Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:43

Самарқанд¸ Урганч ва Наманган аэропортлари тендерсиз асл эгалари оффшорда бекинган компанияга берилади


Бош қароргоҳи Москвада жойлашган «Новапорт» компаниясининг яқин ойларда Самарқанд¸ Урганч ва Наманган аэропортлари бошқарувчисига айланиши кутилмоқда.

Компания мутасаддиларидан бири 6 июнь куни Озодлик билан суҳбатда шундай маълумот берди.

Бу ҳақдаги дастлабки келишув Дмитрий Медведевнинг 30 май куни Тошкентга қилган сафари давомида ҳукуматлараро сўзлашувлар якунида имзоланган. Ширкат вакили Озодликнинг бу инвестицион лойиҳанинг умумий қийматига оид саволини очиқ қолдирди.

Давлатга қарашли стратегик объектлар бошқарувининг нега айнан Россиянинг «Новапорт» компаниясига берилиши ҳақида Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча жамоатчиликка лом-мим демаяпти.

Ҳозирча мамлакат аэропортларининг эгаси бўлиб қолаëтган "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати матбуот хизмати Озодлик саволларини жавобсиз қолдирди.

Озодлик гаплашган фуқаролик авиацияси мутахассислари¸ Ўзбекистондаги бир эмас¸ учта аэропорт бошқарувининг ими-жимида¸ очиқ тендерларсиз асл эгаси яширин компанияга берилиши авиация хавфсизлиги¸ қолаверса¸ молиявий-иқтисодий очиқлик масаласида хавотирли саволларни кун тартибига қўйишини айтмоқда.

Россия минтақаларидаги 16 аэропорт эгаси Ўзбекистон аэропортларига кўз тикмоқда

6 июнь куни Озодлик суҳбатлашган “Новапорт” расмийси ҳолдинг ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Самарқанд¸ Урганч ва Наманган аэропортларини модернизация қилишга оид ҳамкорлик асослари белгиланган келишувнинг 30 май куни Тошкентда имзоланганини айтди.

"Дастлабки келишувга ҳолдинг раҳбари Роман Троценко ва Ўзбекистон Транспорт вазирининг 1-ўринбосари Илҳом Маҳкамов бош вазирлар иштирокида қўл қўйишди. Лекин бу ҳали меморандум даражасидаги келишув¸ холос. Ҳозир консалтинг компаниялари лойиҳанинг иқтисодий тарафларини ўрганиб¸ хулоса беради. Шундан кейин ҳуқуқий мажбурият юклатилган якуний ҳужжат имзоланади"¸ деди "Новапорт" мутасаддиси.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис исми-шарифи очиқланмаслигини сўраган "Новапорт" расмийсининг айтишича¸ бу ҳужжат имзолангандан кейин¸ учала аэропорт бошқаруви концессия келишуви асосида узоқ муддат Россия ҳолдинггига ўтади.

Озодлик суҳбатдоши¸ бу "узоқ муддат"нинг айнан неча йил бўлиши ҳақидаги саволга ҳозирча аниқ жавоб бера олмаслигини айтди.

Ўзбекистондаги барча аэропортлар бошқаруви давлатга қарашли ва қарзга ботгани айтиб келинаëтган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ваколатида.

Ҳукумат бу аэропортларни хориж компаниялари бошқарувига ўтказиш режасини очиқламаган¸ бу аэропортларга даъвогарлик қилиши мумкин ширкатлар учун очиқ тендер ҳам ўтказмаган.

Ўзбекистондаги учала аэропортнинг нега айнан "Новапорт"га таклиф қилинганига оид саволга ширкат вакили¸ "Ўзбекистон ҳукумати билан икки томонлама манфаатлардан келиб чиқиб шундай таклиф бўлди"¸ дея жавоб қилди.

Россия ширкати нега айнан Самарқанд¸ Урганч ва Наманган аэропортларини олмоқчи?

"Новапорт" вакили бу учала аэропортда йўловчилар оқимини кескин кўпайтириш потенциали борлиги боис эътибор шу учала аэропортга қаратилганини билдирди.

"Биздаги маълумотларга кўра¸ 2018 йилда Самарқанд аэропорти 380 минг¸ Урганч 330 минг¸ Наманган эса¸ 165 минг йўловчига хизмат кўрсатган. Самарқанд ва Урганчда туризм марказига айланиш потенциали бўлса¸ Наманган водийдаги асосий ҳаво қўналғасига айланиши мумкин. Шу боис¸ биз тижорий манфаатдан келиб чиқиб¸ бу аэропортлар бошқарувини олмоқчимиз"¸ деди Россия ҳолдинги вакили.

“Инвестор”- бошқарувчи ким?

2007 йили таъсис этилган «Новапорт» компанияси акцияларининг ярми россиялик олигарх Роман Троценко активларини бошқарадиган AEON Corporation¸ қолган ярми эса¸ Қозоғистондаги Meridian Capital инвестиция компаниясига қарашли.

Бу иккала таъсисчи «Новапорт» ҳолдинггига 2005 йили Қибрисда рўйхатга олинган T.S. Trans Siberia Co Limited компанияси орқали эгалик қилади. Бу оффшор ширкатнинг асл эгалари эса¸ сир тутилади.

Россия ва халқаро авиация бизнесига алоқадор тадбиркорнинг Озодликка айтишича¸ «Новапорт» Кремлга алоқадор олигархларга тегишли ҳолдинг ҳисобланади.

“Новапорт» эгаси Роман Троценко¸ «Росгазнефть» бошқаруви раиси Игорь Сечиннинг ўнг қўли - бир неча йил унинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Сечин эса¸ Путиннинг ўз қўли. «Новапорт» Россиядаги иккинчи даражали аэропортларни бошқаради¸ компания катта қарзга ботган.«Новапорт»нинг асосий таъсисчиси Қибрисда¸ асл эгасини ҳеч ким билмайди¸ фақат Кремлга алоқадорлиги тахмин қилинади. Ўзбекистондаги учта аэропорт тендер ўтказилмай туриб¸ ана шу қарздор ҳолдингга берилаяпти.

Хавотирлар нима?

Ўзбекистон жамоатчилигидан сир тутилаëтган бу келишувни шарҳлаган авиация мутахассислари¸ бу ҳақда матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун¸ шахслари сир тутилишини сўради.

Озодлик билан суҳбат давомида фуқаролик авиацияси бошқарувига алоқадор мутахассислардан бири¸ биринчи хавотирнинг авиация хавфсизлиги билан боғлиқ эканини таъкидлади.

«Инвестор¸ хайрия ташкилоти эмас. У энг қисқа муддатда максимум даромад кўришга интилади. Гап хорижий инвестор ҳақида кетаëтган эса¸ бу манфаат янада кенгаяди. Бундай вазиятда асосий мақсад коммерция бўлади¸ хавфсизлик иккинчи планга ўтади. Приоритетларнинг бундай қўйилиши хавфлидир».

Халқаро авиация бизнесига алоқадор тадбиркор эса¸ Ўзбекистондаги учта аэропорт бошқарувининг эгаси махфий ширкатга берилиши жиддий молиявий-иқтисодий саволларни кун тартибига қўйишини айтади.

«Биринчидан¸ учта аэропорт бошқарувини ўзига олаëтган «Новапорт» хориждаги хаб-рақобатчига алоқадор бўлиши ва бу аэропортлар орқали ўзбекистонлик пассажирларни ўзига тегишли авиакомпания ва аэропортлар орқали ташишдан манфаатдор бўлади.

«Новапорт» Россия минтақаларидаги 16 аэропортни бошқаради (Новосибирск, Тюмень, Челябинск, Пермь, Волгоград, Астрахань, Минеральные Воды, Владикавказ, Томск, Кемерово, Чита, Улан-Удэ, Мурманск, Калининград, Барнаул и Ставрополь – таҳр.)

Иккинчиси¸ аэропорт бошқарувини олган компания аэропорт йиғимлари¸ қўниш ва учиш ¸ самолëтларга кўрсатиладиган техник ва тижорий хизмат¸ авиабензин¸ борт овқатлари¸ парковка ва ҳар бир квадрат метр учун ижара нархини белгилаш ҳаққига эга бўлади. Самарқанд¸ Урганч ва Наманган аэропортлари бошқарувини ўзига олгач¸ «Новапорт» йўловчи ва авиакомпанияларга хизмат кўрсатиш нархларини кескин ошириши мумкин. Оқибатда¸ бу аэропортлар орқали учишни истовчилар кескин камайиб кетади. Бунинг ортидан¸ ҳолдинг¸ инвестициясини қайтариш баҳонасида Тошкент халқаро аэропортини талаб қилиши ва олиши мумкин. Ўзи «Новапорт»нинг асл мақсади Тошкентни олиш¸ деган тахминлар бор. Бу эса¸ Ўзбекистоннинг бирламчи ҳаво эшиги назорати қўлдан кетди¸ дегани бўлади»¸ дейди Озодлик суҳбатдоши.

Озодлик "Новапорт" расмийсидан бу хавотирларга муносабат сўради. Суҳбатдош¸ уларни "асоссиз тахминлар" деб атади ва ҳозирча Тошкент аэропорти бошқарувини олиш ҳолдинг режасида йўқлигини билдирди.

«Самарқанд аэропортини модерницазия қилишга камида 300 миллион доллар керак…»

Самарқанд¸ Урганч ва Наманган аэропортлари бошқарувини олиш ҳақида дастлабки келишув имзолангани ҳақида «Новапорт» ўз сайтида очиқ хабар берганича йўқ¸ шу боис¸ компаниянинг бу келишувга қанча сармоя ажратишни режалаëтгани ҳам аниқ эмас.

