Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:26

Ўт очишни тўхтатишга икки марта келишилганига қарамай, Тоғли Қорабоғда қуролли тўқнашувлар тўхтамаяпти


Тоғли Қорабоғнинг қуролли тўқнашувлар бошлангунга қадар бўлган харитаси.
Тоғли Қорабоғнинг қуролли тўқнашувлар бошлангунга қадар бўлган харитаси.

Жаҳон ҳамжамиятининг Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш чақириқларига қарамай, айирмачи ҳудудда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.

18 октябрь куни кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишуви ўтган ойда бошланиб кетган жангларни тўхтата олмаяпти.

20 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин Франция президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали суҳбатлашиб, Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилди.

Икки етакчи Арманистон ва Озарбайжон тинчлик музокараларини қайта бошлаши кераклигини айтишди.

23 октябрь куни Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов ҳамда Арманистон ташқи ишлар вазири Зоҳраб Мнацаканян Вашингтонда АҚШ давлат котиби Майк Пенс билан учрашади.

Аммо Байрамов ва Мнацаканян юзма-юз учрашмайди.

АҚШ Франция ва Россия билан бир қаторида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ташаббуси билан тузилган Минск гуруҳига етакчилик қилади. Гуруҳ Арманистон ва Озарбайжонни можарога тинч ечим топишга ундаб келади.

Қудратли давлатлар Озарбайжон ва Арманистонни музокара столига қайтаришга уринмоқда. 27 сентябрь куни бошланиб кетган ҳарбий тўқнашувлар юзлаб одам умрига зомин бўлди.

Бугунга қадар ўт очишни тўхтатиш тўғрисида икки келишув имзоланди, аммо иккиси ҳам жангларни тўхтата олмади. 20 октябрь куни бир неча жанг майдонида қуролли тўқнашувлар давом этди.

Айирмачи Тоғли Қорабоғ расмийлари Озарбайжон артиллериядан ўққа тутаётганини билдирди.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ҳам мунозарали ҳудудда ва унинг атрофида тўқнашувлар давом этаётганини маълум қилди.

Можаро гуманитар бўҳрон келтириб чиқариши ҳақида хавотирлар кучаймоқда. Бугунга қадар кўплаб инфратузилма объектлари барбод бўлди, юзлаб одам нобуд бўлди ва жароҳат олди, минглаб одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди.

19 октябрь куни Тоғли Қорабоғнинг етакчилари бугунга қадар 729 аскар ҳамда 37 нафар оддий фуқаро нобуд бўлганини билдиришди.

Озарбайжон эса 61 нафар оддий фуқаро ҳалок бўлганини, 282 нафар одам жароҳат олганини билдирди. Расмий Боку ҳарбий йўқотишларини очиқлагани йўқ.

Озарбайжон жангларда янги ҳудудларни қўлга киритганини иддао қилмоқда. Аммо Арманистон Озарбайжон ҳужумларини қайтарганини ва вазиятни назорат қилаётганини иддао қилмоқда.

Халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган Тоғли Қорабоғни 1994 йилдан бери Арманистон дастаклаб келаётган этник арманлар бошқариб келади.

Сўнги тўқнашувлар можарога Озарбайжоннинг яқин ҳамкори Туркия ҳамда Арманистон билан бир қаторда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо бўлган Россия аралашишига туртки бўлиши ҳақида хавотирларга сабаб бўлмоқда

Алоқадор

XS
SM
MD
LG