Пандемия даврида Ўзбекистонда ҳуқуқий нигилизм кучайганидан хавотир билдирилди. Сурхондарёлик 79 ёшли отахон талабаликка ҳужжат топширди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.
Блогер: Пандемия даврида Ўзбекистонда “дўстларимга – ҳамма нарса, душманларимга – қонун” принципи оммалашди
Davletov.uz Телеграм канали муаллифи, блогер Қобилжон Хидиров пандемия даврида Ўзбекистонда ҳуқуқий нигилизм кучайганидан хавотир билдирди.
“Охирги пайтлар, айниқса, пандемияда даврида бизда кузатилаётган оғриқли масалалардан бири Испания диктатори Франконинг “дўстларимга – ҳамма нарса, душманларимга – қонун” принципи оммалашгани бўлди. Қонунлар танлов асосида ишлай бошлади, қонундан қарорнинг, қарордан протоколнинг, протоколдан оғзаки топшириқнинг вазни янада ошди” ,- деб ёзади муаллиф.
Таъкидланишича, ҳаддан ташқари кўп ҳужжатлар қабул қилингани, ўнлаб яхши давлат дастурлари ижроси ҳавода муаллақ қолиб кетгани ҳам бу кайфиятни кучайтирди.
“Энг ёмони, бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан жамиятнинг мутлақ катта қисмида, чиройли термин билан атаганда иммунитет, ёмон маънода бефарқлик шаклланиб бораяпти. Бефарқлик, назаримизда, иложсизликдан, ҳар куни кўравериб, дийдаси қотишдан. Бундай ҳаракатларга қарши курашиш мантиқсиз ҳаракатга, курашаётганлар эса Дон Кихотга ўхшаб қоляпти” , - деб ёзади блогер.
Муаллифнинг огоҳлантиришича, ҳуқуқий нигилизм охир-оқибат яхшиликка олиб келмайди. Бундан халқ ҳам, давлат ҳам ютқазади.
1,5 тонна соф олтинни ўғирлашда айбланган фуқаро адолат истаб Олий судга мурожаат қилди
Турли жиноятларда айбланиб озодликдан маҳрум этилган фуқаро Б. Ибрагимов адолат истаб Олий судга мурожаат қилди (“Миллий тикланиш” газетаси, 2020 йил 1 июль).
У 140 нафар коллеж битирувчисини ишга қабул қилиб, давлатга 238 миллион сўм миқдорида зарар етказиш, 1,5 тонна миқдоридаги соф олтинни ўзлаштириш ва ҳужжатларни сохталаштиришда айбланган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судининг 2014 йил 18 июлдаги ҳукми билан у 9 йилу 6 ой муддатга жавобгарликка тортилган. Бош прокуратура протестига асосан тўрт йилу ўн бир ой деганда қамоқдан озод қилинган.
Қайд этилишича, ўша пайтда на терговчи, на судья тақдим этилган ҳужжатлар, гувоҳлар ҳамда келтирилган далилларни инобатга олган.
Газетага кўра, фуқаронинг 1,5 тонна соф олтинни ўзлаштирганликда айбланиши Ҳолливуд киноларига хос шов-шувли воқеаларни эслатади. Гап шундаки, Зармитан конида олтин соф ҳолда эмас, балки руда кўринишида қазиб олиниб, заводда қайта ишланади ва маъдан таркибидан ажратилади.
1,5 тонна олтин олиш учун камида 50 минг тонна рудани (бу 50 та эшелон дегани!) ташиб чиқиб махсус техникалар ёрдамида қайта ишлаш лозим бўлади. Алоҳида қўриқланадиган объектдан 50 эшелон рудани яширинча олиб чиқиш кетиш эса ақлга сиғмайди.
Газета ушбу жиноятни “ўша давр учун тўқилган эртак” деб атаган ва олий маҳкама адолатни тиклашига умид билдирган.
Мутахассис: Ўзбекистон ёшлари орасида наркотик воситаларни уйда тайёрлаб истеъмол қилаётганлар бор
Ўзбекистонда ёшлар орасида уй шароитида наркотик воситаларни тайёрлаб, истеъмол қилиш ҳолатлари учраб турибди. Афсуски, уларнинг ота-онаси бундан ғишт қолипдан кўчгач хабар топяпти (www.qalampir.uz, 1 июль).
Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази бўлим бошлиғи Шуҳрат Ғуломов маълум қилган.
Таъкидланишича, бугунги кунда гиёҳванд моддаларнинг турлари ҳаддан ташқари кўпайиб кетган. Сўнгги вақтларда синтетик наркотиклар ҳам оммалашган.
“Маълум бўлган жиноятлар билан бирга биз ҳали кўрмаган гиёҳвандлар қанчадан-қанча. Буни жамоатчилик биздан кўра яхши билади. Яна бир жиҳат борки, наркотикларнинг янги турлари, масалан, синтетик наркотиклар пайдо бўла бошлади” , - дейди Ш.Ғуломов.
Мутахассис гиёҳвандлик моддаларига қарши курашда жамоатчиликни ҳам огоҳликка чақирган. Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 5698 киши наркодиспансер ҳисобида туради.