Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:13

Маданият вазирлиги Бухородаги мадраса девори ўпирилиб тушганидан бехабар


Бухородаги Абдулазизхон мадрасасининг девори қулаб тушди.
Бухородаги Абдулазизхон мадрасасининг девори қулаб тушди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги мулозимлари Озодликка Бухородаги ўрта асрларга оид мадраса девори қулаб тушганидан бехабар эканликларини айтди. Бухоронинг эски шаҳар қисмида ўз студиясига эга меъморнинг Озодликка айтишича¸ XVI асрда қурилган Бухоро марказидаги Абдулазизхон мадрасасининг девори яқинда бошланган таъмир пайтида қулаб тушган. Унга кўра¸ қурувчилар мадраса тагидан комуникация қувурлари учун шахта қазган пайтда девор ўпирилиб кетган.

Ўзбекистон маданият вазирлигининг "Маданий мерос" бошқармаси мулозими Дилмурод Тегилдиев Озодликка қадимий мадрасанинг қулаганидан бехабар эканлигини айтди.

Қадимий обидалар таъмир қилинаëтган пайтда жараëнни назорат қилиши керак бўлган мутасадди ходимининг мадрасанинг маданий мерос обидаси сифатида муҳофаза қилиниши керак бўлган иншоот эканлигини билмаслиги ҳам аëн бўлди.

Бухоролик фотосувратчи Анзор Бухарский шаҳардаги қурилишларни акс эттирган
Бухоролик фотосувратчи Анзор Бухарский шаҳардаги қурилишларни акс эттирган

Бухоро вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Йўлдош Генжаев ҳам Озодлик билан суҳбатда "пахта штабида навбатчи бўлгани боис" мадраса қулаганидан хабари йўқлигини айтди:

-Хабарим йўқ. Қулабдими? Мен пахта штабида эдим¸ шу боис бехабар қолибман. Лекин ремонт бўлаëтган эди¸ - дейди мулозим.

Буxородаги талон -торож қилинган кошин
Буxородаги талон -торож қилинган кошин

Ўзбекистонлик санъатшунос-блоггер Акмал Ризаевнинг айтишича¸ қадимий бино таъмир қилинаëтган пайтда Маданият вазирлиги мулозимларининг 24 соатлик назорати таъминланган бўлиши лозим.

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги 53-сонли қарорига асосан Абдулазизхон мадрасаси ва унга ёндош бинолар моддий - маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасигага олинган. Бу ҳолатда мадраса маданий мерос объекти сифатида асли қандай бўлса, шундайлигича консервация қилиниши ва ҳар хил волюнтаристик таъмирлардан ҳимояда бўлиши керак эди. “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун талаби ҳам шу. Аммо шу пайтгача Маданият вазирлигида айнан шу вазифа учун штатда турган мулозимлар бирорта обидани сақлаб қолиш учун пинагини ҳам бузмади¸ - дейди суҳбатдош.

Унга кўра¸ июнь ойида Бухорода бошланган таъмир оқибатида яна иккита обидага зарар етган:

- Мадрасадан ташқари шаҳарнинг қадимий қисмидаги “Тоқи заргарон” бозори таг-туги билан йўқ қилинди. Унга ëндош “Шаҳристон” олтин бозори ва гилам бозорлари ҳам бузулди. Бу қадимий жой ўрнида нима қурилиши эса номаълум. Бухоро бозори деган тушунчанинг ўзи ўта қадимийдир¸ - дейди санъатшунос.

Ризаевнинг илова қилишича¸ таъмир пайтида Улуғбек мадрасасининг пойдеворида дарз пайдо бўлган.

- Таъмир ишларини реставрацион жараëндан умуман бехабар бўлган оддий қурувчилар амалга оширмоқда. Масалан, Мир Араб ва Абдулазизхон мадрасаси орасидаги кўчанинг қадимий тош қопламаси қўпориб ташланиб, ўрнига замонавий плиталар тўшалмоқда. Бу эса Бухоронинг тарихий қийматини йўққа чиқарадиган омилдир, - деди у.

Бухоро вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Йўлдош Генжаев кўчаларга янгидан тўшалаëтган плиталар дизайн жиҳатдан эски услубга яқин эканлигини таъкидлади:

- Янги плиталарнинг дизайни эскисига ўхшайди. Хоразмдан усталар чақирдик. Яна Ҳиндистондан уста чақирамиз. Аслига ўхшатамиз ишқилиб¸ - дейди мулозим.

Озодликнинг “нега кўчага тўшалган тошларнинг аслини ўзи қолдирилмади?” деган саволига мулозим жавоб бера олмади.

Қадимий Бухоро номи остидаги “Евроремонт”

Президент Шавкат Мирзиëев махсус қарор билан Бухорога хориж сайëҳларини кўпроқ жалб этиш мақсадида эски шаҳар қисмида “Қадимий Бухоро” номли замонавий марказ қуришга топшириқ бериши ортидан Бухоронинг қадимий қисми қурилиш майдонига айланди.

Жаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилишга оид 1972 йилги халқаро конвенцияни ратификация қилган давлат сифатида Ўзбекистон¸ ЮНЕСКО томонидан белгиланган тарихий ҳудуд ва буфер зонада бирор таъмир ëки қурилиш қилишдан олдин¸ ЮНЕСКОнинг Парижда жойлашган Умумжаҳон мероси маркази билан мувофиқлаштириши лозим.

Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган мутасаддилари жорий йилнинг июнь ойида “Қадимий Бухоро” лойиҳасининг ЮНЕСКО билан муҳокама қилиниб¸ улар билан мувофиқлаштирилаëтганини иддао қилган эдилар

Аммо 2 июнь куни Озодлик билан суҳбатда Умумажаҳон мероси марказининг Осиë бўлими раҳбари Фенг Жинг (Feng Jing) “Қадимий Бухоро” лойиҳасини биринчи марта эшитиб турганини эътироф қилган эди:

- Бунақа вазиятда¸ Умумжаҳон мероси бўйича қабул қилинган халқаро қонун – 1972 йилги конвенция асосида иш кўрилади. Бу ҳужжатда эса¸ қилинадиган қоида ва процедуралар¸ амалий йўриқномалар аниқ қилиб белгилаб қўйилган. Бу келишувнинг амалий йўриқнома қисмида, агар аъзо давлат тарихий обидаларга тегишли бирор лойиҳани амалга оширмоқчи бўлса¸ ҳукуматлараро қарор чиқарувчи орган - Умумжаҳон мероси қўмитасини хабардор қилиши лозим¸ дейилади. Биз ана шу қўмитанинг котибиятимиз¸ лекин “Қадимий Бухоро” лойиҳасига оид хабарни сиздан эшитиб турибман. Ҳозирча бизга лойиҳага оид аниқ ҳужжатлар жўнатилгани йўқ¸ - деган эди ЮНЕСКО расмийси.

Ўшанда Маданият вазирлиги мулозими "ЮНЕСКО розилигини олмасдан бирор бинога тегилмайди," - дея Озодлик мухбирига ваъда берганди.

Аммо Бухоро вилоят ҳокими топшириғи билан шаҳарнинг қадимий қисмида катта қурилиш ишлари мутахассислар иштироки ва рухсатисиз бошлаб юборилди.

"Қадимий Бухородаги евроремонт Шаҳрисабздаги евроремонтни эслатмоқда. Мулозимлар қадимий биноларни худди ўзини ҳовлиси каби ўз таъбларига кўра¸ ялтиллатишга уринаëтгани қадимий обидалар учун фожиавий оқибатларга олиб келмоқда," деди санъатшунос Акмал Ризаев.

XS
SM
MD
LG