Туркия ватандоши Явер Чилингир иддаосига кўра, 2012 йилда МХХ полковниги Нодир Тўрақулов унинг фирмасига тегишли юк машинасини олиб қўйган. Тўрақулов ҳибсга олингач, машинасини қайтариш умиди билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганини айтган Чилингирга кўра, ҳозирча бирор натижага эришмаган.
“120 минг евролик машинамни қайтариб беришсин”
Туркия ватандоши 57 яшар Явер Чилингирнинг Озодликка мурожаат қилиб, айтишича, у Нидерландияга қарашли Reynard фирмасининг Афғонистондаги бўлимини бошқаради. Чилингир иддаосига кўра, 2012 йилда Нодир Тўрақулов унинг фирмасига тегишли юк машинасини олиб қўйган.
- 120 минг евролик Камаз, прицепи билан бирга, дейди Чилингир.
Чилингир ўтган йилнинг май ойида ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиб, Тўрақулов томонидан олиб қўйилган машинасини қайтариб, олиш учун ҳаракатларини бошлаган.
- Май ойида маҳкамага мурожаат қилдим. Тошкентга 3-4 марта бориб-келдим. Ҳарбий прокуратурага бордим. Ҳарбий прокуратура “Биз барча ҳужжатларни Термизга жўнатамиз. Термиздагилар сизга хабар беришади” дейишди. 2012 йилда Нодир Тўрақулов сохта айбловлар билан фирмамизнинг Камаз ҳайдовчисини ушлаб, уни Ўзбекистондан депорт қилдирди. Камазни эса олиб қўйганди. Тўрақуловни ўзини ушлаб, “ундан жабр кўрганлар мурожаат қилсин”, дейишгач, мен ҳам Камазни қайтаришни сўраб ва ҳайдовчимизни ноҳақ тергов қилишгани юзасидан мурожаат қилдим, дейди Явир Чилингир.
Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси томонидан 2018 йилнинг 6 июль куни Явер Чилингир номига жўнатилган ҳужжатда айтилишича, унинг шикоятлари ўрганилиб, бу иш “ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси собиқ ходимлари Н. Тўрақулов ва бошқаларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши ҳужжатларига қўшилган”.
“Камазни Тўрақуловнинг қудасиникидан топдик”
Чилингирнинг рафиқаси Шаҳодат Ботировага кўра, эрининг фирмасига тегишли юк машинасини ўтган ёзда Нодир Тўрақуловнинг қариндошининг уйидан топишган.
-Биз бориб топдик Камазни. Нодир Тўрақуловнинг қудаси Эркиннинг базасидан топдик. Кейин биз яна мурожаат қилишни бошладик. “Нимага у ерда турибди. Нимага Камаз ишлатилаяпти? Ишлатилмаслиги керак эдику. Бизга Тошкентдан айтишганди, “Камаз ишлатилмайди, сизлар олмагунча”, деб, - дейди Чилингирнинг рафиқаси.
Шаҳодат Ботировага кўра, уларнинг шикояти ортидан юк машинасиТўрақуловнинг қариндошидан олинган.
- Термиз шаҳри чеккасида катта стоянка- кемпинг бор. Нодир Тўрақулов томонидан олинган Камазлар, ҳар-хил автоуловлар турадиган жой экан. Бизнинг Камазни ҳам шу кемпингга олиб бориб қўйишди, дейди Шаҳодат Ботирова.
“Камазни дххчилар ўзига олишибди”
Лекин Чилингирнинг айтишича, яқинда машинанинг сотилиб кетганини аниқлашган.
- Машинада GPS бор. Шунинг ёрдамида машинанинг қаерга бориб, келганини текшириб турдим. Яқинда қарасам GPS ишламади. GPSни машинадан олиб ташлашган. Ўзим чет элдаман. Термизда қолган рафиқам бориб, аниқлади. Машинани бошқа бировга сотиб юборишган. Лекин мен ҳали прокуратурадан жавоб кутаяпман. Чунки улар менинг мурожаатимга охирги жавобни беришмади, дейди Чилингир.
Чилингирнинг рафиқасига кўра, Сурхондарёдаги ДХХ ходимлари юк машинаси эндиликда уларники эканини айтишган.
- Миллий хавфсизлик ходимлари “Бу Камазни Миллий хавфсизлик ўзининг номига ўтказиб, юборди. Сизлар кеч қолдинглар. Ҳарбий прокуратура бизга ўтказиб берди” дейишди. Камазга Ўзбекистон номерини қўйиб ишлатишаяпти, дейди Шаҳодат Ботирова.
ДХХнинг матбуот учун ёпиқлиги боис Сурхондарё вилояти ДХХ бошқармасидан Явер Чилингир шикояти юзасидан бирор изоҳ олиш имкони бўлмади.
Озодлик Туркия ватандоши Явер Чилингир шикояти юзасида Ўзбекистон Бош прокуратурасидан маълумот сўради. Бош прокуратура Тўрақулов иши бўйича бирор изоҳ берилмаслигини маълум қилди.
Мирзиёев танқиди ва ДХХга айланган МХХ
2018 йилнинг 25 октябрида МХХ Тергов бошқармаси тергов бўлимининг собиқ бошлиғи, полковник Нодир Тўрақулов 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди ва 81 миллион 92 минг сўм жаримага тортилди. Ҳозирда Тўрақулов устидан очилган иккинчи жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда.
Собиқ МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов Ўзбекистон президентининг 19 январь куни Қизириқдаги йиғилишда МХХнинг айни вилоятдаги бошқармаси фаолиятини кескин танқид қилгани ортидан Тошкентда қамоққа олинган эди.
Тўрақулов қамоққа олинганидан кейин у ишлаган МХХ идораси раҳбари Давлат хавфсизлик хизмати деб ўзгартирилди¸ уни 23 йил давомида бошқариб келган қудратли генерал Рустам Иноятов ўрнига¸ ўтган йилнинг 30 январь куни мамлакат Бош прокурори бўлиб ишлаган Ихтиëр Абдуллаев тайинланди.
ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ўтган йилнинг 16 март куни Сурхондарё вилояти ҳокимлигида ўз идораси мулозимлари¸ хусусан унинг собиқ полковниги Нодир Тўрақуловдан жабр кўрган тадбиркорлар, корхона-ташкилотлар раҳбари ва собиқ ҳокимлар билан шахсан учрашув ўтказган эди.