Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:56

Ироқда тор-мор қилинган ўзбек жангарилари оилалари аросатда қолди


Ироқнинг Сурия билан чегарасида жойлашган Талфар шаҳрида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондан борган жангариларга оид ҳужжатлар топилган бир кезда ижтимоий тармоқларда дунё билан видолашаётган жангарилар ва уларнинг ҳимоясиз оилалари мурожаатлари тарқалмоқда. Ироқ Бош вазири 31 август куни шаҳар жангарилардан тўлиқ озод қилинганини маълум қилди.

"Талафар жангарилардан тўлиқ озод этилди"

20 августда Мосулдан 50 километр ғарбда – Сурия билан чегара олди ҳудудда жойлашган Талафар шаҳрида кенг кўламли ҳарбий амалиётларни бошлаган Ироқ армияси 31 август куни шаҳарни тўлиқ озод қилинганини эълон қилди.

Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал-Абодий шу билан Нинавеҳ вилояти тўлиқ озод бўлгани ҳақида баёнот тарқатди. Расмий маълумотга кўра, амалиёт чоғида юзлаб жангари ўлдирилган, қўлга олинган. Омон қолган жангарилар эса Киркук вилоятидаги Ҳамижа, ва Сурия билан чегарада жойлашган Анбар вилояти ғарбида тўпланмоқда. Бу ҳудудлар ҳануз "Ислом давлати" экстремист гуруҳи назорати остида қолмоқда.

"Жангарилар оилаларни ертўлага яширди"

Пешмерга курд жангчилари гуруҳи раҳбарияти Талфар амалиёти бошида бу шаҳарда Мосулдан қочган “Ислом давлати” экстремист гуруҳининг 1 200 дан 2000 нафаргача жангариси яширинганини айтганди.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда, вайронага айланган шаҳарда қазилган ер ости тунеллари ва яширинган жангарилар, уларнинг оилалари топилмоқда.

"Қочарга жойимиз йўқ"

Шу кунларда Талафардан йўллангани иддао қилинган мурожаатлардан бирида, афтидан, уйғур тилида сўзлаётган аёл болалар қий-чув йиғиси остида видолашади:

“Бизнинг ортиқ қочадиган жойимиз йўқ (йиғлайди). Кетадиган жойимиз қолмаганди ортиқ. Балки, бугундан сўнгра биз ҳаётда бўлмаймиз (юм-юм йиғлайди). Бизни дуо қилинглар”, дейилади аудиомурожаатда.

Яна бир аудиомурожаатда эса соф ўзбек тилида гапирган эркак видолашади:

Ўлимга байъат бердик, иншааллоҳ. Ўлимнинг қачон келиши номаълум, балки, бу интернетга охирги киришимиздир. Шаҳид бўлиб кетсак, мабодо, ҳаққингизни ҳалол қилинг!” дейди ўзини таништирмаган ўзбек.

(Озодлик бу икки аудиомурожаат айнан Талафарда сиқувда қолаётган жангариларга тегишли эканини бошқа мустақил манбалар орқали ҳозирча тасдиқлай олмади.)

"Талафар жангарилар орасида энг исталган манзил эди"

Тармоқларда тарқалган бу аудиомурожаатни Озодликка йўллаган ўзбекистонлик муҳожир овоз эгаси жангарилар ўртасида Телеграм тармоғидаги каналларда “Ислом давлати” экстермист гуруҳи аъзоси сифатида танилган ўзбекистонлик эканини иддао қилди.

Шу кунларда Буюк Британияда яшаётган бу ўзбекистонлик исмини ошкор этмасликни сўради.

Унинг айтишича, Ироқнинг Сурия билан чегарасига яқин ҳудудда жойлашган Талафар шаҳри Марказий Осиё ва Европадан борган оилали жангарилар орасида энг исталган манзиллардан бири бўлган.

“Талафарда туркманлар кўп, кўпи туркча гапира олади, ўзбекларниям тушунади. Шунинг учун, Марказий Осиёдан борган жиҳодчилар оиласи билан ўша шаҳарга жойлашганди. Кейин бу жуда гўзал шаҳар, бойлар кетганда катта-катта уйлари қолиб кетган, жанггарилар осонгина кириб, эгаллаб олган эди. Интернет алоқа яхши эди. Шунинг учун, Европа, айниқса, Франциядан борган жангарилар кўп, деб ўқиган эдим мен тармоқларда”, дейди шу кунда ғарбда яшаётган ўзбекистонлик муҳожир.

"Жангарилар девонидан ўзбек ватандошлари ҳужжати топилди"

Шу кунларда шаҳар тўлиқ озод қилинган шаҳарда жангарилар қўлга олинаётгани, уларга тегишли ҳужжатлар топилгани хабар қилинмоқда.

28 август куни Ироқ қўшинлари шаҳарда жангари гуруҳ девонхонасини қўлга киритгани, ундан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ватандошларига тегишли ҳужжатлар топилганини билдирган эди. Бу ҳақда Новости агентлиги Ироқ ҳарбий қўмондонлигига таянган ҳолда хабар берди.

Агентликнинг маълум қилишича, топилган юзлаб ҳужжатлар махсус хизматларга топширилган.

"Орқага йўл йўқ - ё жангда ўлиш, ёки таслим бўлиш"

Бундан ташқари, Ироқ матбуоти, Талафар ва қарийб бир ярим ой муқаддам озод қилинган Мосул шаҳрида ҳукумат қўшинларига қарши сўнггига қадар жанг қилганлар, асосан, хорижлик жангарилар бўлаётганини хабар қилмоқда.

Ғарблик таҳлилчи Ноа Такер минтақадаги вазиятга оид кузатувларидан келиб чиқиб, хусусан, Ўзбекистондан борган жангарилар ортга қайтолмагани боис, Ироқдаги сўнгги таянч қўрғонлари учун бораётган жанг майдонларидан чиқолмаётган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

“Чунки, араб жангарилар қуролини ташлаши ва тинч аҳоли орасига кириб, кўздан ғойиб бўлиши мумкин. Аммо, хориждан борган жангарилар бундай қилолмайди. Ортга эса йўл йўқ – ҳозир на Туркия, на Ўзбекистонга йўл бор. Шу боис, уларда ё жанг майдонида ўлиш, ёки таслим бўлишдан бошқа имкон қолмади”, дейди таҳлилчи.

Ўзбекистонда хориждан қайтганлар устидан назорат кучайди

"Ислом давлати" экстремист гуруҳи дунёнинг аксар давлатлари, хуссусан Марказий Осиё ва Россияда ҳам террор ташкилоти сифатида тақиқлангани боис, бу ҳудудлардан Сурия ва Ироққа кетган радикал кайфиятдаги шахсларни ортда узоқ муддатлик қамоқ жазолари кутмоқда.

Марказий Осиё ҳукуматлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам 2015 йилдан буён фуқароларнинг жангари гуруҳларга қўшилиши олдини олиш, айниқса, Россия ва Туркияга кетаётганлар ёки бу давлатлардан қайтаётганлар устидан назоратни кучайтирган. Расмий матбуотда ИДга алоқадорлик, одам ёллаганлик каби айбловлар билан судланган фуқаролар ҳақидаги хабарлар тез-тез учрайди.

Расмий рақамлар

Аммо, қўшни республикалардан фарқли равишда Ўзбекистон ҳукумати бу борадаги аниқ расмий рақамларни эълон қилмай келаётир. Халқаро ташкилот ва тадқиқот марказлари кузатувича, 2016 йил бошида Сурия ва Ироқ ҳудудидаги ўзбекистонлик жангарилар сони 500 атрофида бўлган.

Тожикистон ва Қирғизистон ИИВлари эса Ўзбекистондан фарқли равишда йилда бир неча бор бу борадаги рақамлар ва амалиётлари натижаларини матбуотда эълон қилмоқда.

Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари ўтган йили берган берган рақамларга кўра, бу давлатларнинг ҳар биридан 500дан ортиқ фуқаро Сурия ва Ироқ ҳудудидаги жангари гуруҳларга қўшилган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG