Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:00

Прокурор собиқ МХХ раҳбарларига узоқ муддатли қамоқ жазолари сўради


Давлат айбловчиси собиқ МХХ Тергов бошқармаси тергов бўлими бошлиғи, полковник Нодир Тўрақуловни 16 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.
Давлат айбловчиси собиқ МХХ Тергов бошқармаси тергов бўлими бошлиғи, полковник Нодир Тўрақуловни 16 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Шу йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Ҳарбий судида давлат айбловчиси судлов ҳайъатидан бир гуруҳ МХХ (жорий номи ДХХ - Давлат хавфсизлик хизмати) мулозимлари, прокурор, милиция ва тадбиркорлардан иборат, жами 12 нафар кишига нисбатан узоқ муддатли қамоқ жазолари тайинлашни сўради.

Бу маълумотни Озодликка Республика Ҳарбий прокуратурага яқин манбадан олди.

Давлат айбловчиси суднинг қора курсисида ўтирган МХХ раисининг собиқ ўринбосари, полковник Шуҳрат Тошпўлатовни 12 йилга, МХХ раиснинг Ички хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари, генерал-майор Ҳаёт Шарифхўжаевни 14 йилга, МХХ Тергов бошқармаси тергов бўлими бошлиғи, полковник Нодир Тўрақуловни 16 йилга, МХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси тергов бўлими терговчиси, подполковник Эргашевни 10 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Давлат айбловчиси махфий хизмат ходимларининг барча ҳарбий унвонлари, давлат мукофотларини бекор қилишни талаб қилди.

Шунингдек, давлат айбловчиси Сурхондарё вилоят прокуратураси терговчиси Шерали Ахмедовни 11 йилга, Сурхондарё вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, полковник Назаровни 12 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Айни пайтда, собиқ МХХнинг 4 мулозими, прокуратура терговчиси ҳамда ички ишлар зобити билан бирга сурхондарёлик 5 ва андижонлик 1 тадбиркор ҳам судланмоқда. Давлат айбловчиси уларни 6 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Шунингдек, мазкур шахсларнинг давлат ва фуқаролар манфаатларига
келтирган бир неча миллиардлик зарарларини мажбурий тартибда ундириш ва уларга қўшимча равишда энг кам маош миқдорининг 100 бараваридан 600 бараваригача жарима жазолари қўлланилиши белгиланган.

Мавзуга оид қўшимча маълумот олиш учун Бош прокуратура билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Мазкур шахсларнинг бир қисмига оид 08/26612-18-сонли жиноят иши шу
йилнинг 14 августида мазмунан кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Ҳарбий судига юборилганди.

“Мазкур судланувчилар иккита алоҳида жиноят иши бўйича тергов қилинган бўлиб, уларнинг жиноят иши судда мазмунан қўриш учун бириктирилган. Бундан ташқари очилган бошқа жиноят ишлари бўйича давом этаётган тергов жараёнларида сўроқ беришмоқда” дейди Озодлик манбаси.

Судланувчилар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик), 165-моддаси (Товламачилик), 184-моддаси (Солиқлардан бўйин товлаш), 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 230-моддаси (Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш)¸235-моддаси (Қийноққа солиш), 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш), 301-моддаси (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги)¸ сингари моддаларда кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланган.

Жиноят иши материалларига кўра, мазкур жиноий гуруҳ аъзоларининг катта қисми Сурхондарёда содир этилган жиноятлар учун жавобгар қилинган.

Собиқ МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов Ўзбекистон президентининг 19
январь куни Қизириқдаги йиғилишда МХХнинг айни вилоятдаги бошқармаси фаолиятини кескин танқид қилгани ортидан Тошкентда қамоққа олинган эди.

МХХнинг юқори унвонли зобитлари Тошпўлатов ва Шарифхўжаевлар шу
йилнинг май ойида қамоққа олиниб, сўроқларга жалб қилинган.

Келгуси ҳафтада мазкур жиноят иши юзасидан суд ҳукми эълон қилиниши кутилмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG