Олий Мажлис Сенати Кенгаши 13 августда қабул қилган ва кучга кирган қарорга биноан бундан буён тўйлар ва бошқа оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш билан фуқаролар йиғинлари ҳузурида тузиладиган комиссиялар шуғулланади.
Сенат Кенгашининг 13 августдаги қарори тўй-маъракалар юзасидан сўнгги 5 ойдан буён қабул қилинган учинчи қарордир.
Ўзбекистонда тўй-маъракаларни давлат томонидан тартибга солишга уринишларнинг Совет даврига бориб тақаладиган тарихини “бойитишга” Биринчи президент Ислом Каримов ҳам ҳисса қўшган эди. Мамлакатнинг амалдаги президенти эса, янги кампаниянинг ташаббусчиси бўлди.
"Сеп ёйди"ни ҳам, Love storyни ҳам тақиқламоқчи эдилар
Сенаторлар масалага нақадар жиддий ёндошганини тўйларга доир жорий йил мартида эълон қилинган Низом лойиҳасидаги мана бу банддан ҳис қилиш мумкин:
“Халқимизнинг миллий анъаналарига ёт бўлган, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир вақтидаги ва кейинги қўшимча, яъни “танишув”, “сеп ёйди”, “қуда таниш”, “ота кўрди”, “ота келди”, “чарлари”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “куёв навкари”, “келин навкари”, “келин салом”, “тоғора юбориш” ва шу каби бошқа тадбирларни ўтказиш ман этилади. Шунингдек, “пул қистириш”, “пул сочиш”, одобсиз шоулар, “севги тарихи” (“Love story”) каби ахлоқ-одобга зид бўлган бошқа ҳолатларга йўл қўйилмайди”.
Бу меъёр назарда тутилган Низом лойиҳаси Сенатнинг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Қарори лойиҳасига илова эди. 30 мартдан кучга киритилиши режалаштирилган бу лойиҳа таклиф қилинган кўринишда президент Мирзиёевнинг танқидига учраб, қабул қилинмади.
Натижада Сенат 30 мартда қабул қилган қарор мазмуни тубдан ўзгарди ва унинг асосида Республика ишчи гуруҳи томонидан оилавий тадбирларни тартибга солиш юзасидан кенг жамоатчилик фикри ўрганиладиган бўлди.
Орадан 3 ой ўтиб, 29 июнда Сенат қабул қилган иккинчи Қарор билан жойларда оилавий тадбирларни миллий ва диний қадриятларга мос ҳолда, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликсиз ўтказиш юзасидан доимий мониторинг юритиш тизимини йўлга қўйиш, мониторинг натижалари асосида тегишли ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, урф-одатлари ҳамда мавжуд шароитларидан келиб чиқиб, оилавий тадбирларни намунали ўтказиш билан боғлиқ масалаларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокама қилиб бориш назарда тутилди.
Сенатнинг 13 август кунги қарори эса, 29 июндаги “қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали ижро этилишини таъминлаш мақсадида” қабул қилиндики, бу ҳужжат билан тўйларни назорат қилиш масъулияти мамлакатдаги фуқаролар йиғинлари ҳузурида тузиладиган оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар зиммасига юклатилди.
Каримовдан Мирзиёевга ўтган "тўй бош оғриғи"
Мустақил Ўзбекистонда тўйларни тартибга солишга уринишлар тарихи Ислом Каримов даврига бориб тақалади.Бундан 20 йил олдин, 1998 йил, 28 октябрда Президент «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди.
Шундан сўнг расмийларнинг бу соҳадаги ҳаракатлари вақти-вақти билан, эсга тушиб кетганда ўтказиладиган кампанияларга айланди.
Масалан, Тошкент шаҳар ҳокими Р. Усмонов 2012 йил, 18 апрелдаги тўйларга оид қарорини қабул қилар экан, 4 йил олдинги фармонга таянган эди.
Худди шундай қарорни Тошкент шаҳар ҳокими Р. Усмонов ўтган йил августида ҳам қабул қилди.
Бу гал энди ҳокимнинг қарорига Президент Мирзиёвнинг тўйлар юзасидан ўтган йил, август бошида Тошкент шаҳри Олмазор туманига ташрифи чоғида билдирган фикрлари асос бўлди.
Ўшанда Президент: “Тасаввур қилинг, ойлиги йўқ, иши йўқ, шифохонага боришга, дори олишга пули йўқ одамга 20та машинада тўй қилган одам қандай кўринади? Ёқадими? Мен ўйлайман, ёқмайди. Адолатсиз. Ман-ман деган одамга битта савол: шу зўр тўй қилган одам ойлигига қила оладими? Энг оддий фуқаромиз ҳам сал ўзини тиклаб олсин. Уни, кечирасиз, оддий тилда айтганда, ғазабини келтирмайлик”, - деган эди.
Бу гаплардан 5 кун ўтиб, Тошкент ҳокими 2017 нинг 7 августида шаҳар маҳаллалари раҳбарлари билан уч соат давомида селектор йиғини ўтказиб, тўйларни ихчамлаштириш бўйича қатъий тартиб жорий этилганини билдирган эди.
Шундай қилиб, пойтахт ҳокими бундан бир йил муқаддам тўй ва бошқа маросимларга 300 кишидан ортиқ меҳмон чақиришни; келин-куёвнинг вальс тушишини, пул сочишни, гул отишини ҳамда торт кесишини тақиқлаб қўйди.
Ресторан чекловининг амалдаги кўриниши
Шуниси қизиқки, Тошкентдаги тўйхоналар (тўй ўтказишга мўлжалланган махсус заллар) эгалари ҳокимликнинг “меҳмонлар 300 кишидан ортмасин”, деган қарорини “300 кишидан кам бўлмасин”, деб тушуниб олган кўринади. Ушбу сатлардар ёзилаётган 17 август куни Озодлик билан боғланган тошкентликлардан бири укасининг тўйи учун тўйхонага буюртма бергани борганида “300 киши учун пул тўлайсиз, шартимиз шу”, деган жавобни эшитган.
Айни пайтда тўйхоналар эгаларининг ҳам ўз мантиғи бор. Жорий йилнинг мартида Озодлик билан суҳбатда тўйхоналардан бири бошқарувчиси Сенат меҳмонлар сонини чеклаш ҳақида қарор чиқарар бўлса, тўй ва маросимлар учун киши бошига тўланадиган нархнинг ошиши муқаррарлигини айтган эди:
- Электр учун¸ сув ва газ учун тўловлар бир неча бараварга ошди. Мулк солиғи ошди. Меҳмонлар сонидан қатъиназар¸ бу чиқимларни маросим харажатига қўшишга мажбурмиз. 500 кишига сочилган аренда харажати¸ энди 150 одамга тақсимланади. Нарх ошади-да¸ албатта. Меню нархини эса¸ тўйга яқин қолганда¸ бозорга қараб ҳисоблаб берамиз.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ўтган йилги қарорига қайтамиз
Ҳокимлик яна бир қатор чекловларни, жумладан никоҳ маросимида фойдаланиладиган енгил машиналар сонини чеклаш, овозкучайтиргичларни пасайтириш ва шунга ўхшаш бошқа қатор чекловлар жорий этган эди. Шунингдек, дин хизматчиларига келин-куёнинг никоҳи ҳам фақат ФҲДЁ қайдидан кейин ўқилиши лозимлиги уқтирилганди.
- Янги тартибга мувофиқ, ФҲДЁ идоралари томонидан никоҳланувчи ёшлар ариза топшириш вақтида яшаш жойларидан, маҳаллалардан маълумотнома олиш талаб қилинади. Никоҳ фақат рўйхатдан ўтган имом-хатиб томонидан ўқилиши керак, - деган эди мажлисда қатнашган маҳалла раисларидан бири.
Мирзиёев давлат амалдорларига тўйга боришни тақиқлади
Президент Мирзиёев жорий йилнинг эрта баҳорида тўйлар мавзуига яна қайтди. 2 март куни Озодлик почтасига келиб тушган аудиофайлда Шавкат Мирзиëев "эртага Сенат"нинг давлат амалдорларининг тўй-ҳашамларига боришини тақиқловчи қарори чиқажагини билдирган. https://www.ozodlik.org/a/navoiy-prezident-toy-taqiq/29075428.html
Аудиодаги гаплари мантиғидан уларнинг 27 февраль куни импорт -экспорт масалаларига бағишлаб Тошкентда ўтказилган видеоселекторда айтилганини тахмин қилиш мумкин.
Раҳбарларга "тарихда бўлмаган уй¸ машина ва бошқа шароитларни қилиб бергани" ҳақида гапира туриб Президент¸ уларни адолатсизлик ва коррупцияга тортаëтган сабаблардан бири тўй-ҳашамлар деган маънода¸ ана шу тадбирларни тартибга солиш ҳақида гапиришга ўтади:
- Мана эртага қарор чиқади¸ Бош вазирдан¸ ҳокимдан бошлаб ижроия органи вакилларининг тўй-маросимларга бориши ман этилади. Чойхоналарда давлат машинасини кўрган куним¸ ўшаларни ишдан олиб ташлайман¸ жазолайман.
Президентнинг шу гаплардан кўп ўтмай, Сенатнинг тўйларга оид биринчи қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Тўйларни тартибга солиш ишига нафақат сенаторлару ҳокимлар, балки бошқа структуралар ҳам ўз ҳиссасини қўшишга шошилди.
Тўй тўсган ёшлар етакчиси
Ёшлар Иттифоқ раиси, сенатор Қаҳрамон Қуронбоевнинг шу йил 7 июнь куни Наманганда тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвни таксига ўтқазиб юборгани бутун республикада шов-шув бўлди.
Қуронбоевнинг бундай ошиғич “тиришқоқлиги” Президент Мирзиёвнинг ҳам ғашини келтирганга ўхшайди, ҳар ҳолда Фарғона вилоятида ўтган видеоселектор йиғилиши давомида Қуронбоевнингномини тилга олмаган ҳолда, Президент бундай деган эди:
"Тўйларни йўлда тўхтатгандан кўра, сенга ўхшаган ёшларнинг катталари, дунёқарашларингни ўзгартиринглар. Мен тўй масаласини, у бир йилда бўлмайди, нима учун чўзяпман, муҳит пайдо бўлиши керак олдин. Президент айтди деб тўйни тўхтатиш, бу Президентга хиёнат".
Тўйга чақириладиган хонандалар ва айтиладиган қўшиқлар рўйхати
5 июль куни "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси "тўйларга борадиган санъаткорларнинг имтиëзли нархга эга рўйхати"ни эълон қилди.
"Тўйларни ихчамлаштириш ва халққа енгиллик яратиш" мақсадида тузилгани айтилган бу рўйхатга кирган ашулачи ва гуруҳларнинг "ош тадбирлари ва тўй ва юбилейлар"га неча пулга бориши аниқ белгилаб қўйилган.
Ошга бориш 500 мингдан 800 минггача¸ тўйга бориши 800 мингдан 1¸5 миллион сўмгача қилиб белгиланган рўйхатда ўзбекистонликлар орасида танилган бирор санъаткор ëки гуруҳ йўқ.
Ва ниҳоят 2 августда, Президент Тошкентнинг Олмазор туманида илк бор тўйлар ҳақида гапирганидан роппа-роса 1 йил ўтиб, “Ўзбекконцерт” давлат муассаси тўйларда айтиладиган қўшиқлар рўйхатини тузиш ташаббуси билан чиқди.
Децентрализация?
Бу ташаббусдан 11 кун ўтиб эса, Олий Мажлис Сенати Кенгаши тўйларни тартибга солиш ваколатини фуқаролар йиғинлари ҳузурида тузиладиган комиссияларга ўтказиб берди, яъни “муаммони” децентрализациялади.
Бу децентрализация либераллашувга олиб борадими ёки аксинча, тўйлар репрессиясини кучайтирадими – ҳозирча бир нарса дейиш қийин.
Айни пайтда...
Тўй-маъракаларни давлатнинг аралашуви Ўзбекистонинг баъзи қўшниларида ҳам мавжуд.
Тожикистон Дин қўмитаси 13 август куни чиқарган қарорга кўра, Қурбон байрамида қиммат дастурхон ëзган фуқаролар 5 минг сомоний ёки 550 доллар миқдорида жаримага тортилади.
Бу мамлакатда 2007 йили қабул қилинган “Урф-одат ва тўй- маъракаларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонун билан билан маросимга чақириладиган меҳмонлар сонидан тортиб сарфланадиган ҳаражатларгача чеклаб қўйилган.