Ҳолдинг вакили Озодликнинг умумий лойиҳа қиймати ҳақидаги саволини жавобсиз қолдирди. Унга кўра¸ инвестициянинг сўнгги қиймати бораëтган ўрганишлар якунида ҳал бўлади.

Озодлик гаплашган мутахассислар¸ Ўзбекистондаги аэропортларни халқаро стандартларда модернизация қилишнинг қимматга тушишини айтади.

«Биринчи бўлиб¸ Самарқанд аэропорти уч йил ичида капитал таъмирдан чиқарилиши керак¸ чунки 2022 йили бу ерда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилади. Урганч ва Наманган аэропортини реконструкция қилишга 5 йил берилаяпти. Биргина Самарқанд аэропортини модернизация қилиш камида 300 миллион долларга тушиши мумкин. Очиғи¸ «Новапорт»нинг бунча инвестиция ëтқизишига кўзим етмаяпти. Самарқанд аэропортидан максимум фойдаланган тақдирда ҳам¸ бунча пулни яқин келажакда қайтариб олишнинг имкони йўқ. (Самарқанд аэропорти йилига 500 минг йўловчига хизмат кўрсатади – таҳр.) Бунинг орқасида жуда шубҳали схема борлигини тахмин қиламан¸ холос»¸ деган авиация мутахассиси¸ бу тахминларини ҳозирча очиқламасликни лозим топди.

«Новапорт»нинг асл мақсади ҳақидаги тахминлар

Россия нашрлари 2018 йили «Новапорт» компанияси ўз акцияларини қимматбаҳо қоғозлар биржасида очиқ савдога қўйишни режалаëтганини билдирган эди.

Бу хабар билан бир вақтда «Росавиация» раҳбари Александр Нерадько Иркутск янги аэропортини қуришга пул йўқлигини билдирди. Бу аэропорт қурилишини эса¸ «Новапорт» олган.

Озодлик гаплашган мутахассислар¸ «Новапорт»нинг Ўзбекистон аэропортлари бошқарувини олаëтгани хабарининг бу иккала жараëнга бевосита боғлиқлигини айтади.

«Новапорт» ўз акцияларини очиқ савдога чиқариш олдидан ўзини стратегик инвестор сифатида тақдим этиши керак. Авиация бизнеси¸ шундоқ ҳам турли можаролар домида қолаëтган ҳозирги пайтда бу осон иш эмас. Энди сиз¸ «Новапорт»нинг Ўзбекистондаги асосий аэропортлар¸ айниқса¸ Тошкент аэропортининг бошқарувчиси бўлиш эҳтимолини инобатга олинг. Масалан¸ ҳолдинг акцияларининг эҳтимолий харидорларига «Хитойдан Европага энг қисқа ҳаво йўли Ўзбекистондан ўтади¸ бу ҳаво йўлидаги аэропортлар эса¸ бизнинг назоартимизда»¸ деса бунинг эффекти қандай бўлишини тушуниш қийин эмас - акциялар нархи осмонга кўтарилади¸ улар миллионлаб долларлик қимматбаҳо қоғоз сотиб¸ чип-чиройлик даромад қилади. Қарзларини ëпишдан ташқари¸ яна қанча даромад ҳам кўриши мумкин»¸ дейди ўзбекистонлик аваиция мутахассиси.

Озодлик суҳбатлашган "Новапорт" расмийси¸ ҳолдингнинг қарзи ҳақидаги маълумотларни "асоссиз" деб атади¸ унинг акцияларини халқаро биржада очиқ савдога қўйиш жараëнининг ҳозирча тўхтатилгани ва ҳолдинг " қулай иқтисодий вазият туғилганда¸ бундай ҳаракат борасида қарор беражаги"ни таъкидлади.

"Монополия ва яширин келишувлардан воз кечиб¸ "Очиқ осмон" сиëсатига ўтиш керак!"

Озодлик суҳбатлашган мутахассислар¸ Ўзбекистон ҳукуматини ҳам авиация хавфсизлиги¸ ҳам мамлакат иқтисоди учун шубҳали бўлган бундай келишувлар ўрнига¸ мамлакат ҳаво ҳудуди сиëсатини тубдан ислоҳ қилишга чақирди.

«Ҳозир ҳукуматда ҳаво ҳудудини Ўзбекистонга учаман¸ деган ширкатларнинг ҳаммаси учун ҳалол ва очиқ қилиш керак. Шунда рақобат тузилади ва йўловчилар оқими кескин ошади. Бунинг ўрнига жорий ҳукумат яна шаффоф компанияларнинг киришига йўл бермаяпти¸ туризм инфраструктураси туғилишига тўсқинлик қилмоқда. Очиқ ҳаво сиëсати бошланмагунча¸ Ўзбекистонга фақат «Ўзбекистон ҳаво йўллари»¸ ëки асл эгаси ҳам¸ асл мақсади ҳам қоронғу шериклар учади¸ холос»¸ дейди Озодлик суҳбатлашган иккала мутахассис.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG