Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:22

"Мачете" жанжали: ИИВ ходимлари устидан хизмат текшируви бошланди (ФОТО)


ИИВ ходимлари жароҳатлагани даъво қилинган 31 яшар Беҳзод Нуритдинов, 15 август, 2018 йил
ИИВ ходимлари жароҳатлагани даъво қилинган 31 яшар Беҳзод Нуритдинов, 15 август, 2018 йил

Тошкент шаҳар прокуратураси жиноят содир этганликда гумон қилиниб қўлга олинган шахсларни қийноққа солгани даъво қилинган ИИВ ходимлари устидан хизмат текшируви бошлади.

Шу йилнинг 11 августида "Спарк" ва "Жигули" автомобили ҳайдовчилари орасидаги можаро видеоси Telegram тармоғида тарқалган эди.

Бу можаро ортидан қўлга олинган шахслардан икки нафарининг яқинлари ҳибс ва тергов чоғидаги қийноқ қўлланганини даъво қилмоқда.

Прокуратура ўз назоратига олди

Ўзбекистон Бош прокуратураси 18 октябрь куни Озодликка берган маълумотга кўра, шу йилнинг августида Тошкентда содир бўлган ҳодиса ортидан қўзғатилган жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

"Шунингдек, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ш.Жўраевнинг онаси Д.Жўраева ва Б.Нуритдиновнинг акаси Д.Нуритдиновларнинг "Озодлик" ижтимоий тармоғи ва Ўзбекистон Республикаси Президенти халқ қабулхонасига қилган мурожаатлари кўриб чиқилаётган бўлиб, уларнинг мурожаатлари юзасидан Ички ишлар ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайёрланган, натижаларга кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади", дейилади Бош прокуратура Озодликка тақдим қилган жавобда.

Бу маълумотни тақдим қилган прокуратура расмийси эндиликда ишни Бош прокуратура ўз назоратига олгани, қонунийлик таъминланишини алоҳида таъкидлади.

Бош прокуратура тақдим қилган жавоб хати, 18 октябрь, 2018 йил
Бош прокуратура тақдим қилган жавоб хати, 18 октябрь, 2018 йил

Telegram тармоғида тарқалган видео

Шу йилнинг августида Telegram тармоғида бир неча йигит мачете пичоқ билан бир йигитни калтаклагани ҳамда машинага зўрлик билан ўтқазиб, номаълум манзилга олиб кетгани акс этган видео тарқалганди.

Мачете - қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган махсус пичоқ. Шундай пичоқ билан ҳужум қилганлар яқинларининг иддао қилишича, пичоқ темирдан эмас, балки пластикдан бўлган ўйинчоқ эди.

13 август куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси видеода акс этган ҳодиса шу йилнинг 11 августида шаҳарда содир бўлгани ва ҳодиса юзасидан 277-моддага асосан “безорилик” айби билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди.

Тез орада ҳодисада – жабрланувчи кўрилган 3, айбланувчи кўрилган 2 киши, шу жумладан, Шоҳрух Жўраев ва Беҳзод Нуритдиновлар қўлга олинди.

Бу икки шахс оғир жиноят содир этганликда гумон қилиниб, Тошкент шаҳар ИИББ тезкор гуруҳи томонидан қўлга олингани алоҳида хабар қилинди.

Ҳибсда қийноқ қўлланганига оид иддао

2 октябрь куни тергов доирасида ҳибсга олинган икки гумонланувчининг яқинлари Озодликка мурожаат қилганди.

Ҳозирда Зангиота туманидаги тергов изоляторида сақланаётган 27 яшар Шоҳрух Жўраевнинг онаси Дилором Жўраева ҳамда 31 яшар Беҳзод Нуритдиновнинг акаси Даврон Нуритдиновлар ИИВ ходимлари томонидан яқинлари калтакланганини даъво қилган.

Даврон Нуритдинов боши ёрилиб, қонга беланган ҳолда кишанланган укаси Беҳзод Нуритдинов суратини ҳам тақдим қилган.

- Укамнинг ўзидан сўрадим “ким сени бу аҳволга солди”, деб. “Милиция ходими ерда ётган ғиштни олиб бошимга урди”, деди. Ўшанда докторлардан “аҳволи оғирку касалхонага олиб бормайсизларми”, десам, “Олиб бориш керак, лекин ички ишлар ходимлари олиб кетишга рухсат бермаяпти” дейишди, - дейди Даврон Нуритдинов.

ИИВ ходимлари томонидан урилгани даъво қилинган 31 яшар Беҳзод Нуритдинов (сурат оила-аъзолари томонидан тақдим қилинган), 15 август, 2018 йил
ИИВ ходимлари томонидан урилгани даъво қилинган 31 яшар Беҳзод Нуритдинов (сурат оила-аъзолари томонидан тақдим қилинган), 15 август, 2018 йил

ИИББ раддияси

Аммо, 5 октябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ Беҳзод Нуритдинов бошидаги жароҳатларни ўзи содир этган транспорт ҳалокати ҳодисасида олганини айтиб, унга нисбатан қийноқ қўлланганига оид иддаоларни рад этди. Шунингдек бошқарма, бу расмий баёнотда, Шоҳрух Жўраевга қўлга олиш ва ҳибс чоғида қийноқ қўлланганига оид даъволарни ҳам инкор қилди.

Бошқарманинг маълум қилишича, аввалига безориликда гумон қилиниб, қидирувга берилган бу шахслар ҳозирда 164-моддасининг 3-қисми билан "босқинчилик"да айбланмоқда.

Аммо, 17 октябрь куни Озодлик билан гаплашган Дилором Жўраева ўғлининг қийноққа солинганига оид даъволарини яна такрорлади ва айни пайтда ИИВ ўғлини тиббий экспертизадан ўтказиш сўровини рад этаётганидан шикоят қилди.

Президент танқиди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимларининг инсон ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиши ҳақидаги шикоятлар¸ мамлакат президенти виртуал қабулхонасига тушаëтган шикоятларнинг каттагина қисмини ташкил этади.

Ўтган йил ноябр ойида ўтказилган ҳукумат мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Ички ишлар органларини қаттиқ танқид қилган эди.

"Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин. Лекин айрим жойларда уларнинг фаолияти одамлар эътирозига сабаб бўлмоқда. Айниқса мол-мулкка жиноий тажовуз каби салбий ҳолатларга тўлиқ чек қўйилмаган. Қасддан тан жароҳати етказиш, фирибгарлик, йўл-транспорт ҳодисалари камаймаган. Ички ишлар ходимларининг ўзлари қонунни бузиб турса, оддий халқ қаерга борсин?" деган эди Мирзиёев ўтган йил 11 ноябр кунги ҳукумат мажлисида.

Президент портали иш бошлаганидан кўп ўтмай эълон қилинган расмий статистикага кўра, 2016 йил сентябри охиридан 1 декабрга қадар келган 217 минг шикоятнинг 12 фоизи айнан Ички ишлар вазирлиги фаолияти билан боғлиқ.

(Ҳозирда pm.gov.uz сайтида халқдан тушаëтган аризалар моҳиятига оид статистика эълон қилиш тўхтатилган ва шу боис, 2018 йилги расмий рақамлар ҳақида маълумот йўқ.)

XS
SM
MD
LG