидан берилиши кутилмоқда.

Бироқ, Қуръон оятлари билан одамларни даволовчи хатлонлик мулла Сафармад Гуловнинг айтишича, ҳақиқий муллалар ҳеч қачон касалдан бунча пул берасан деб талаб қилмайди:

“Агар мен бемордан пул талаб қилсам, демак мен Қуръон оятларини сотаётган бўламан. Бу мусулмон учун ҳаром. Агар беморнинг ўзи кўнглидан чиқариб бир нарса берса бу бошқа гап. Агар шундай лицензия жорий қилинадиган бўлса, мен бу ишимни бутунлай тўхтатишимга тўғри келади”, деди Мулла Сафармад Гулов.

XS
SM
MD
LG