12 cентябрда Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида муфтий Усмонхон Алимов мамлакатдаги диний вазиятдан шикоят қилган Тошкентдаги “Омина” масжидининг собиқ имоми Фазлиддин Парпиевни ношукурликда айблади, деб хабар қилди мажлисда қатнашган икки имом бир-биридан мустақил равишда.
32 яшар Фазлиддин Парпиев 7 сентябрь куни президент Мирзиёевга видоемурожаат билан чиқиб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларини фуқароларининг диний эркинликларини поймол этаётганликда айблаган ва бир кун ўтиб ишдан ҳайдалган эди.
Имомларнинг Озодликка айтишича, Диний идоранинг йиғилишда чиқиш қилган бошқа вакиллари ҳам Усмонхон Алимов фикрларини қўллаб-қувватлаган.
Ўзбекистон имом-хатиблари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида қатнашганлардан яна бири томонидан яширинча ёзиб олинган аудиофайл Озодликка 13 сентябрь оқшомида келиб тушди.
"Мунофиқ имом, ўзингни бос!"
Аудиода видеоселекторга раислик қилган муфтий Усмонхон Алимовники эканлиги айтилаётган овоз эгаси мамлакат имомлари ичида мунофиқлари борлигини айтади:
"Ичимизда ўтирганлардан мунофиқлари бор. Мунофиқ имом, ўзингни бос. Ўзингни бос, бирор балога учрамагин. Биздан воз кечгин, ҳозир ҳам кеч эмас. Ичимизда ўтириб олиб, одамларнинг, имомларнинг, идорамиз устидан кулишинг ҳеч нарсага олиб келмайдиган иш бу"..
Фазлиддин Парпиевнинг президентга қилган шикоятини танқид қилган овоз эгаси уни "ношукур"ликда айблайди ва бундай имомлардан ўз жойларини бўшатиб қўйишни сўрайди:
"Минбардан чаённи чиқариб эмас, зиёни чиқариб ишлайдиган бўлсанг ишла! Ишламайдиган бўлсанг, катта йўл, марҳамат! Юртимизда бўлаётган бунақанги катта давлатнинг бераётган эътиборига ношукурлик билан қарамагин. Қарайсанми, марҳамат жойингни бўшатиб қўйгин".
"Омина" жоме масжидининг собиқ имоми Фазлиддин Парпиев ўзининг сўнгги хутбасида соқол ва ҳижоб борасида мусулмонларга бўлаётган тазйиқларни қоралаган, хутбадан бироз аввал эса, виждон эркинлигини таъминлашда ёрдам сўраб, президент Мирзиёевга видеомурожаат қилганди.
Бу чиқишидан бир кун ўтиб Фазлиддин Парпиев ишдан олинди.
Бу ҳолат эса, муфтий Усмонхон Алимовники, деб ишонилаётган овоз эгасига кўра, бошқаларга "сабоқ" бўлиши керак:
"Нега туман бош имом-хатибига, шаҳар бош имомига мурожаат қилмаган, нега Ўзбекистон мусулмонлари идорасига чиқмаган? Бу ҳолат бошқаларга сабоқ бўлсин. Ҳар ойда вилоят бош имом хатиби туман, шаҳар бош имомларини тергаб турсин. Ёзиб олинглар буни. Карвон кетаверади, одамлар акиллаб қолаверади".
"5 мингтамиз-ку ахир!"
Аудиофайлни Озодликка юборганларнинг айтишича, унда видеоселекторда чиқиш қилган Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдиновнинг ҳам овози бор.
Ўтган жума куни рўмол ҳақидаги фикрларига қарши чиққанларни "пахта теримига" чиқармоқчи бўлган Раҳматулло Сайфутдиновники, деб иддао қилинаётган овоз эгаси собиқ ҳамкасби Фазлиддин Парпиевни "хатога йўл қўйди" деб айблайди:
"Жайдари гап билан айтадиган бўлсак, имомликни кўтара олмади. Ишлаганига 1 ой бўлмасдан туриб, бутун республика имомлари номидан гапириб катта хатога йўл қўйди".
Овоз эгаси ижтимоий тармоқда диний идора ва алоҳида имомларга қарши танқидий фикрлар ва "таҳдидлар" кўпайиб бораётгани ва бундай таҳдидларга қарши бир бўлиб курашишга чақиради.
"Ижтимоий тармоқдаги барча, ғаразли фикр билдирувчилар сони, адади саноқлик. 10 та 20 тадан ошмайди. Аммо бизнинг сонимиз 5000 та деяпмиз. Нима учун ижтимоий тармоқдаги ғараз фикр эгалари, бизнинг раҳбаримизни ёки бизнинг муфтий ҳазратимизни ёки бирор бир имомни хоҳлаганча таҳдид қилса, бирор бир имом фикр билдирмайди. 5 мингтамиз-ку ахир. Нимага?!"
Озодлик аудиофайл мазмуни юзасидан пайдо бўлган саволларини бериш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан кун давомида боғланишга ҳаракат қилди, лекин идоранинг телефонларини кўтарган ходимлар саволни эшитдилару жавоб бермадилар.