Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:32

23 та гуруҳ АҚШдан МХХ раиси Рустам Иноятовни жазолашни сўради


Жамоатчилик узоқ йиллар давомида Рустам Иноятов (чапда) суратини илк бор Ўзбекистон МХХ раиси расмини унинг 2014 йилги Хитой сафари чоғида Хитой матбуоти орқали кўрган эди.
Жамоатчилик узоқ йиллар давомида Рустам Иноятов (чапда) суратини илк бор Ўзбекистон МХХ раиси расмини унинг 2014 йилги Хитой сафари чоғида Хитой матбуоти орқали кўрган эди.

Инсон ҳақлари¸ матбуот эркинлиги ва ижтимоий адолатни тарғиб қилувчи йигирмадан ошиқ халқаро гуруҳнинг АҚШ Давлат котиби ва Молия вазирига йўллаган биргаликдаги мактуби эълон қилинди. Унда АҚШ ҳукуматидан инсон ҳақларини топташ ва коррупция бобида “шуҳрат топган” 15 нафар давлат арбобига нисбатан молиявий санкция ва виза чеклови қўллаш сўралган. Бу “қора рўйхат”да Ўзбекистон МХХ раиси¸ генерал Рустам Иноятов номи ҳам бор.

АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон ва Молия вазири Стивен Мнучин номига йўлланган очиқ мактубда бу иккала вазирдан Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал Магнитский актидан унумли фойдаланиб¸ халқаро майдонда инсон ҳақларини топташ ва коррупция бўйича танилган хориж расмийларига жазо қўллаш сўралади.

“Глобал Магнитский” инқилобий воситага айланиши мумкин бўлган қонун. Бу акт АҚШга дунëдаги инсон ҳақларини энг кўп топтаëтган ва коррупциялашган хориж расмийларини жазолаш имконини беради. Бу Актни қаттиқ ишга солиш келажак клептократларини жиловлаш эҳтимолига эга; у ҳокимиятда қолиш учун ўзгача фикрловчиларга нисбатан зўравонлик қўлловчиларни жиноятга қўл уришдан олдин унинг оқибатлари ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Қисқаси¸ бу қонун АҚШга жазосиз қолаëтганларни жазога тортиш ва дунë бўйлаб инсон ҳақлари ҳимоячиларини ҳимоя қилиш борасида халқаро ҳамжамият етакчисига айланиш имконини беради”¸ дейилади очиқ мактубда жумладан.

Мактуб муаллифлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг апрель ойида Магнитский актини жиддият билан ишга солажаги ҳақидаги баëнотидан рағбатланганларини айта туриб¸ бу жараëнни бошлаш фурсати келганини таъкидлайдилар.

Шу муносабат билан инсон ҳақлари ва матбуот эркинлиги ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳлар¸ ўзлари тўплаган факт ва маълумотлар асосида дунëдаги энг коррупциялашган ва инсон ҳақларини энг кўп топтаëтган хориж расмийлари¸ шунингдек коррупциялашган бизнес арбобларини жазога тортишни сўрайдилар.

Молиявий санкция ва АҚШга виза чеклови жорий этилиши сўралган 15 хорижлик орасида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси¸ генерал Рустам Иноятов номи ҳам бор.

Иноятовнинг халқаро инсон ҳақлари гуруҳлари ҳозирлаган қора рўйхатга киритилишининг бош сабаби¸ мактубдан аëн бўлишича¸ бу шахснинг Ўзбекистондаги қийноқлар билан бевосита алоқасидир.

“Рустам Расулович Иноятов Ўзбекистон МХХ (СНБ) раҳбари. Бу шахс ноқонуний ҳибсга олишлар¸ ўз вилоятидаги муттаҳамчилик ва коррупцияни фош этиб¸ камбағал ва ногиронларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳақлари учун курашган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилоти раисининг қийноққа солиниши учун масъулдир. Жабрланувчи 2006 йилнинг 29 апрелида СНБ томонидан 2005 йилнинг 13 май кунги Андижон воқеаларидан кейин бошланган кампания давомида уйдирма айб билан товламачиликда айбланиб қамоққа олинган. Ҳозирга қадар қамоқда қолаëтган жабрдийда мунтазам равишда қийноққа солинган¸ унинг танаси калтакланган¸ бўғилган¸ баъзи ҳолларда ҳафталар давомида ниҳоятда совуқ шароитда ушланган. Аввалига 9 йилга қамалган жабрдийданинг озодликка чиқишига икки ҳафта қолганида унга яна беш йил қўшиб берилган. Қамоқ давомида кўплаб хасталикка учраганига қарамай¸ унга рисоладагидай тиббий ëрдам кўрсатилмаган. МХХ раиси сифатида Иноятов МХХ назоратида сақланаëтган маҳбуслар шароити учун бевосита масъул¸ 2013 йилда Қийноқларга қарши қўмита томонидан “систематик¸ кенг тарқалган ва рағбатлантирилган” деб баҳоланган қийноқлар амалиëти тепасида турган шахсдир”¸ дейилади инсон ҳақлари гуруҳларининг АҚШ Давлат котиби ва Молия вазирига йўллаган очиқ мактубида жумладан.

Бу мактубга илова қилинган инсон ҳақларини топтаëтган¸ коррупциялашган хорижлик шахслар рўйхатига Баку шаҳар полицияси раҳбари Миргафар Сейидов¸ Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Саидмўмин Ятимов¸ Россия Бош прокурорининг ўғли Артëм Чайка¸ шунингдек Хитой¸ Баҳрейн¸ Саудия¸ Миср¸ Въетнам¸ Панама ва Украинадаги расмийлар ва бизнесменлар номи киритилган.

Очиқ мактубга Human Rights Watch, Transparency International, Freedom House, PEN клуб каби халқаро майдонда танилган 23 гуруҳ қўшилган.

XS
SM
MD
LG