Ўзбекистон хабарлари
“Ўзбекистон ифтихори” Руслан Нуриддинов спортдан вақтинча четлатилди
Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон тарихидаги илк жаҳон чемпиони, “Ўзбекистон ифтихори” Руслан Нуриддинов допинг истеъмол қилганликда айбланиб, вақтинча спортдан четлатилди.
Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF)нинг хабар беришича, Руслан Нуриддиновнинг 2012 йилги Лондон Олимпиадасидаги допинг намунаси қайта текширувдан ўтказилганда, ижобий натижа берди. Унинг допинг намунасидан дегидрохлорометилтестостерон (анаболик андроген стреоид) топилди.
Руслан Нуриддинов Лондон олимпиадасида 105 килогача вазн тоифасида тўртинчи ўринни эгаллаган эди. Рио-де-Жанейро олимпиадаси чемпиони, 2018 йилги Осиё ўйинлари олтин медали соҳиби.
2013 йил октябрида Польшада ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон тарихида биринчи марта оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган. Шундан сўнг спортчига “Ўзбекистон ифтихори” унвони берилган
Бундан аввалроқ 2008 ва 2012 йилги Олимпия ўйинларидаги допинг намуналарини қайта текширувдан ўтказган Халқаро олимпия қўмитаси Артур Таймазовни Бейжинда эркин курашдан қўлга киритган олтин, Сослан Тигиевни кумуш медалдан маҳрум этган эди.
Кун янгиликлари
Андижонда конякдан заҳарланган 22 кишининг 5 нафари вафот этди
Андижон вилоятида “Ўзбекистон” номли коняк спиртли ичимлиги истеъмол қилиши оқибатида заҳарланган 22 кишининг беш нафари вафот этган.
Бу ҳақда Андижон вилояти прокуратураси ўзининг Телеграм каналида хабар қилди. Расмий маълумотга кўра, 22-26 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси акциз маркаси ёпиштирилган “Ўзбекистон” номли коняк спиртли ичимлиги истеъмол қилганлар ўткир заҳарланиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Хабарда ёзилишича, шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан, уларнинг 5 нафари вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят ИИБ тергов департаменти, ИЖҚК департаменти терговчиларидан иборат тезкор тергов гуруҳи томонидан олиб борилмоқда.
Ўзбек-қозоқ чегарасида махфий лаҳм топилди
Қозоғистон жанубида нефть маҳсулотларини контрабанда йўли билан Ўзбекистонга ўтказиш мақсадида фойдаланилган яширин туннель топилди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Туркистон вилояти прокуратураси маълум қилди.
“Бир гуруҳ шахслар томонидан Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасида 450 метр узунликда туннель қазилган. Ушбу лаҳм орқали ҳар куни 5-7 тонна ёқилғи-мойлаш материаллари контрабанда йўли билан олиб ўтилган”, дейилган вилоят прокуратураси хабарномасида.
Маълум бўлишича, ноқонуний фаолият тахминан икки ой давом этган бўлиб, махсус тадбирлар мобайнида бу ишга дахлдор жиноий гуруҳнинг барча аъзолари, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари аниқланган,
Шу каби тадбирлар Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан чегара ҳудудида ҳам ўтказилган. Суриштирувларда қўшни давлатдан экспорт қилинган ёнилғи учун маблағ ўтказиш схемаси ўртага чиққан.
“Қозоғистон ҳудудида ҳам, Ўзбекистон ҳудудида ҳам трансмиллий жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган прокуратура баёнотида.
Марказий Осиё давлатлари чегара ҳудудларида яширин туннеллар топилиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Озодлик аввалроқ ўзбек-қирғиз чегарасида валюта ва бошқа молларни ноқонуний ўтказишда фойдаланилган тўртта туннель топилгани ҳақида хабар қилган эди.
