Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:28

Обид қори Назаровга ўқ узганликда гумонланган Юрий Жуковский Швецияга экстрадиция қилинди


Обид қори Назаров
Обид қори Назаров

Обид қори Назаровга суиқасдни бевосита бажарганликда гумонланаётган шахс Швецияга экстрадиция қилинди. 2012 йил февралида содир этилган сиуқасдни тергов қилаётган прокуратура терговчиси Кристер Петерссоннинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский Швецияга 25 август куни Россиядан келтирилган.

Ўзбекистонлик таниқли имом Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февраль куни Швециянинг Стромсунд шаҳридаги уйи йўлагида отиб кетилган эди.

Суиқасдни бевосита бажарганликда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский 25 август куни Россиядан Швецияга экстрадиция қилинганини прокуратура терговчиси Кристер Петерсон Озодликка маълум қилди.

- Унинг исми Юрий Жуковский. У 1978 йил 3 апрелда туғилган Ўзбекистон фуқароси. Ҳар қалай, жиноят содир бўлган пайтда унинг қўлида Ўзбекистон паспорти бўлган ва бу паспорт ҳали ҳам амал қилади. Кеча (25 август куни), кечки соат еттидан бироз аввлроқ Швецияга келтирлиди,- деди терговчи Кристер Петерсон.

Юрий Жуковскийнинг ўзбекистонлик имомга қилинган сиуқасдга алоқадорилиги ҳақидаги илк иддаолар 2012 йилда бу иш юзасидан ўтказилган маҳкамада илгари сурилган эди.

Терговчилар тақдим қилган далиллар орасида Жуковскийнинг меҳмонхона ва дўконларда кузатув камераларига тушиб қолган расмлар ҳам бор эди.

Обид Назаровга қилинган суиқасдни Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерсон 3 йилдан бери тафтиш этмоқда
Обид Назаровга қилинган суиқасдни Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерсон 3 йилдан бери тафтиш этмоқда

Озодлик манбалари ўшанда Жуковский суиқасдни амалга оширганидан кейин Россияда яширинганини иддао қиллган эди.

Кейинчалик Юрий Жуковский Россияда қўлга олингани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлди.

Швед терговчиси Петерсоннинг Озодликка айтишича, Жуковский 2015 йил январь ойидан бери Россияда ҳибсда бўлган.

- Швеция суди 2012 йилда аллақачон бу одам жиноятда айбдор эканига ишора қилувчи етарли далиллар бор, деган хулосани берган. Жуковский Швецияда бўлмагани учун суд уни сиртдан ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган. Жорий ҳафта Швеция суди уни ҳибсда қолдириш масаласини кўриб чиқади. Ҳозирда аввалги тергов ва янги терговга доир кўп материаллар бор. Бу ишни судга тақдим қилиш учун тайёргарлик ишларига тахминан икки ой вақт талаб қилинади. Жуковский шу йилнинг январь ойидан бери Россияда ҳибсда сақланган, дейди Швеция прокуратураси терговчиси Критсер Петерсон.

Обидхон қори Назаров 2006 йилдан бери Швецияда қочқинликда яшайди
Обидхон қори Назаров 2006 йилдан бери Швецияда қочқинликда яшайди

2006 йилдан бери Швецияда муҳожиратда яшаётган таниқли имом Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февраль куни Стромсунд шаҳридаги уйи йўлагида ҳужумга учраган эди. Ўқ отар қуролдан олинган жароҳатлари боис 57 ёшли Назаров шу кунгача касалхонада кома ҳолатида қолмоқда.

2012 йил май ойида суиқасд ижрочиси Жуковскийга кўмаклашганлик айби билан асли ўзбекистонлик эри-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар Швецияда қўлга олинган ва судга тортилган эди.

Суд Пўлатов ва Аминованинг айбини тасдиқловчи етарли далиллар тақдим этилмаганини айтиб, уларни озод қилган эди.

Обид қори Назаровнинг ўғли Довудхон Озодлик билан суҳбатда суиқасдда гумонланувчи Юрий Жуковскийнинг Швецияга келтирилгани ҳақида расмийлар унга маълум қилишгани ва бу воқеа швед матбуоти сарлавҳаларига чиққанини айтади.

Довудхон Назаров билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:19 0:00
Бевосита линк

Мухолифатчи имом ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳукуматининг ашаддий танқидчиси Обид Назаровга суиқасд уюштирилиши нафақат Швеция, балки бутун Европада катта шов-шувни келтириб чиқарган эди.

Европалик сиёсатчилар, ҳуқуқ фаоллари ва матбуот воситалари мазкур жиноят ортида Ўзбекистон режими тургани ҳақидаги иддаолар илгари сурилди.

Суиқасд тергови билан Швеция махсус хизматлари шуғулланди ва ҳукумат вакиллари уни фош қилиш учун барча имкониятлар ишга солинишини ваъда қилишди.

Суиқасд тафсилотлари

2012 йилнинг 22 февралида Обид қори Назаров Швециянинг Стромсунд шаҳридаги уйи йўлагида, кундузи соат 12:25 атрофида, ёлланган қотилнинг ҳужумига учрайди.

Суиқасдга учраган Обид қори Назаров тез ёрдам машинасида касалхонага олиб кетилмоқда. Стромсунд. 2012 йил 22 февраль.
Суиқасдга учраган Обид қори Назаров тез ёрдам машинасида касалхонага олиб кетилмоқда. Стромсунд. 2012 йил 22 февраль.

Тергов материалларига кўра, Обид қори Назаров соат 12:30да ўқилиши режаланган пешин номозига чиқаëтган пайтда, овоз чиқармайдиган кичик калибрли тўппончадан ўққа тутилади.

Унинг 11 яшар жияни Муҳаммад имомнинг уй подъездида қонга беланган ҳолда чўккалаб ўтирганини кўриб одамларни ëрдамга чақиради.

Ўшандан кейин қорининг ўғли Довудхон отасини кўришга шошилганини айтади:

- Мен борганимда отамнинг ҳуши ўзида эди. Чўккалаб ўтирарди. Хаëлимга илк келган нарса тажовуз эҳтимоли бўлди¸ дея гапириб берган эди Довудхон Озодлик билан 2012 йилги суҳбатда.

Швецияда чиқадиган Östersund Posten газетаси мухбири Торд Андершон ўз журналистик суриштируви мобайнида Обид қорига ўқ узилганидан бир соат ўтганидан кейин полиция суиқасд эҳтимолини ўргана бошлаганини ëзади:

“Назаров 22 феврал кунининг ўртасида масжидга боришга шайланди. У пешин намозига имомлик қилиш учун кийиладиган бош кийимини кияётган пайт жиноятчи уни подъезд зинапоясида кутаётган эди.

Юрий Жуковский дея гумон этилаëтган шахс қоронғу ва тор ертўлага борадиган зинапояда ертўла йўлагига ўтиладиган темир эшиги ёнида турган.

Назаров уйининг эшигини ёпиб зинадан тушиб кетаётган пайтда жиноятчи унга орқа томондан ўқ узади.

Қуролнинг товуш пасайтирадиган мосламаси бор эди ва қулоққа фақат гурс этиб биров зинада йиқилгандек овоз эшитилади.

Жиноятчи ертўладан чопиб ўтиб, ўша уйнинг бошқа эшиги орқали ташқарига чиқади. У қадамини секинлаштириб, елкасидаги рюкзагини қуроли билан биргаликда ташлайди ва машинасига ўтириб, ҳудудни тарк этади.”

Бу пайтга келиб Лагман кўчасидаги жиноят содир этилган жой, жиноят жойи сифатида кўриб чиқилмайди.

Подъезд тўсиб олинмайди. Жиноятчининг изи кўпгина одамларнинг бу ерга кириб чиқиши натижасида йўқ бўлиб кетади.

Ердаги қон қатрони қирилиб, спиртли ювиш воситаси билан тозаланади.

Бу маълумотларни ўрганган швед журналисти Торд Андершон Озодлик билан суҳбатда суиқасд уюштирган жиноятчи кўздан бемалол ғойиб бўлиш учун бир соат вақтга эга бўлганини таъкидлайди.

Қорининг ўғли Довудхон айнан бир соатдан кейин полициячилар воқеанинг суиқасд эканини тушуниб етишганини айтади:

- Бу пайтга келиб биродарларимиздан бири уйнинг ёнидаги машина тўхташ жойидан рюкзак ва қурол топиб олганди¸ дейди суҳбатдош.

Имомнинг ўғли Довудхон Назаров уч ярим йилдан бери комада қолаётган отаси ёнида.
Имомнинг ўғли Довудхон Назаров уч ярим йилдан бери комада қолаётган отаси ёнида.

Аммо¸ “Воқеа руй берганидан икки соат ўтган бўлса ҳам Назаровнинг отилганлиги ҳақида тиббиёт ходимлари томонидан тасдиқловчи хабар келмайди. Соат 13.40 да полиция бир сайтда кичикхабар қўяди. Хабарда иккиланиш нафаси сезилиб турарди. Гап “жароҳат олган бир киши” ҳақида, ”жароҳат тўғрисидаги ноаниқлик ҳолати” ва воқеага яқин жойда “револьверга ўхшаган предмет” топилганлиги ҳақида борарди.

Яна бу воқеаларнинг асосий гувоҳи Довудхон гапига қулоқ соламиз:

- Тингвалланинг катта қисми тўсилиб, ўраб олинади. Ҳодиса жойига техниклар чақиртирилиб ўша атрофда яшовчиларнинг уйига бирма-бир кириб чиқилади. Аммо бу тўсиқ деворлари ва ўраб олинишлар бефойда эди. Жиноятчи бир соат олдин қочиб улгурган эди¸ дейди афсус билан суҳбатдош.

Бу ҳақда маҳаллий газетага мақола ëзган журналист Торд Андершон Озодлик билан суҳбатда швед полицияси гувоҳлардан ҳодиса ҳақидаги 300дан ортиқ маълумотлар йиғиб олганини айтади.

Шубҳали меҳмон

Мухбир ўз журналистик суриштируви асосида тайёрлаган мақоласида эҳтимолий жиноятчининг Струмсундга сафари ҳақидаги қисми диққатга сазовор:

“Февраль бошида шарқий Европадан учиб келган самолёт Швеция аэропортларидан бирига қўнади. Йўловчилардан бири махсус топшириққа эга. У божхона назоратидан ўтганидан сўнг тўғри машина ижара берадиган фирмалардан бирига бориб, ижарага машина олади ва Е4 автомагистралида ўзига белгиланган йўналиш бўйича шимол томон ҳаракатланади.

Юрий Жуковский Стромсундга кетаётиб, меҳмонхона ва дўконларда кузатув камераларига тушиб қолган
Юрий Жуковский Стромсундга кетаётиб, меҳмонхона ва дўконларда кузатув камераларига тушиб қолган

Бир кеча-кундуздан кейин у Струмсундга бориб Тингвалла аҳоли яшаш пунктидаги машиналар тўхташ жойига бурилади. Бу ҳудудда, Лагман (Lagmansgatan) кўчасидаги коммунал ижара уйларидаги хонадонлардан бирида унинг қурбони, ўзбек режими танқидчиси, Ўзбекистон ҳукумати томонидан қидирилаётган ва Ўрта Осиё мусулмонларнинг пешқадам лидерларидан бири бўлган Обид қори Назаров яшайди.”

Мақола давомида Торд Андершон ўз журналистик суриштируви мобайнида бу номаълум шахс зиммасига юкланган топшириқни бажариш мобайнида ўзини билдирмай ҳаракат қилганини тасвирлайди:

“Бу одамни кейинги ҳафталарда қишлоқнинг турли гўшаларда кўриш мумкин бўлади. У бир кун ижарага олинган машинаси билан Ваттудал (Vattudalsskolan) мактабининг машина тўхташ жойида пайдо бўлди ва ўзини газета ўқиётгандек кўрсатиб, атрофга олазарак қаради. Бу вақтда Обидхон Назаров мактабда эди ва ўқитувчилик учун практика машғулотларида иштирок этаётган эди.”

Журналист Торд Андершон Озодлик билан суҳбатда шубҳали меҳмон ҳақида Струмсундда суҳбатлашган одамлардан кишидан эшитганларини бир мантиқ занжирига улаб¸ манзаранинг кемтик жойларини тўлдирганини айтади:

- Бир неча гувоҳ машина русуми ва бу одамнинг юз тузилишини эслашди. Уларнинг аксарияти бу одам швед эмас, Болтиқбўйидан дейишди¸ дея гапирган эди журналист 2012 йилда Озодликка берган интервьюсида.

Кейинчалик суд давомида Торд Андершон тасвирлаган шубҳали меҳмоннинг Россияда истиқомат қилувчи Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский экани айтилади.

Торд Андершон ўша пайтда эълон қилган мақолани Обид қори тарафдорларининг тили учида турган айблов билан якунлайди:

“Назаров ҳали ҳам Остершунд касалхонасида кома ҳолатида ётибди. Назаров мухлисларининг фикри аниқ : Қори ўзбек Миллий хавфсизлик хизмати томонидан юборилган ёлланма қотил томонидан отилган!"

Ўзбекистон махсус хизматлари қидирувида бўлган имом

Ўзбекистон Махсус хизматлари ўз даврида диний-маърифий мавзудаги маърузалари ва Қуръон қироати билан Ўзбекистонга танилган Обид қори Назаровни "Ваҳҳобийлик" диний оқимининг мамлакатдаги етакчиси сифатида айблаган.

Айни кезда Швецияда қолаётган уламо бу айбловларни тўлиқ инкор қилиб келади.

Обид қори Назаров таниқли уламо бўлиш билан бирга Ўзбекистон режимининг ашаддий танқидчиларидан биридир.

Шу боис, у Ўзбекистонни тарк этганидан сўнг ҳам унинг шахсига нисбатан айблов руҳидаги телекўрсатувлар расмий телевидение томонидан бот-бот тақдим этиб келинмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги ва хориждаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар кузатувларига кўра, ҳанузга қадар мамлакатда диний мотивлар асосида ўтаётган маҳкамаларда унинг номи ашаддий жиноятчи сифатида тилга олинмоқда ва кўплаб диндор судланувчиларга бу уламога эргашганлик айби қўйилмоқда.

1997 йилдан буён Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати таъқиби ва тазйиқлари остида қолаётган уламонинг 6 фарзанди бор ва унинг тўнғич фарзанди Ҳусниддин Назаров 2004 йил 16 май куни ўғирлаб кетилган.

Қочқинлик

Обидхон қори Назаров Ўзбекистон махсус хизматлари таъқиби остида 1998 йилнинг баҳорида ўз уйини тарк этган.

2000 йилда қўшни Қозоғистонга ўтиб, у ерда 2006 йил баҳорига қадар яширин ҳаёт кечирган эди. 2006 йилнинг мартида БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги томонидан қочқин, деб тан олинган ва Швециядан сиёсий бошпана олган эди.

Ҳозир 57 ёшга кирган Обидхон қори Собитхон ўғли асли наманганлик.

1980-1984 йилларда Обидхон қори Тошкент Ислом олий маъҳадида таълим олган.

1985-1990-йиллари Тошкентдаги “Тиллашайх” жомеъ масжидида имом ноиби, 1990-1996-йилларда эса “Тўхтабой” жомеъ масжидида имом-хатиб сифатида фаолият юритган.

Шунингдек, 1992-1998 йиллар давомида Обидхон қори “Озодлик” радиосининг диний дастурини олиб борган ва тингловчиларни Қуръони карим тафсири билан таништирган эди.

57 яшар Обидхон қори Назаров ҳамон оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.

XS
SM
MD
LG