Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:22

Бухоролик адвокат ИИВ ходими уриб, қовурғасини синдирганини иддао қилди


Авдокат Максуд Камолов
Авдокат Максуд Камолов

Бухоро шаҳридаги “Бухоро адолати плюс” адвокатлик фирмаси бошлиғи Мақсуд Камолов Озодликка Бухоро вилоят, Ғиждувон туман ИИБ ходими, лейтенант Турсунпўлат Сайидов уни уриб, учта қовурғасини синдириб ташлаганидан шикоят қилди.

Ғиждувон туман ИИБнинг Озодлик суҳбатлашган навбатчиси мазкур ҳодисада жиноят таркиби бўлмагани учун терговолди суриштирув ишлари тўхтатилганини билдирди.

Аммо Мақсуд Камолов Ғиждувон туман прокуратураси ва ички ишлар бўлими раҳбариятини жиноятни “ёпди-ёпди” қилаётганликда айблади.

Кутилмаган зарба

65 яшар адвокат Мақсуд Камолов сўзларига кўра, ҳодиса 2018 йилнинг 25 декабрида Ғиждувон туман ички ишлар бўлимида юз берган.

Ғиждувон ИИБ терговчиси унга телефон қилиб, ўз ҳимояси остидаги гумондор шахс иши бўйича ички ишлар идорасига етиб келишни сўрайди.

Мақсуд Камолов ўз енгил автомобилида жамоатчи ёрдамчиси Исоқ Зоиров билан Бухоро шаҳридан Ғиждувон шаҳри марказига маҳаллий вақт билан соат 16:30 да етиб боради.

Ғиждувон туман ички ишлар бўлими назорат-ўтказиш жойида (КПП) адвокатни лейтенант Турсунпўлат Сайидов қарши олади ва ички ишлар идорасига мобил телефон олиб кира олмаслигини айтади.

Мақсуд Камолов сўзларига кўра, у зобитнинг бу тақиқига эътироз билдиради.

- Барибир мен кирадиган бўлдим. Киришим шарт. Терговчи кутаётганди ичкарида. Кираман деган вақтда тортишиб қолдик, ундан кейин итариб, кўчага чиқармоқчи бўлди. Курткаларимдан тортди ва КППдан кўчага чиқармоқчи бўлди. Мен бунга йўл қўймадим, қўлим билан силтаб ташладим. Шундан сўнг у икки қўлим билан менинг курткамдан олиб КПП хоначасига тортиб олиб кирди, - деб ҳикоя қилди Мақсуд Камолов.

Мақсуд Камолов иддаосича, ички ишлар зобити уни уриб, учта қовурғасини синдирган
Мақсуд Камолов иддаосича, ички ишлар зобити уни уриб, учта қовурғасини синдирган

​Адвокатнинг иддао қилишича, ички ишлар зобити КПП хонасида уни дўппослайди.

- Мен умуман кутмагандим, бирданига ўнг қўли мушти билан чап биқинимга уч марта қаттиқ зарба берди. Мен энгашиб қолдим. Кутмагандим. Оғриқдан энгашганимдан кейин тиззаси билан айни биқинимга тепди. Шундан сўнг қўлимни орқага қайириб, мени ички ишлар биносининг ичкарисига, уч қаватли бино ичкарисига олиб кириб кетди, - деди Мақсуд Камолов.

"Ичгансиз, мастсиз"

Шовқин-суронни эшитган ички ишлар ходимлари икковлон олдига чиқади.

Мақсуд Камоловнинг иддао қилишича, калтаклаган зобит уни ички ишлар ходимларига топшириб, яна ўз хизмат жойига қайтади.

Аммо, адвокатнинг шикоят қилишича, ички ишлар ходимлари унинг аҳволи оғирлашаётганига эътибор қаратишмайди.

- Ёрдам кўрсатишни, тез тиббий ёрдам кўрсатишни илтимос қилдим. Лекин бир соат давомида мени ҳеч қандай сабабсиз бино ичкарисидаги фуқароларни қабул қилиш хонасига олиб кириб, ушлаб ўтиришди. Кетишгаям қўйишмайди, тез ёрдам ҳам чақиришмайди, - дейди у.

Мақсуд Камоловнинг қўшимча қилишича, бир соат сўнгра уни ички ишлар ходимлари Ғиждувон туман прокуратурасига олиб кетишади.

Адвокат талаби билан унинг ёнига туман прокурори келади.

- Прокурор ҳамманинг олдида "ичгансиз, мастсиз," дедию терговчига қараб, "бунинг ичганлигини аниқлаш учун нарколог текширувидан ўтказинг," деди, - дейди Мақсуд Камолов.

Мақсуд Камолов беморхонада
Мақсуд Камолов беморхонада

Мақсуд Камолов ўша куни машина бошқаргани ва "иш вақтида умуман" спиртли ичимликлар ичмаслигини қўшимча қилди.

Мақсуд Камолов маҳаллий вақт билан 21:30 да аҳволи оғирлашгач, прокуратурга ходимлари "Тез тиббий ёрдам" чақиришганини айтди.

Ички ишлар ва прокуратура ходимлари уни Ғиждувон туман шифохонасига олиб боришади ва у ерда ҳам нарколог кўригидан ўтишни талаб қилишади, бироқ Мақсуд Камолов унга илк тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилади.

Орадан бир соат ўтиб, соат тақрибан 22:30да уйига кетавериши мумкинлигини маълум қилишади.

"7,8 ва 9 қовурғалар ёпиқ синган"

Мақсуд Камолов қовурғаси рентген қилинган
Мақсуд Камолов қовурғаси рентген қилинган

Мақсуд Камолов жамоатчи ёрдамчиси Исҳоқ Зойиров ёрдамида ўз машинасида Бухородаги иш жойига қайтади.

- Жемперимни ечмоқчи бўлиб, қўлимни кўтарганимда, чап биқинимда худди пичоқ санчгандек кучли оғриқ берди ва "непроизвольно" бақириб юбордим. Ўғлим ва ёрдамчим Исҳоқжон мени республика тез тиббий ёрдам марказининг Бухоро филиалига олиб боришди. У ерда мени навбатчи трамватолог-хирурглар кўришди. Рентгендан ўтдим. Шифокорлар пластинкаларни кўриб, "ака, 7, 8 ва 9 қовурғалар ёпиқ синган," дейишди, - дейди Мақсуд Камолов.

У айни марказда 9 кун даволаниб чиққанини билдирди.

Мақсуд Камолов аҳволи ҳақида эксперт хулосаси
Мақсуд Камолов аҳволи ҳақида эксперт хулосаси

Адвокат ҳикоясини унинг ёрдамчиси Исҳоқ Зойиров тасдиқлади ва исбот сифатида рентген сурати ва эскспертиза хулосасини Озодликка юборди.

Прокурор қарори

Озодлик адвокат иддаоларини текшириш учун Ғиждувон туман ички ишлар идорасига қўнғироқ қилди.

Ўзини "Ички ишлар бўлими навбатчиси", деб таништирган шахс, айни ҳодиса юзасидан хизмат текшируви олиб борилгани ва жиноят таркиби топилмагани учун тўхтатилганини маълум қилди.

Озодлик 25 декабрда юз берган ҳодисага Ғиждувон туман прокуратурасидан муносабат ололмади.

Шу билан бирга Озодлик Ғиждувон туманидаги ўз манбаси орқали "жиноят иши қўғзатишни рад қилиш тўғрисидаги қарор"и нусхасини қўлга киритди.

Ғиждувон тумани прокурори қарори
Ғиждувон тумани прокурори қарори

Туман прокурори имзолаган қарорда таъкидланишича, лейтенант Турсунпўлат Сайидов "ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаганлиги сабабли" жиноят иши тўхтатилган.

Бундай хулоса чиқарилишига, терговолди суриштируви пайтида Турсунпўлат Сайидовнинг адвокат Мақсуд Камоловга нисбатан "куч ишлатмагани" аниқлангани сабаб бўлган.

Аммо Мақсуд Камолов Ғиждувон туман прокуратураси ва ички ишлар бўлими раҳбариятини жиноятни “ёпди-ёпди” қилаётганликда айбламоқда.

XS
SM
MD
LG