Тошкент ҳокими 100 миллиард сўмлик ҳужжатни махфийлаштирди
Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг 100 миллиард сўмлик қарздорликлар ва кутилаётган харажатларни қоплашга доир қарори “E-qaror” ягона электрон тизими платформасида яшириб қўйилган.
Daryo.uz нашрининг ёзишича, 2024 йилнинг 10 октябрь куни қабул қилинган 709-14-0-Қ/24 сонли қарор “шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги” важидан махфийлаштирилган.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида октябрь ойида Яккасарой, Шайхонтоҳур, Сирғали, Учтепа, Мирзо Улуғбек, Янгиҳаёт, Бектемир, Чилонзор, Юнусобод туманлари ҳокимларининг қарорлари ҳам қабул қилинган ва ҳар бир туманга 2 миллиард сўмдан 14 миллиард сўмгача маблағ ажратилган.
Деярли барча туман ҳокимлари қарорлари ҳам яшириб қўйилган.
Таъкидланишича, республика бюджетидан иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таъминоти харажатлари учун Тошкент шаҳри бюджетига ажратилган 100 миллиард сўм сарфига доир ҳужжатни жамоатчиликдан беркитиб қўйиш ғайриқонуний ҳаракатдир.
“Қонунчиликка мувофиқ Тошкент шаҳри ҳокимининг ушбу қарори бюджет тақсимотига доир бўлганлиги боис очиқ кўриниб туриши шарт. Маҳаллий давлат ҳокимиятлари фаолиятини назорат қилиб бориши лозим бўлган ҳудудий адлия органлари нега мунтазам равишда ўрганишлар олиб бормаяпти?” дея саволга тутган адлия идорасини Daryo.uz.
Сўнгги вақтларда вазирлик ва ҳокимликларнинг кўплаб ҳужжатларни жамоатчилик ҳукмига ҳавола этмай махфийлаштираётгани эътирозга сабаб бўлмоқда.
Озодлик аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокимлиги 630 миллион сўмлик автомобиль харидига оид қарорни яшириб қўйгани ҳақида хабар қилган эди.
Шунингдек, гарданида 6,6 миллиард сўм қарзи бўлган Андижон тумани ҳокимлиги қимматбаҳо автоулов сотиб олишга доир ҳужжатни жамоатчилик назаридан пана қилгани маълум.
Тўққиз яшар қизчани босиб кетган “пойгачилар” қамалди
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида 9 ёшли қизни босиб кетган ҳайдовчиларга суд ҳукми ўқилди.
Kun.uz нашрининг суд ҳукмига таянган ҳолда ёзишича, фуқаролар Фахриддин Аманбаев ва Насимжон Амиров Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-модда 2-қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилган. Улар икки йил транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилгани ҳолда шунча муддатга қамалган.
Тергов ҳужжатларига кўра, Аманбаев ва Амиров (ҳар иккиси 1976 йилда туғилган) Хатирчи тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р48 автомобиль йўлининг 126-127-километри оралиғида бир-бирини қувиб ўтиш мақсадида BYD машиналарини катта тезликда бошқарган. Оқибатда Амиров пиёдалар йўлагидан ўтаётган вояга етмаган Ш.Ш.ни машинаси билан уриб кетган. Ортидан келган шериги йиқилган қизалоқни босиб ўтган. Қиз воқеа жойида жон берган.
Фожиали ЙТҲ жорий йил 1 июль куни рўй берган.
Судда ҳар икки ҳайдовчи айбига иқрорлик билдирган ҳамда машинани катта тезликда бошқариб, бир-бирини қувиб ўтишга ҳаракат қилганини тан олишган.
Кейинчалик ҳайдовчилардан бири йил мобайнида 12 марта радарга тушгани, ЙТҲ содир бўлган пиёдалар ўтиш жойига 2024 йил биринчи чорак якунига қадар ўрнатилиши керак бўлган тугмали светофор маблағ ажратилмагани сабабли ўрнатилмай қолгани ўртага чиққанди.
Жамоатчилик вакиллари сўнгги вақтларда пиёдалар ўлимига сабаб бўлаётган ЙТҲлар кўпайганидан хавотир билдириб келади.
Ноябрь ойида Самарқанд ва Андижондаги аварияларда ўқувчилар нобуд бўлганди.
Расмий статистикага кўра, 2022 йилда рўй берган 9902 та ЙТҲда 2356 киши ўлган бўлса, 2023 йилда қайд этилган 9839 та ЙТҲда 2282 киши, жумладан, 263 нафар бола вафот этган.
Фаоллар ЙТҲлар оқибатидаги ўлимлар юзасидан сиёсий жавобгарлик масаласини ҳам кўтаришган.
Парламентда Нукус воқеалари бўйича ахборот тингланди
Қорақалпоғистонда 2022 йил июль ойида рўй берган оммавий норозилик намойиши иштирокчиларидан 943 нафари ҳуқуқбузарлик содир этгани учун огоҳлантирилган, 6135 нафарига маъмурий жарима, 2639 нафарига маъмурий қамоқ жазоси белгиланган. 61 киши эса жиноят содир этгани аниқланган.Бу ҳақда 26 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма йиғилишида кўриб чиқилган комиссия ахборотида сўз борган.
Нукусда юз берган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича Омбудсман Феруза Эшматова бошчилигидаги, 14 нафар депутат, сенаторлар, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакилларидан ташкил топган комиссия 2022 йил 15 июлида тузилганди.
Қуйи палата матбуот хизматининг маълум қилишича, тартибсизликлар натижасида фуқаролар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг оғир тан жароҳати олиши ва ҳалок бўлиши, шунингдек, фуқаролар ва давлат идораларининг мол-мулкига катта миқдорда (6,8 миллиард сўм) моддий зарар етказилган.
Комиссия ахборотига кўра, оммавий тартибсизликлар давомида 21 нафар фуқаро, шу жумладан, 2 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими вафот этган ва 413 нафари жароҳатланган (шундан 183 нафари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари).
Жиноят иши доирасида судгача қамоққа олинган жами 168 нафар шахснинг 107 нафари (икки нафар аёл) комиссия илтимосномасига кўра оиласига қайтарилган.
Маълум қилинишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан оммавий тартибсизликларни маъмурий бинолардан узоқлаштириш, тарқатиб юбориш, маъмурий бино ва стратегик объектларни эгаллашга уринишларни бартараф этиш мақсадида халқаро амалиётда қўлланадиган воситалардан (сув ва рангли суюқлик пурковчи техника, кўздан ёш оқизувчи махсус гранаталар) фойдаланилган.
Оммавий тартибсизликларни бартараф этиш жараёнида инсон ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини бузишга йўл қўйган ички ишлар органлари ходимларининг уч нафари жиноий жавобгарликка тортилган.
Комиссия давлат органларига оммавий тартибсизликларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фойдаланиладиган махсус воситаларни қўллаш ва тартиббузарларни тарқатиш бўйича меъёрий ҳужжатларни етакчи хорижий давлатлар тажрибаси асосида мунтазам такомиллаштириб бориш каби тавсияларни илгари сурган.
2022 йилнинг июль ойи бошида Қорақалпоғистонда аҳоли пойтахт Нукус шаҳрининг марказий майдонида оммавий норозилик акциясига чиққан. Одамлар Тошкентнинг Қорақалпоғистонни Ўзбекистон таркибидаги суверен республика мақомидан маҳрум этиш режасига шу йўсинда норозилик билдиришган. Ҳукумат намойишни куч билан бостирган.
Нукус воқеалари бўйича ўтказилган судларда умумий ҳисобда 61 киши жавобгарликда тортилган.
Озодлик аввал хабар берганидек, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Нукус воқеаларининг икки йиллиги муносабати билан берган баёнотда норозилик чиқишларини бостиришда ҳаддан зиёд куч қўллангани учун бирорта ҳам юқори лавозимли мулозим жавобгарликка тортилмаганига эътибор қаратганди.
Ўзбекистон Евросиё тараққиёт банкига аъзо бўлмоқчи
Ўзбекистон қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун ишончли молиявий манбаларни шакллантириш мақсадида келгуси йил бошида тартиб-таомилларни якунлаб, Евросиё тараққиёт банкига аъзо бўлишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги нутқида маълум қилган.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян раислигида (онлайн форматда) ўтган учрашувда Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Россия президенти Владимир Путин қатнашган. Мирзиёев йиғилишда кузатувчи мақомида иштирок этган.
Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон кузатувчи сифатида Евросиё иқтисодий иттифоқи билан 22 та йўналишда самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. 2024 йилда Ўзбекистоннинг иттифоқ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 11 фоизга ошган.
Тошкент ЕОИИнинг савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, электрон тижоратни жорий этиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги қатор тармоқ дастурларида фаол қатнашмоқда.
Мирзиёев Ўзбекистон тадбир якунида имзоланадиган Ягона божхона транзити тизими тўғрисидаги битимда ҳам иштирок этишини айтган.
ЕОИИ 2014 йилда Беларусь, Қозоғистон ва Россия иштирокида тузилган. 2015 йили унга Қирғизистон билан Арманистон қўшилган. Ўзбекистон ва Куба мазкур тузилмада 2020 йилда кузатувчи мақомига эга бўлган.
Экспертлар Россия ҳали халқаро санкцияларга йўлиқмасдан туриб ҳам ЕОИИни аъзо давлатлар учун манфаатли эмас, деб ҳисоблашарди. ЕОИИ фақат Россия фойдасига хизмат қиларди. Москвага қарши санкциялар жорий этилганидан сўнг ЕОИИ мамлакатларида иттифоқдан чиқиш тарафдорлари янада кўпайган.
Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Ўзбекистон учун ЕОИИда кузатувчи давлат мақоми кўпроқ мақбул экани ҳақида баёнот берган эди.
Ҳукумат Тошкентнинг бош режасини тасдиқлади
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 24 декабридаги қарори билан Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, бош режани икки босқичда амалга ошириш мўлжалланган бўлиб, биринчи босқич 2030 йилгача, иккинчи босқич эса 2045 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади.
Бош режадан мақсад Тошкентда қурилишни комплекс режалаштириш, лойиҳалаштириш сифатини ошириш ҳамда шаҳар инфратузилмаси ва меъморий-лойиҳавий қиёфасини яхшилашдан иборатлиги айтилган.
Режада қурилиш ишларининг барчаси ҳудудлар мастер-режаларининг тасдиқланган лойиҳаларига мувофиқ бўлиши лозимлиги кўзда тутилган.
Ҳужжат билан Тошкент ва унинг атрофидаги яшил ҳудудларни уч карра кўпайтириш, жамоат транспорти тармоғини кенгайтириш, жумладан, метробус йўналишлари ташкил этиш, электр энергияси, сув ва оқова инфратузилмасини яхшилаш кўзланмоқда.
Бош режани ишлаб чиқиш президент Мирзиёевнинг ўтган йил сентябридаги фармони билан рухсат этилганидек соддалаштирилган форматда амалга оширилган.
Бош режа бўйича шаҳар ҳудудлари учта зонага: консервация, реконструкция ва реновация зоналарига бўлишини назарда тутилган.
Аввалроқ консервация зонасида маданий мерос бинолари, тарихий жойлар, уйлар ва яшил ҳудудлар ўзгаришсиз қолиши, реконструкция зонасида мастер-режалар асосида қўшимча қурилишлар қилиш мумкин бўлиши, реновация зонасида эса эскирган уй-жой, бинолар ўрнида янги қурилиш ва таъмирлаш амалга оширилиши айтилган эди.
Ҳужжатда пойтахт ҳокими бош режанинг амалга оширилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ҳисобот топшириб туриши шартлиги қайд этилган.
Пойтахт янги бош режасининг икки йилдан буён ишлаб чиқилмай ва тасдиқланмай қолаётгани мамлакат жамоатчилиги томонидан танқид қилиниб келаётган эди. Фаоллар Тошкент шаҳри ҳавосининг мисли кўрилмаган даражада ифлослангани, инфратузилма кучли зўриқишга дучор бўлгани, тирбандликлар ошгани, бир-биридан баланд уйлар қурилиши пойтахт аҳолисини қийин аҳволга солаётганидан шикоят қилишган.
Президент Мирзиёев ўтган йил февралида Тошкент шаҳри жамоатчилик вакиллари ва мутасаддилар иштирокида ўтказилган йиғилиш чоғида шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунича, пойтахтда янги қурилишларга мораторий эълон қилинишини билдирган. Ўша йиғилишда у қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилган эди.
Тартибсизликларни молиялаганлик учун жиноий жазо киритилмоқда
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 24 декабрь куни Жиноят кодексининг 244-моддасига (оммавий тартибсизликлар) тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.
Амалдаги қонунчиликда оммавий тартибсизликларни уюштирганлик, уларда фаол иштирок этганлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Эндиликда оммавий тартибсизликларни содир этиш мақсадида таълим олганлик ва уларни ташкил этишни молиялаштирганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда.
Gazeta.uz нашрининг аниқлик киритишича, оммавий тартибсизликларни ташкил этиш мақсадида ўтказиладиган ўқишга қатнашиш, шу жумладан, бу бўйича билим, амалий кўникма ва малакаларни эгаллаш, шунингдек, қурол-яроғ, портлаш қурилмалари, портловчи, заҳарловчи ва атроф-муҳит учун хавфли бўлган бошқа моддалар ва предметлар билан муомала қилиш усулларини ўрганиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 600 бараваригача (112,5 миллион сўмдан 225 миллион сўмгача) миқдорда жарима, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари назарда тутилган.
Шахсга нисбатан зўравонлик, талончилик, портлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки йўқ қилиш, ҳокимият вакилига қурол қўллаш билан бирга содир этиладиган оммавий тартибсизликларни ташкил этиш ёки молиялаштириш, уларда фаол иштирок этишда 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Қонун лойиҳасига тушунтириш хатида таъкидланишича, “замонавий воқеликдан келиб чиқиб, ушбу соҳадаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш зарурати юзага келган”.
Мазкур қонун лойиҳаси илгари жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган.
Озодлик 11 декабрь куни қонун лойиҳаси биринчи ўқишда саволларсиз маъқуллангани ҳақида хабар қилган эди.
Тадқиқотчи: Носвойда заҳарли моддалар сигаретдан кўпроқ
Фарғона, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тайёрланган носвой намуналари Япониянинг Киото университети токсикологик лабораториясида текширувдан ўтказилди.
Мазкур тадқиқотни олиб борган ўзбекистонлик олим Жасур Жўраевнинг Кun.uz мухбирига айтишича, носвой таркибида α-hexachlorocyclohexane, α-geksaxlorosiklogeksan, dieldrin, diyeldrin, toxphene-P26, toksafen- P26, endosulfan-2, endosulfan-2, hexachlorobenzene, geksaxlorobenzin каби турғун органик ифлослантирувчи кимёвий моддалар (пестицидлар) борлиги аниқланган.
“Бу моддалар носвойда қанча миқдорда бўлиши ҳақида ҳозирча меъёр белгиланмаган. Лекин текширганимизда ўзбек носвойида сигаретлардаги заҳарли моддалар бир неча баробар кўпроқ бўлиб чиқди. Тадқиқот тугаса, тавсиявий меъёр белгилаб, ССВ орқали маълум қиламиз”, деган Жасур Жўраев.
Турғун органик ифлослантирувчилар ва пестицидлар инсон саломатлиги ҳамда сайёра экотизимига таҳдид солувчи хавфли кимёвий моддалар ҳисобланади.
“Нос уй шароитида зарарсиз тайёрланади ва сигарет билан таққослаганда тутун йўқ, никотин ўпкагача етиб бормайди, туфлаб ташлайман, ичимга кетмайди деб ўйлашади. Лекин ҳар йили АҚШда 1300 га яқин киши тутунсиз тамаки сабаб оғиз саратонига учрайди”, деган Жўраев носвой истеъмол қилувчилар нега уни нисбатан зарарсиз деб ўйлашини изоҳларкан.
Жасур Жўраев беш йилдан бери Японияда жамоат соғлиғини сақлаш бўйича илмий изланиш қилиб келади. У Тошкент тиббиёт академияси ва Япониянинг Хиросима университетини тамомлаган.
Тадқиқотларга кўра, дунёнинг 121 давлатида 350 миллиондан ортиқ тутунсиз тамаки фойдаланувчиси бор ва уларнинг 67 фоизини эркаклар, 33 фоизини аёллар ташкил этади. Уларнинг 95 фоизга яқини ривожланаётган мамлакатларда, атиги 5 фоизи ривожланган мамлакатларда яшайди.
Саратон тадқиқотлари халқаро агентлиги (The International Agency for Research on Cancer) тутунсиз тамаки оғиз бўшлиғи, қизилўнгач ва ошқозон ости бези саратонига сабаб бўлади деган хулосага келган.
Озодлик аввалроқ “тутунсиз ўлим” деб таърифланадиган, енгил наркотик сифатида талқин қилинадиган нос чекишга ружу қўйишнинг оқибатлари ҳақида видеошарҳ тайёрлаганди.
Йил давомида бир тоннадан зиёд наркотик ушлаб қолинди
Жорий йил бошидан буён Ўзбекистонга бир тоннадан ортиқ гиёҳвандлик моддалар олиб кирилишининг олди олинган.
Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабарномасига кўра, 2024 йилда божхона органлари томонидан 554 минг дона психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар, 49 дона қурол, 3010 та ўқ-дорилар ашёвий далил сифатида олинган.
Аввалроқ Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов Ўзбекистонда 2019−2024 йиллар оралиғида наркожиноятлар сони икки бараварга кўпайганини маълум қилиб, мамлакатда “дорихона наркоманияси” авж олганидан хавотир изҳор қилган эди.
Жорий йил ноябрь ойида ДХХ матбуот хизмати Сурхондарё вилояти Узун тумани ҳудудида ҳаракатланаётган машина юкхонасидан 50,5 килограмм гашиш моддаси топилгани ҳақида ахборот ёйинлаганди.
Ўтган йили “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона мажмуасига қарашли постда 8,5 тонна гиёҳвандлик моддаси қўлга олингани иддао қилинганди. Ўшанда Божхона қўмитаси вакили бу ҳодисани мамлакат тарихида битта ҳолатда катта миқдорда наркотик восита фош қилиш бўйича рекорд натижа деб атаганди.
Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами, жумладан, озиқ-овқат ва дори-дармон тақдим этилди, дея маълум қилди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Инсонпарварлик ёрдами юки вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, Транспорт ва Ташқи ишлар вазирликлари, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мутасаддилари томонидан етказиб берилган.
Шунингдек, 9 вагондан иборат “Саломатлик” тиббий-санитар ёрдами доирасида 25-30 декабрь кунлари Балх вилоятида бир гуруҳ аҳоли малакали шифокорлар томонидан бепул тиббий кўрикдан ўтказилиши режалаштирилган.
“Мазкур инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон ва Афғонистон ҳукуматларининг учрашувида афғон халқини Ўзбекистон шифокорлари томонидан бепул тиббий кўрикдан ўтказишда кўмак кўрсатиш сўровига асосан амалга оширилмоқда”, дейилган вилоят ҳокимлиги билдиргисида.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистон расмийлари “Толибон” ҳаракати вакиллари 2021 йил 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимият тепасига келганидан бир ой ўтар-ўтмас Афғонистонга илк инсонпарварлик ёрдамини йўллаган.
Ўшандан буён ўтган уч йилдан кўпроқ вақт мобайнида Тошкент толибларга бир неча бор гуманитар юк жўнатгани маълум.
Жумладан, жорий йил 25 апрель куни ҳам Сурхондарёдан Балхга қарийб 170 тонналик инсонпарварлик ёрдами ортилган карвон етиб борганди.
Ўзбекистон ҚК дронларга қарши курашга эътибор қаратмоқда
Ўзбекистон Қуролли Кучлари (ҚК) ўқув машғулотларида асосий эътибор замонавий жангларда янги қўлланаётган учувчисиз учиш аппаратларини қўллаш, уларга қарши курашиш, бошқарув маҳоратини ошириш ҳамда янги тактик ҳаракатларни ўзлаштиришга қаратилмоқда.Бу ҳақда 24 декабрь куни Олий Мажлис Сенатида ташкил этилган Мудофаа вазирлиги қўшинларининг доимий жанговар шайлиги муҳокамасида сўз юритилган.
ҚКни янада ривожлантиришнинг долзарб муаммолари, фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташи ва мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш каби масалалар юзасидан мудофаа вазири, генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов ахборот берган.
Вазир таъкидича, армиянинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини ошириш учун замонавий қуролли тўқнашувлар таҳлиллари ҳамда мутараққий хорижий армияларнинг ижобий тажрибаси татбиқ этилмоқда.
“Натижада ўтган йилга нисбатан жанговар шайлик тадбирлари 1,5 баробарга кўпайиб, қўмондонлик таркибининг касбий тайёргарлигини оширишга эришилган. Қўшинларда оператив тайёргарлик тадбирлари ҳамкорликдаги куч тузилмаларини кенг жалб қилган ҳолда ташкил этилди. АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон армиялари билан ҳамкорликда ўқувлар ўтказилган”, деган Мудофаа вазири.
Озодлик аввалроқ Марказий Осиё мамлакатларининг Россия, Хитой, Эрон каби катта давлатлар иштирокисиз ҳарбий машғулотлар ўтказаётганига эътибор қаратган, жумладан, Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийларининг қўшма машқлари ташкил этилгани ҳақида хабар қилган эди.
Ноябрь ойида ҳам “Фориш” полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбий хизматчиларининг ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилган.
Назарбеков “санъаткорлар ҳамма ерни расво қилаётгани”дан баҳс этди
Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида “маданият соҳасида давлат регулятор бўлмаслиги, вазирлик ёпилиши кераклиги” ҳақидаги муҳокамаларга муносабат билдирди.
“Бу фикрнинг оёғи Америкада турибди. Барака топкурлар, оёғингизни ота-онангиз босган изга қўйинг-да, бу савол чиқмайди [кейин] сизда. Боя тушунтирдим, маданият соҳаси – қуш, буни шундай [сиқиб] ушлаш керак, бошқа имкони йўқ. Очсангиз ҳам манфаат бермайди, фақат бузғунчилик олиб киради”, дея иқтибос келтирган вазирдан Kun.uz нашри.
Назарбеков иддаосича, “эркинлик бериб юборилган жойда санъаткорлар ҳамма ерни бузяпти, расво қилиб юборяпти”.
“Шунинг учун мен эркинлик бермайлик демоқчи эмасман, тақиқларга мутлақ қаршиман. Лекин эркин одамнинг интеллекти шунга лойиқ бўлиши керак. У тўрт деворнинг ичида ҳам жиноят қилмаслиги керак, ана ўша кун келганда эркинликни бемалол мажбурлаб берамиз, керак бўлса”, деган вазир.
Аввалроқ маҳаллий фаоллар давлат бошқарув органлари кенгайиб кетгани, қолаверса, цензура важидан Маданият вазирлигини тугатиш таклифини илгари суришганди.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков бир муддат аввал давлат ғазнасидан миллиардлаб пул сарфлаб ўтказилаётган фестивалларни оқлашга уриниши ортидан жамоатчиликнинг танқидига учраганди.
“Чиройли” авторақам салкам бир миллиард сўмга пулланди
Ўзбекистонда онлайн аукционда сотувга қўйилган 01 888 BBB автобиль рақами салкам бир миллиард сўмга сотилди.
Daryo.uz нашрининг ёзишича, 337,5 миллион сўм бошланғич нарх билан савдога қўйилган бу авторақамнинг баҳоси кимошди якунига қадар 965 миллион 250 минг сўмга кўтарилган.
Ўтган йили 01 777 RRR давлат рақами 893 миллион сўмга сотилганди.
Республика товар-хом ашё биржаси ёйинлаган маълумотга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида avtoraqam.uzex.uz савдо тизими орқали 426,2 миллиард сўмлик 104,9 мингдан ортиқ авторақам сотилган. Авторақамларнинг энг арзон баҳоси 1,7 миллион сўмни, энг қиммати эса 517,1 миллион сўмни ташкил қилди.
Ўзбекистонда 2017 йилдан “чиройли” ёки халқ орасида “золотой” деб аталувчи номерларни аукцион орқали сотиш йўлга қўйилган.
2022 йилда “чиройли” авторақам савдоси 304 миллиард сўм даромад келтирган.
Бир муддат аввал Самарқандда биргина авторақам (30 Z 777 ZZ) еттита “Нексия” нархига сотилгани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Кремль: Ўзбекистон 1 январдан БРИКСда шерик-давлатга айланади
2025 йил 1 январидан эътиборан Беларусь, Боливия, Индонезия, Қозоғистон, Куба, Малайзия, Таиланд, Уганда давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам расман БРИКСда шерик-давлат мақомига эга бўлади. ТАСС хабарига кўра, бу ҳақда Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков билдирган.
Амалдаги тартибга мувофиқ, шерик-давлатлар БРИКС доирасидаги алоҳида мажлисларга ва ташқи ишлар вазирлари учрашувларига таклиф этилади.
“Биз шерик-давлатларни хавфсизлик масалаларини мувофиқлаштирувчи юқори мартабали вакиллар мажлислари, парламентлар форуми ва бошқа тадбирларга ҳам жалб этиш тўғри бўлади деб ҳисоблаймиз”, деган Кремль вакили.
Жорий йил 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтган БРИКС саммити якунида Ўзбекистонга мазкур тузилмада шерик-давлат мақоми берилган эди.
Ҳозирча расмий Тошкент мамлакат келгуси йилдан БРИКСда расман шерик-давлат мақомига эга бўлиши хусусидаги Кремль баёнотига муносабат билдирганича йўқ. Бу хабар дастлаб Россия мулозимлари тилида янграгани маҳаллий фаолларда эътироз туғдирган.
Озодлик аввалроқ Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоевга иқтибосан “Ўзбекистоннинг БРИКСга аъзолиги мамлакат сиёсий кун тартибига қўйилмагани” ҳақида хабар қилган эди.
2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой БРИК номли ташкилотга бирлашди. 2010 йилда Жанубий Африка Республикаси қўшилиши билан ташкилот БРИКСга айланди.
Ушбу тузилма дунёнинг ривожланаётган мамлакатларини бирлаштириш орқали Шимолий Америка ва Ғарбий Европанинг сиёсий, иқтисодий қудратига қарши муқобил куч яратишни мақсад қилган.
Кенгайган БРИКС 3,5 миллиардга яқин нуфусга эга. Бу дунё аҳолисининг 45 фоизи демакдир. БРИКС давлатларининг умумий иқтисодиёти 28,5 триллион доллардан ортиқ бўлиб, бу жаҳон иқтисодиётининг қарийб 28 фоизига тенг.