Ҳолливуд юлдузи Морган Фриман суратидан кино рекламасида берухсат фойдалангани боис намойиши тўхтатилган “Дайди” фильми режиссёри Сирожбек Абдуллаев “Ўзбеккино” Миллий агентлигини судга берди. Режиссёр йигитнинг Озодликка берган эксклюзив интервьюсида айтишича, фильм рекламасидаги ноқонуний ҳаракатлари учун кечирим сўрагани ва камчиликларни ўнглагани ортидан “Дайди” фильмини экранларга чиқаришга расман рухсат олган¸ бироқ “Ўзбеккино” икки ярим ойдан бери фильм намойишига тўсқинлик қилмоқда.
“Ўзбеккино”ни судга бердим”
Тошкентда ижод қилаётган хоразмлик 26 яшар Сирожбек Абдуллаевнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, "Ўзбеккино" агентлигининг "Дайди" фильми намойишига тўсқинлик қилаётгани борасидаги аризасини прокуратура ўн кундан бери ўрганмоқда:
- Мен "Ўзбеккино" Миллий агентлигини судга бердим. Ўн кун бўлди Тошкент шаҳар прокуратураси агентлик устидан иш қўзғаяпти. Яна халқаро судга бераман. Европада Инсон ҳуқуқлари бор. Роликларимни жўнатдим. Биринчидан, менинг материалларимни кўрмасдан, ноҳақ айблаб, менга маънавий зарар етказгани учун. Менинг номимни ёмонотлиқ қилгани учун. Чет эл кадрларини ўғирладинг¸ деб менинг нарсаларимни кўрмасдан Интернетга ёзишди. Вертолётнинг Дубайдаги саҳналарини ўғирлаганмишман. Мен чет элнинг кадрларини сўраб олганман ва мутахасисларга кўрсатганман. Ички ишлар ходими, монополия қўмитаси, прокуратура, Миллий хавфсизлик хизматига монтаж пайтида шунақа тарбиявий аҳамияти бор, террористик кадрларни кўрсатаяпман, деб кўрсатганман. Лекин Ватикан кадрлари, Дубай саҳналарини ўзим суратга олганман,- дейди Сирожбек Абдуллаев.
Фриман боис намойиши тўхтатилган фильмга яна рухсат берилди
Сирожбек Абдуллаевнинг режиссёр сифатидаги илк фильми 11 февралдан экранларга чиқарилиши лозим эди. Бироқ "Ўзбеккино" агентлиги "Дайди" фильмини реклама қилишда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари кузатилгани сабабли фильм тақдимотини ўтказиш ва уни намойиш қилишни тўхтатиб қўйди.
"Ўзбеккино" фильмнинг трейлери, баннерлари ва чипталарида Ҳолливуд юлдузи Морган Фриманнинг 2014 йилда ишлаб чиқарилган "Сўнгги рицарлар" фильмида суратга тушган қиёфаси акс эттирилганини аниқлаган ва буни ноқонуний деб топган.
Режиссёр Абдуллаевнинг айтишича, қайд этилган камчиликларни бартараф қилгач, фильм намойишига қайта рухсат олган:
- Мен хато қилибман, бориб узр сўрадим... Монополия қўмитаси томонидан кўриб чиқилди ва менга янги реклама эскизлари асосида "Дайди" фильмини экранларда намойиш қилиш учун рухсат берилди.
"Қўлимда рухсатнома бор, лекин "Ўзбеккино" қаршилик қилаяпти"
Абдуллаевнинг айтишича, март ойида қайта рухсат олганига қарамасдан фильми икки ярим ойдан бери экранларга чиқарилмаяпти:
- Рухсатнома бор. "Ўзбеккино"ники ҳам бор. Менга март ойида рухсат берилган. Қонун бўйича мен ҳақман, лекин кинотеатрга борсам, орқадан телефон қилиб, "қўймайсан" деяпти. Мен "Ўзбеккино"га борсам, "кино арбоблари рухсат бермади" деди. "Панорама" (Тошкент марказидаги Санъат саройи назарда тутилмоқда - таҳр.)га борсангиз, кечирасизу, ахмоқона кинолар бўлиб ётибди. Бир пулга қиммат кинолар. Қаерга қараяпти кино арбоблари?- дейди Абдуллаев.
"Мендан 2000 доллар пора сўрашди"
Режиссёр Абдуллаев ўз дебют фильмининг экранга чиқарилмаëтгани ортидаги асосий сабаб "Ўзбеккино" мулозимлари сўраган порани бермагани билан боғлиқлигини иддао қилади:
- Мендан 2000 доллар миқдорида пора сўрашаяпти. Шундай муҳит шаклланган - пора бермасангиз, кино ўтмайди. Бу қандай гап? Қаерга қараяпти тепадагилар? Пора бермайман мен. Порахўрликни мен тегишли ташкилотларга ёздим. Порталга ҳам ёздим. Қўрқадиган жойим йўқ. Менга шунақа гаплар айтишаяпти: "Пуф десам, Хоразмга учиб кетасан", деб. Учириб юборсин мени! Йўқ қилиб юборсин, қўлидан келса. Менинг киномни чиқармаслиги мумкин. Лекин мени кино ишлашдан тўхтата олмайди,- дейди Сирожбек Абдуллаев.
Озодлик “Ўзбеккино”га қўнғироқ қилиб, Сирожбек Абдуллаев иддаолари бўйича муносабат сўраганида агентлик расмийси “Дайди” фильмига тўсқинлик қилинаётгани ҳақидаги иддаоларни инкор қилди.