Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:56

Мутахассис: Россияга газ экспорти камайиши ўзбекистонликлар муаммосини ҳал қилмайди


“Ўзбекнефтегаз” Марказий Осиё-Хитой қувурига 10 миллиард куб метр газ солиш ниятини билдирган.
“Ўзбекнефтегаз” Марказий Осиё-Хитой қувурига 10 миллиард куб метр газ солиш ниятини билдирган.

Россиянинг “Газпром” ширкати Ўзбекистон ва Туркманистондан сотиб олинадиган газ ҳажмини кескин камайтиришини эълон қилди. “Газпром” раиси ўринбосари Александр Медведев жорий йилда Ўзбекистондан сотиб олинадиган газ ҳажми тўрт баробарга камайтирилиб, 1 миллиард куб метрни ташкил қилишини билдирди. Яқин ўтмишда ўзбек газининг асосий харидори бўлган Россия ундан воз кечаётгани газ тақчиллигини бошдан кечираётган ўзбекистонликлар муаммосини ҳал қилишига шубҳа билдирмоқда мутахассислар. Ўзбекистоннинг ўзи ҳам Россияга газ экспортини камайтириб, Хитойга сотиладиган газ ҳажмини ошириш ниятини билдирмоқда.

Россиянинг “Газпром” ширкати 2015 йилда Ўзбекистон ва Туркманистондан сотиб олинадиган табиий газ ҳажмини қарийб 10 миллиард куб метрга камайтиришини эълон қилди.

Бу ҳақда билдирган “Газпром” бошқарув кенгаши раисининг ўринбосари Александр Медведевнинг айтишича, Ўзбекистондан сотиб олинадиган газ ҳажми қарийб 4 баробарга камайтирилиб, жорий йилда 1 миллиард куб метр табиий газ сотиб олинади. Туркманистондан ҳам ўтган йилги 10 миллиард куб метр ўрнига 4 миллиард куб метр газ сотиб олинади.

“Газпром” Марказий Осиёдан сотиб олган газнинг катта қисмини Европа Иттифоқига сотади. Бунда Ўзбекистондан ҳар минг куб метр газ учун 250 АҚШ доллари атрофида ҳақ тўлаган “Газпром” Европага 375-390 доллардан сотади. Масалан, Украина ҳар минг куб метр газ учун ўтган йилнинг бошида “Газпром”га 400 доллардан тўлаган.

Газпром ширкати раиси ўринбосари Медведевга кўра, Ўзбекистон ва Туркманистондан олинадиган газ ўрнига Россиянинг ўзидан қазиб олинган газ Европага экспорт қилинади.

Россия кейинги 4-5 йил давомида Ўзбекистондан газ импорти ҳажимини мунтазам камайтириб бормоқда. Масалан, 2006 йилда Ўзбекистон Россияга қарийб 10 миллиард куб метр газ экспорт қилган. 2014 йилга келиб экспорт ҳажми 4 миллиард куб метрни ҳам ташкил қилмади. Жорий йилда эса Ўзбекистон 1 миллиард куб метр газини Россияга сота олади холос.

Ортиб қолган газ ички истеъмолчига етиб бормайди

Ўзбекистон дунёнинг газ қазиб олувчи энг йирик давлатлар йигирмалигига киради. Бу мамлакат йилига 55-60 миллиард куб метр газ қазиб олади. Ўзбекистон расмийларга кўра, табиий газ экспорти ҳажми 10-13 миллиард куб метрни ташкил қилади, қазиб олинган табиий газнинг асосий қисми эса ички истеъмол учун ишлатилади.

Шунга қарамасдан, Ўзбекистон аҳолисининг аксар кўпчилиги қиш мавсумини газ тақчиллиги вазиятида ўтказмоқда. Кейинги 4-5 йилнинг воқелигига айланган бу муаммо, жорий йилда, айниқса, кескинлашганини кузатиш мумкин.

Россияга газ экспортининг қисқариши Ўзбекситонда ички истеъмол эҳтиёжлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашига умид қилинмоқда. “Ўзбекнефтегаз” давлат ширкати вакиллари Озодликнинг бунга оид саволларига жавоб беришни исташмади.

Лекин “Ўзбекнефтегаз” лойиҳалари билан бевосита шуғулланувчи мутахассис, Озодлик билан ўзаро суҳбатда, Россияга газ экспортидан ортиб қолган газ ички истеъмолга йўналтирилади, деган башоратлар анчайин жўн, дея таъкидлади. Шахси сир қолишини истаган мутахассиснинг айтишича, мамлакат ички истеъмолчиларига табиий газнинг етиб бормаётгани ортида мураккаброқ сабаблар ётибди.

“Табиийки, қишда газ ишлатилиши ошади. Лекин мамлакат газ транспорт тизимидаги қувурларнинг катта қисми совет дарида ўтказилган. Бу қувурлар, айниқса, қишлоқ жойларидан ўтадиганлари таъмирланмайди, ҳаммаси эскириб кетган. Қишда истеъмол кўпайгани учун газ босимини ошириш керак. Газ босимини оширсангиз, эски қувурлар ушламаслиги мумкин, яъни портлаш рўй бериши эҳтимоли жуда юқори. Албатта, баъзи жойларда, масалан, шаҳарларда қувурларни озми-кўпми алмаштиришади, шунинг учун шаҳар жойларда газ муаммоси, қишлоқлардагидек эмас. Мана қишлоқларда ҳам янги коттежларни қуришяпти, у ерга янги қувурлар ўтказилмоқда, бу қувурлар 20-25 йил ишлаб беради”, дейди “Ўзбекнефтегаз” мутахассиси.

Унинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда автомобилларга газни сиқиб берадиган станциялар, газ ишлатадиган нонвойхона, иссиқхона ва шу каби бошқа иншоотларнинг назоратсиз кўпайгани ҳам муаммога жиддий ҳисса қўшмоқда.

“Шунинг учун Россия биздан камроқ газ сотиб олгани билан муаммо ҳал бўлишини кутиш соддадиллик бўлади”, дейди “Ўзбекнефтегаз” мутахассиси.

Газ Хитойга оқади

Бундан ташқари Ўзбекистон сўнгги йиллар давомида табиий газ экспорти йўналишини шарқ томон буриб, Марказий Осиёни Хитой билан боғлайдиган газ қувури лойиҳасида фаол иштирок эта бошлаганини ҳам эсдан чиқармаслик керак, дейди мутахассислар.

Йил бошида Хитой миллий нефтгаз корпорацияси ва “Ўзбекнефтегаз” Марказий Осиё –Хитой газ қувирининг Ўзбекистондан ўтувчи тўртинчи тармоғини қуриш режалари эълон қилинди.

“Ўзбекнефтегаз” Туркманистондан бошланиб Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойгача етиб борадиган йирик газ қувури тармоқларига 2014 йилда 10 миллиард куб метргача газ оқизиш ниятини билдирган эди.

Ҳозирда Ўзбекистон жануби-ғарбидаги Қандим, Хавзак ва Шоди газ конларини ўзлаштириш ишлари якунига етмоқда. Россиянинг “Лукойл” ширкати билан биргаликда ўзлаштирилаётган бу конлар салоҳияти истиқболда йилига 16 миллиард куб метргачани ташкил қилиши мумкин. “Ўзбекнефтегаз” мутахассисининг Озодликка айтишича, янги конлардан қазиб олинадиган газнинг асосий қисми Хитойга сотилиши кўзда тутилган.

“Бу конлар бўйича “Лукойл” билан Ўзбекистон ўртасида маҳсулотни тақсимлаш келишуви имзоланган. Унинг тафсилотларини сизга ошкор қилмайман, чунки бизда бу деярли давлат сирига тенглаштирилган. Лекин шуни айтишим, мумкинки бу газ ҳам Хитой ва Осиёнинг бошқа мамлакатларига сотилади”, дейди мутахассис.

Ўзбекистон 2010 йилда Хитой билан газ олди-сотдисига оид дастлабки келишувни имзолаган эди. Бу келишув асосида келгусида имзоланадиган шартномалар Ўзбекистоннинг йилига 10 миллиард куб метр газ сотишини кўзда тутади. Истиқболда газ экспорти ҳажми янада ошиши мумкинлигини англатадиган келишув имзоланиши ортидан Ўзбекистон ҳукумати аҳолини ёқилғининг муқобил турларига ўтишга чақира бошлади. Айнан сўнгги 4-5 йил ичида мамлакатнинг кўпчилик минтақаларида қиш мавсуми арафасида аҳоли кўмир ва ўтинни ғамлаб қўйиш лозимлигидан огоҳлантирилиши одатий тусга кирди.

Ўзбекистон мамлакат аҳолисига газнинг ҳар минг куб метрини тахминан 70-75 доллардан сотади. Экспортга кетадиган ўзбек газнинг нархи эса 200-300 долларни ташкил қилади, яъни газни ташқарига сотиш камида 3 баробарга фодалироқдир.

Бундан бир неча ой аввал, Ўзбекистон энерегетика соҳаси мулозимларидан бири Россия матбуотига берган интервьсида 2021 йилга келиб, Хитой ўзбек гази экспортининг асосий йўналишига айланишини билдирган эди. Хитойнинг ўзи йилига 100 миллиард куб метр газ қазиб олиши, 2020 йилга келиб эса унинг эҳтиёжи 300 миллиард куб метрга чиқиши инобатга олинса, ўзбек газининг асосий қисми қаерга оқишини фараз қилиш қийин эмас.

Мутахассис: Россияга газ экспорти камайиши ўзбекистонликлар муаммосини ҳал қилмайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:25 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG