Президент Каримовнинг кенжа қизи, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги вакили Лола Каримова-Тилляева Global Gift Foundation ташкилотининг мукофотини олди. Бу ҳақда Каримова-Тилляева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали маълум қилди.
Каримова-Тилляеванинг Facebook саҳифасида учинчи шахс номидан берилган хабарда “мукофотни “Global Gift Foundation” ташкилоти номидан машҳур актриса ва филантроп Ева Лонгория топширди” дейилади.
“Мукофотни топширар экан “Глобал Гифт” ташкилоти Лола Каримова-Тилляеванинг хайрия фаолияти ҳамда у раҳбарлик қилувчи “Sen Yolg’iz emassan” Фонди ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази томонидан ёрдамга муҳтож болалар ва оилаларга берилиб келаётган кўмакни алоҳида таъкидлаб ўтди”, дея хабар қилди ўзи ҳақида президент қизи.
Global Gift Foundation ҳар йили ўтказадиган маросим бу сафар Канн шаҳрида ўтказилди. Айни кунларда Франция жанубидаги мовий соҳилда 69-Халқаро Канн кинофестивали ўтказилмоқда.
Ўзбекситон биринчи оиласи вакиллари Канн кинофестивалига йўлдош базми жамшидлар кунда-шундалари сифатида танилган. 2010 йилда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Канн фестивали ёнида киноюлдузлар ва машҳур кишилар иштирокида ўтказилган ОИТСга қарши хайрия кечасида қатнашгани жанжалга сабаб бўлган эди. Ўша маросимдан бир неча ой олдинроқ Ўзбекистонда ОИТСга қарши кураш билан шуғулланган фаол Максим Поповнинг “ўзбек зеҳниятига зид” тарғибот материалларини тақатганлик айби билан қамоққа ташланган бир пайтда бу мамлакат биринчи оиласи вакилининг “Кино ОИТСга қарши” хайрия кечасида иштирок этиши кескин танқидга учраган эди.
Ўша пайтда Гулнора Каримова бу кечада юлдузлар билан бирга бўлиш учун 500 минг АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўлагани хабар қилинган эди.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги вакили Лола Каримова-Тилляева шу йил бошроғида ўзига қарашли ижтимоий тармоқ саҳифаларида Ҳолливудда “Оскар” мукофотини топшириш маросими ёнида ўтказилган базми-жамшидда эри Тимур Тилляев билан иштирок этгани ҳақидаги хабарларни ҳам тарқатган эди.