Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:57

Учинчи уриниш. Мирзиёев ғалла нархини эркинлаштиришга доир яна бир қарорни эълон қилди


Шавкат Мирзиёев сайловдан сўнг илк йиғилишини кластер ва фермерлар муаммоларига бағишлади.
Шавкат Мирзиёев сайловдан сўнг илк йиғилишини кластер ва фермерлар муаммоларига бағишлади.

Ўтган якшанба иккинчи муддатга қайта сайланган Шавкат Мирзиёев президент сайловидан сўнг биринчи селектор йиғилишини қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлади.

Президент 27 октябрь кунги селектор йиғилишида, фермерларни қийнаб келаётган буғдой харид нархи ҳақида тўхталаркан, 2022 йилдан бошлаб буғдой биржа савдоларига эркин нархларда чиқарилишини таъкидлади.

Президентнинг бундан олдин имзолаган қарорида ўтган икки йилда буғдой нархлари эркинлаштирилиши айтилган эди, аммо улар бажарилмай қоғозда қолди.

Фермерлар президентнинг бу соҳадаги учинчи “ислоҳоти” ерда қолмас, деган умидда эканликларини айтишмоқда.

Мирзиёевнинг селектор йиғилишида айтишича, 2022 йилдан бошлаб “ҳар бир ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари 3 йил давомида ҳар йилги ҳосилдан гектарига 2,5 тонна ғаллани биржа савдоларига эркин нархларда чиқаради”.

Президент буғдой харид нархини эркинлаштириш ислоҳотини 2020 йилнинг 6 мартидаги қарори билан бошлаган эди.

Ўшанда қарорнинг биринчи бандига биноан, 2020 йилда фермерлар давлатга топширадиган буғдойининг 25 фоизини эркин нархда сотиши мумкинлиги белгиланган эди.

Аммо бу қарор бажарилмади ва унинг нима сабабдан бажарилмай қолганига ҳам расмий изоҳ берилмади.

Фермерлар топширган буғдойига юз фоиз давлат нархида пул олди.

Орадан бир йил ўтиб, Мирзиёевнинг ўша қарордаги 2021 йил буғдой нархига оид бошқа банди ҳам ишламади.

Унда бундай дейилган эди:

б) 2021 йил ҳосилидан бошлаб:

давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилади;

давлат хариди тўлиқ бекор қилинади ҳамда фермерлар ва бошқа корхоналар томонидан етиштириладиган ғалла барча истеъмолчиларга,

шу жумладан, донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар (фьючерс, форвард ва бошқалар) асосида эркин нархларда сотилади.

Аммо 2021 йилда ҳам ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилмади. Ёнилғи ва минерал ўғитлар нархи аввалги йилга қараганда икки баравар ошиб кетган шароитда, бозорда буғдой 3000 сўм бўлиб турган бир пайтда давлат буғдойнинг харид нархини 1550 сўм қилиб белгилади.

Озодлик бу борада фермерлар норозилиги ҳақида бир туркум мақола ва суриштирувлар эълон қилган эди.

Бухоролик фермер Шуҳрат Раззоқов президентнинг бу йилги ваъдасига “ноумид шайтон” сифатида қарамоқда:

“Президентнинг қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлари кечикяпти. Лекин кечаги гапидан кейин анча руҳимиз кўтарилди. Икки йил ваъдаю қарорларга ишониб, алданиб келдик. Энди бунисига ишонмай десам, ҳар ҳолда селекторда шунча одамнинг олдида айтди. Ноумид шайтон, балки энди фермер ҳам меҳнатига яраша ҳақ олар, деган умиддамиз. Чунки харажат ва харид нархи адолатли эмас эди. Мана биржаларда бир тонна амофоснинг нархи 7 миллион сўмга яқинлашди, солярка заправкаларда 11500 сўмдан сотиляпти, бензин қарийб 10 минг сўм бўлди. Харид нархи ҳам шунга яраша бўлиши керакда”.

Президент Шавкат Мирзиёев селектор йиғилишида пахта-тўқимачилик йўналишидаги кластерларга ҳам бир қанча имтиёзлар берилиши ҳақида гапирган:

“Кластерларга бириктирилган 1 млн гектар пахта майдонларида ҳар бир гектарга 1 миллион сўмдан грант ажратилади.

Бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда уларнинг камида 80 фоизини экспорт қилувчи кластер ва бошқа тўқимачилик корхоналарига:

а) 3 йил муддатга ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 12 фоиз ўрнига, 1 фоиз қилиб белгиланади;

б) мол-мулк солиғини 3 йилга кечиктириб тўлаш имконияти берилади”.

Ўзбекистонда кластерлар олиб бораётган ишлардан фермерларнинг аксарияти норози.

Кластерлар фермерлар билан тузилган шартнома шартларини бажармай келаётганини Озодлик бундан аввал кўп марта ёритганди.

Андижонлик фермер Рашидбек Мамадалиевнинг айтишича, кластер ҳали фермернинг олдида ўзини оқлагани йўқ:

"Кластерлар танлашда соғлом рақобат йўқ. Яъни фермер кластерни эркин танлай олмайди. Натижада пахтани уларга топширишда катта зарар кўриляпти. Хоҳлаган сорт, скидка, қуритиш, тозалашга хоҳлаганча пул ушлаш, яъни фақат кластернинг айтгани бўляпти, унинг кайфиятига қараб иш бўляпти. Энг асосийси, топширилган пахта пулини хоҳлаганда, кечиктириб беряпти. Телефон қилсангиз умуман кўтармайди, биз ҳатто уларнинг бошлиқларини ҳам кўрмаганмиз. Бу йил кластер “Олтин мато” биздан пахтани 4700 сўмдан олди. Ғалла бу йил баҳорда 1900 сўм бўлади деб йиғилишларда эълон қилинган, натижани эса кўрдингиз. Буғдойни ўраётганимизда 500 сўм қўшиларкан давлат харид нархига деган, бу ҳам ёлғон чиқди. Кечаги гапларнинг фермер фойдасига бўлишига ишонгим келяпти, лекин бўлаётган ишлар бу ишончимни чил-парчин қилиб юборяпти. Майли, яхшиликка бўлсин бу ёғи”.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакиров Мирзиёевнинг баёнотларига муносабат билдираркан, ўз Телеграм-каналида шундай ёзди:

“Тўғри, амалда мазкур қарор талаблари ишламади (янги даврда фармон ва қарорларнинг ишламаслиги оддий ҳолатга, таажжубдан ташқари кўникмага айланиб бўлди).

Хусусан, 2021 йилда ҳам давлат ресурсларига товар ва уруғлик дон сотиб олиш давом этди. Бунда қарорда кўрсатилганидек биржа орқали сотиб олиш юз бергани йўқ.

Ғаллани большевикларча зўравонлик билан тортиб олиш, яъни разверстка қилиш тўхтагани йўқ. Ҳокимлар ва маҳаллий раҳбарларнинг зўравонлиги шу даражага етдики Адлия вазирлиги ҳатто алоҳида баёнот билан чиқишга мажбур бўлди”.

Иқтисодчи фикрича ислоҳотларнинг ҳуқуқий қадамлари қўйилган, лекин бу қадамлар бир жойда тўхтаб турибди:

“Нима демоқчиман, тўғри ҳуқуқий қадам 2020 йилдаёқ қўйилган эди. Фақат бу нормалар ишлаши керак. Унга амал қилмаганлар (масалан, ҳокимлар ва турли секторлар) жазоланиши лозим.

Фермергаям, кластергаям имтиёзли кредит ҳам керакмас, давлатни бўғиб қўядиган ёрдамиям керакмас, давлат ўзи эълон қилган линияни амалда ушлаши керак холос. Муттаҳам ва зўравон ҳокимларни ғалла ишидан четлаштирилиши керак холос.

Шунда фермер ғаллани давлатдан яшириш, уруғ, ўғитдан ё соляркадан ўғирлашни эмас, ҳосилни кўпайтириш, фойдани максималлаштириш ҳақида ўйлай бошлайди.

Пахта борасида бозор механизмларига ўтилдику, образли айтганда, энди фермер керак бўлса, томорқасига пахта экади. Чунки у бундан манфаатдор. Нега ғалла сиёсатида бу йўлдан юриш мумкинмас?”

XS
SM
MD
LG